11 ноябрь, сешанба куни тушдан кейин Покистон пойтахти Исломободда содир бўлган худкушлик ҳужуми камида 12 кишининг ҳаётига зомин бўлди ва 27 киши жароҳатланди. Бу ҳақда Ички ишлар вазири Моҳсин Нақви журналистларга маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, террорчи дастлаб пойтахт суд биносига киришга уринган, аммо “бундай қила олмаган, бинонинг автотураргоҳида полиция машинасига ҳужум қилган”. Полициянинг айтишича, портлаш қурбонлари асосан ўтиб кетаётган ёки суд мажлисларига келган одамлар бўлган.
“Биз бу ҳодисани турли нуқтаи назардан текширмоқдамиз. Бу шунчаки навбатдаги бир портлаш эмас. Бу айнан Исломободда содир бўлди”, деди ички ишлар вазири. “Кимки алоқадор бўлса, маҳаллий аҳолими ёки бошқа давлатлар фуқаролари жазосиз қолмайди”.
Покистон Толибонлари ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олди
Нақви портлаш ортида Толибон ва Ҳиндистон билан алоқадор жангарилар турганини тахмин қилди. Кейинчалик, AP агентлиги хабарига кўра, Покистон Толибонининг бўлиниб кетган гуруҳи бўлган Жамоат-ул-Аҳрар гуруҳи ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олди.
10 ноябрь куни кечқурун Покистон разведка агентликлари Афғонистон яқинидаги Хайбер Пахтунхва вилоятидаги армия коллежида жангариларнинг курсантларни гаровга олишга уринишининг олдини олганликларини хабар қилишди. Таълим муассасасига худкуш террорчи ва яна беш киши ҳужум қилгани айтилди.
Покистон расмийлари ҳужум учун Афғонистон-Покистон чегарасида фаолият юритувчи жангари гуруҳ “Техрик-и-Толибон Покистон”ни айблашди, аммо жангариларнинг ўзлари бунга алоқадорликларини рад этишди. Гуруҳ вакили ҳам Исломободдаги портлашга алоқадорлигини рад этди, деб хабар берди dw.com.








