Жорий йил октябрь ойида «Jizzax Organic» миллий кластери Россия ва АҚШдан 5 минг бош юқори зотли қорамоллар олиб келишни режалаштирган. Ангусс ва герефорд зотли ғунажинлар импорти эса Ўзбекистонда саноат усулида гўштнинг мармар мол гўштидек тансиқ навини ишлаб чиқарилишини бошлаб беради.
Ушбу лойиҳа бўйича умумий инвестициялар ҳажми 55 миллион долларни ташкил қилади. Шундан 18 миллион доллари она сигирлар галасини сотиб олишга йўналтирилади.
— Мармар мол гўшти олиш учун новвослар ва сигирларни етиштириш жараёни технологияларга қатъий риоя қилинган ҳолда олиб борилиши зарур, — деб тушунтиради «Jizzax Organic» МЧЖ директори Ҳикматилла Каримов. — Кузда олиб келинадиган ғунажинлар 2-5 ойдан сўнг насл беради. Бузоқлар 8 ойгача онасининг ёнида бўлиб, она сути билан бирга максимал вазн тўплаш учун керакли минераллар ва витаминлар билан озиқланади. Шундан кейин яна 8 ойдан 16 ойгача дон ва маккажўхори билан бўрдоқига боқилади. Бу эса гўштнинг керакли мармарлик коэффициентига эришиш имконини беради. Шу тарзда, 2022 йилда мамлакатимизда етиштирилган қорамолдан биринчи мармар гўшти олинади.
2020 йил октябрь ойигача новвосларни бўрдоқига боқиш майдони (фидлот) ва иккита қишки ғунажинлар тураргоҳи қурилиши якунланади. Мазкур объектлар Австралиянинг «Thompson Longhorn» компанияси томонидан лойиҳалаштирилган. Фидлот ва қишки тураргоҳларда ҳайвонларни қулай ўстириш учун барча шарт-шароитлар: суғориш учун сувни иситиш ва меъёрлаштириб узатиш механизмларига эга артезиан қудуқлари, ем-хашак столлари, автоматик озиқлантириш тизимлари, шамолдан ҳимоялаш, қуёшдан ҳимоялаш воситалари ва бошқа кўплаб қулайликлар назарда тутилган.
— Фидлот 20 минг бош қорамол боқишга мўлжалланган, — дейди кластер директори. — Уни тўлиқ қувватда юклаш учун, «Jizzax Organic» фермерларга мўлжалланган дастурни ишга туширади. Фермер хўжаликлари юқори зотли ғунажинларни сотиб олиб, насл беришини кутиб, 8 ойдан сўнг новвосларни кластеримизга адолатли нархда сотиши мумкин. Сотиб олинган бузоқларни биз мармар гўшт олишга мўлжалланган махсус технология асосида бўрдоқига боқишни давом эттирамиз.
Жиззахдаги кластер Ўзбекистонда тўлиқ циклли ишлаб чиқаришга эга биринчи компанияга айланади, деб хабар беради Жиззах вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати.









