Бу Ўзбекистон ва Глобал Яшил ривожланиш институти (GGGI) ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга бағишланган тадбирнинг асосий воқеасига айланди.
GGGI кенгашининг амалдаги раиси Пан Ги Муннинг нутқи талабалар, давлат идоралари ва халқаро ташкилотлар вакилларини жамлади.
Пан Ги Мун ўз мурожаатида иқлим ўзгариши замонамизнинг энг жиддий ва долзарб таҳдиди эканини таъкидлади.
«Агар биз бу муаммони тўғри ҳал қилмасак, инсониятнинг, Ер сайёрасининг келажаги бўлмайди», — деди у.
Пан Ги Мун навқирон авлодни глобал муаммоларни ҳал қилишда етакчилик қилишга чақирар экан, барқарор ривожланишга фақат давлатлар, институтлар ва фуқаролик жамияти саъй-ҳаракатларини бирлаштириш орқали эришиш мумкинлигини таъкидлади.
Пан Ги Мун ўзининг «Бўлинган дунёда миллатларни бирлаштириш: консенсус сари оғир йўл» номли китобига алоҳида эътибор қаратди, унда ўз йўли ва фалсафаси батафсил очиб берилган.
«Ушбу китобни ёзар эканман, мен нафақат ўз ҳикоямни, балки ўнлаб йиллик меҳнатларим давомида олган сабоқларимни ҳам етказмоқчи бўлдим: биз бирлашганда кучлироқ, бўлинганда эса кучсизмиз», — деди у.
Пан Ги Мун Ўзбекистон ҳақида гапирар экан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга узоқни кўрувчи раҳбарлиги ва фаол экологик сиёсати учун миннатдорлик билдирди. У Ўзбекистон ва GGGI ўртасидаги ҳамкорлик янада яшил ва барқарор келажак қуриш учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилишини таъкидлади. Шунингдек, иқлим ўзгаришига қарши курашда самарали минтақавий ҳамкорлик намунаси сифатида Марказий Осиё давлатлари ва Европа Иттифоқининг Самарқанд иқлим форумида иштирок этиши муҳимлигини алоҳида таъкидлади.
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири ўринбосари Жусипбек Казбеков ўз нутқида бугунги йиғилиш шунчаки тантанали тадбир эмас, балки Ўзбекистон барқарор ривожланишга интилаётганининг тасдиғи эканини таъкидлади.
«Яшил иқтисодиётга ўтиш нафақат экологик зарурат, балки «Ўзбекистон – 2030» стратегиясида ҳамда 2025 йилни «Атроф-муҳитни асраш ва «яшил иқтисодиёт» йили» деб эълон қилиш тўғрисидаги қарорда ўз ифодасини топган стратегик танловимиздир», — деди у.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси ўринбосари Рустам Сапарбоев эса Ўзбекистонда экологик инқироз тимсолига айланган, аммо бугунги кунда умид ва барқарор тикланиш хусусиятларига эга бўлаётган Оролбўйи минтақасини тиклаш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишларга тўхталди. Р.Сапарбоев, шунингдек, Пан Ги Мунга Оролбўйи келажаги бўйича халқаро форумни ўтказишни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, ушбу ноёб минтақани сақлаб қолиш учун халқаро ҳамжамият саъй-ҳаракатларини бирлаштира оладиган кенг қамровли ҳужжат – «Оролбўйи минтақаси учун яшил пакт»ни яратишга кўмаклашишни сўради.
Тадбир дастуридан GGGIнинг Ўзбекистондаги жорий ва келажакдаги ҳамкорлик ташаббуслари тақдимоти ҳам ўрин олди. Орол денгизи инқирози оқибатларини бартараф этишга қаратилган Қорақалпоғистон Республикаси учун якунланган «Aral Sea GRIP» инвестиция лойиҳаси, Тошқин ва қурғоқчиликни бошқариш лойиҳаси, Ҳамкорлик бўйича мамлакат дастури ва «Стратегик экологик баҳолаш (СЭБ) бўйича пилот лойиҳани амалга оширишни қўллаб-қувватлаш» дастури шулар жумласидандир.
Тадбир давомида экологик офат оқибатларини бартараф этишда барқарор ёндашувнинг ёрқин намунасига айланган «Aral Sea GRIP» лойиҳасининг асосий ютуқлари алоҳида таъкидланди. Ташаббус бошланган 2021 йилдан буён KOICA кўмагида йигирмадан ортиқ таҳлилий-методик материаллар тайёрлаш, 17 мингдан ортиқ мактаб ўқувчилари, аёллар ва эркаклар иштирокида кенг кўламли маърифий ишларни олиб бориш, 250 миллиондан ортиқ аҳолини қамраб олган кенг кўламли ахборот кампаниясини амалга ошириш имконияти яратилди.
Тадбир якунида барқарор ривожланиш давлатлар, халқаро ташкилотлар ва фуқаролик жамияти томонидан келишилган ва қатъий ҳаракатларни талаб этиши таъкидланди. GGGI Ўзбекистоннинг яшил кун тартибини амалга оширишда, жумладан, иқлимни молиялаштириш механизмларини кенгайтириш, тоза энергия лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ва илғор экологик технологияларни жорий этишда фаол иштирок этишга содиқлигини тасдиқлади, деб хабар беради Экология, атроф-муҳит ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот хизмати.








