Ўзбекистон элчиси Нодиржон Турғунов Саудия Арабистони атроф-муҳит, сув ва қишлоқ хўжалиги вазири Абдулраҳмон бин Абдулмўҳсин Ал-Фадли билан учрашди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА.
Учрашув аввалида Саудия томонига Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги тармоғидаги инвестицион салоҳияти, яратилган имкониятлар, давлат томонидан инвесторларга берилган имтиёзлар ҳақида тўлиқ маълумот берилди.
Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни йўлга қўйиш, ушбу мамлакатнинг етакчи қишлоқ хўжалиги компанияларини мамлакатимиздаги инвестициявий лойиҳаларни амалга оширишга жалб қилиш масалалари кўриб чиқилди.
Томонлар Саудия компанияларнинг қишлоқ хўжалиги соҳасидаги замонавий технологияларини Ўзбекистонга олиб кириш, мамлакатимизда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти ҳажмини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар.
Шунингдек, миллий маҳсулотлар экспорт номенклатурасини кенгайтириш, ўзбек тадбиркорлари ва фермерлари томонидан етиштириладиган ҳўл ва қуритилган мевалар, асал ва бошқа турдаги маҳсулотларни Саудия бозорига олиб кириш мақсадида Ар-Риёд шаҳрида 21-24 октябрь кунлари ўтказиладиган "Saudi Agriculture 2024" кўргазмасида уларнинг иштирокини ташкил этиш имкониятлари муҳокама қилинди. Мазкур кўргазмада ўзбек компаниялари ўз маҳсулотлари ва инновацион ечимларини намойиш қилиш орқали Саудия Арабистони бозорига кириш имкониятларини оширишлари мумкин бўлади.
Учрашув якунида томонлар мазкур жабҳада икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлаш ва савдо ҳажмини оширишга қаратилган аниқ қадамларни белгилаш бўйича келишувга эришдилар.