Мулоқот чоғида вазир Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг асосий экологик ташаббуслари, жумладан, 2025 йилнинг «Атроф-муҳитни асраш ва «яшил иқтисодиёт» йили» деб эълон қилиниши, Иқлим кенгаши ва Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлигининг тузилиши, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси, Орол денгизи тубида 2 миллион гектар майдонда ўрмон барпо этиш ва бошқа ташаббусларни тақдим этди.
Учрашувда асосий масала GGGI билан икки томонлама ҳамкорлик бўлиб, унинг доирасида яшил ўсиш индексида Ўзбекистон рейтингини ошириш, молиявий механизмларни таъминлаш бўйича институционал салоҳиятни кучайтириш, барқарор лойиҳаларга халқаро инвестицияларни жалб қилиш, «Экофаол фуқаро» ва «Экологик суғурта» дастурларини қўллаб-қувватлаш ва бошқа масалалар муҳокама қилинди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон томони GGGI вакилларини 2025 йилда бўлиб ўтадиган қуйидаги йирик экологик тадбирларга таклиф қилди: CITES конвенцияси иштирокчилари конференциясининг 20-йиғилиши (24 ноябрь – 5 декабрь), Биринчи Самарқанд иқлим форуми (4–5 апрель) ва Атроф-муҳит технологиялари халқаро кўргазмаси (Eco Expo Central Asia).
Учрашув якунида вазирлик ва ГГГИ ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича келишувга эришилди. Хусусан, томонлар экологик лойиҳаларнинг инвестицион жозибадорлигини ошириш, «яшил» молиялаштириш механизмларини ишлаб чиқиш ва барқарор ривожланиш соҳасида илғор ечимларни амалга ошириш бўйича ҳамкорликни давом эттиради.








