Унда Европа Иттифоқининг 28 та аъзо мамлакати ва биринчи марта Ўзбекистон Республикаси иштирок этди. Мамлакатамиз номидан тадбирда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги (ИССВ) делегацияси қатнашди.
Учрашувда ўзбек делегацияси 2021 йилда GSP+ бенефициар мақомини олганидан буён амалга оширилган ишлар натижаларини тақдим этди. Қайд этилишича, ушбу давр мобайнида Европа Иттифоқига экспорт қарийб уч бараварга ошиб, 1,15 миллиард долларга етган. Шунингдек, 6 200 дан ортиқ имтиёзли товар туридан 1 100 га яқин маҳсулот, жумладан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, тўқимачилик, электротехника ва кимё маҳсулотлари учун барқарор экспорт йўлга қўйилган.
Ўзбекистоннинг улкан экспорт салоҳиятини инобатга олган ҳолда, делегация GSP+ доирасида имтиёзли товарлар рўйхатини янги узилган мевалар ва сабзавотлар билан кенгайтиришни таклиф қилди. Шунингдек, мавсумий экспорт квоталарини қайта кўриб чиқиб, уларнинг муддатини узайтиришни тавсия этди. Бу маҳсулотлар етказиб бериш барқарорлигини таъминлаб, Европа бозорида ўзбек товарларининг рақобатбардошлигини оширишга ёрдам беради.
Бундан ташқари, ИССВ вакиллари GSP+ имтиёзли режими амал қилиш муддатини яна 10 йилга узайтириш таклифи билан чиқди. Бу эришилган натижаларни мустаҳкамлаш ва Европа Иттифоқи билан узоқ муддатли иқтисодий алоқаларни ривожлантириш учун шароит яратади.
Ташриф доирасида делегация Европа Комиссиясининг савдо ва халқаро ҳамкорлик департаментлари раҳбарлари билан учрашувлар ўтказди.
Конструктив суҳбат давомида ўзбек товарларининг Европа бозорига кириш шартларини яхшилаш масалалари, жумладан, прокатланган металл маҳсулотлари учун импорт квоталарини қайта кўриб чиқиш ва ўзбек маҳсулотларини Европа стандартларига мослаштириш учун ЕИ томонидан техник кўмак жалб этиш масалалари муҳокама этилди.
Ҳар икки томон ҳам музокаралар натижалари Ўзбекистоннинг GSP+ доирасидаги манфаатларини илгари суриш ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлганини таъкидлади, деб хабар беради Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати.