Ўзбекистонда озиқ-овқат радиацион нурлантириш орқали қайта ишланади

    Мамлакатимизда илк бор кўп тармоқли Нурлантириш маркази ташкил этилмоқда ва у 2023 йилда иш бошлаши режалаштирилган.

    БМТ маълумотларига кўра, жаҳонда етиштириладиган озиқ-овқат маҳсулотларининг учдан бир қисми ташиш ва сақлаш вақтида сифатини йўқотиб, яроқсиз ҳолга келади. Бу дунё аҳолисининг ўндан бири етарлича озиқ-овқат билан таъминланмаётган бугунги шароитда катта йўқотишдир.

    Хўш, маҳсулотларнинг фойдали хусусиятлари ва саломатлик учун хавфсизлигини кафолатлаган ҳолда, уларни сақлаш муддатини икки, уч, ҳатто, ўн баробарга узайтириш мумкинми? Мутахассислар бунга ҳа, албатта, дея жавоб бермоқда. Кўплаб давлатларда, аллақачон, маҳсулотларни узоқ вақт сақлашда кимёвий ёки музлатиш усулларидан анча самарали, хавфсиз ва замонавий бўлган тинч атом технологияларидан фойдаланиляпти.

    Яъни, озиқ-овқат маҳсулотлари ионлаштирувчи нурланиш ёрдамида қайта ишланиб, уларнинг таркибидаги тез чиришига сабаб бўлувчи зарарли замбуруғ споралари, бактерия колониялари, паразит ва ҳашаротлар 99 фоизгача йўқ қилинади. Бу маҳсулотларнинг таъми ва хушбўйлигини ўзгартирмаган ҳолда сақлаш муддатини бир неча бор ошириш имконини беради. Шу усулда қайта ишланган тиббиёт ускуналаридан эса одамлар учун хавфсиз бўлган радиация билан даволашда фойдаланиляпти.

    Ўзбекистон келаси йилдан саноат миқёсида истеъмол махсулотлари ва тиббий воситаларни радиацион технологиялар ёрдамида қайта ишлайдиган давлатлар қаторига қўшилиш арафасида. Гап шундаки, мамлакатимизда илк бор кўп тармоқли Нурлантириш маркази ташкил этилмоқда ва у 2023 йилда иш бошлаши режалаштирилган. Лойиҳа Ўзбекистоннинг “Gatter Group” компанияси ҳамда Россиянинг “Росатом” корпорацияси билан ҳамкорликда амалга ошириляпти. Марказни ишга тушириш, қолаверса, унинг фаолияти, илмий тадқиқотларида Ўзбекистон Фанлар Академияси қошидаги Ядро физикаси институти асосий роль ўйнайди.

    — Тиббий асбоб-ускуналар ва маҳсулотларни стерилизация қилиш мақсадида радиация билан нурлантириш усули Ўзбекистон учун янгилик эмас, — дейди Ўзбекистон Фанлар Академияси қошидаги Ядро физикаси институти катта илмий ходими Нормамат Исматов. — Бу борада 15 йилдан ортиқ вақт давомида илмий-тадқиқот ишлари давом этиб келяпти. Ҳатто, пандемия даврида бу кимёвий усулга нисбатан долзарб ва анча афзал эканига ҳам ишонч ҳосил қилдик. Аммо мамлакатимизда озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлашда радиацион технологиялар ҳали қўлланилмаган. Ваҳоланки, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришда етакчи давлатлар қаторида турадиган Ўзбекистонда уларни юқоридаги замонавий усулда дезинфекция қилишни йўлга қўйиш яхши натижа беради. Технология ёрдамида озиқ-овқат экспорти ҳажми сезиларли равишда ошади. Бу ўз-ўзидан, Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган қишлоқ хўжалигини илмий асосда интенсив ривожлантириш орқали соҳада йиллик ўсишни камида 5 фоизга етказиш мақсадларига хизмат қилади.

    Мутахассиснинг айтишича, янги технология қатор афзалликларга эга. Истеъмол махсулотларини радиациявий нурлантиришда гамма ва рентген нурларидан, шунингдек, 7.5 МэВ (мегаэлектронвольт) энергияга эга электронлардан фойдаланилади. Бунда энергия сарфи ва шунга мос равишда нурланиш нархининг камлиги, озиқ-овқат консервантлари ва фумигантлардан фойдаланилмаслиги, иситишнинг йўқлиги, ўрамдаги маҳсулотларни тўғридан-тўғри қайта ишлаш имконияти, юқори маҳсулдорлик, биокимёвий кўрсаткичлар ва уларнинг озуқавий хусусиятларини сақлаб қолиш, асосийси, маҳсулотни узоқ вақт сақлаш имкони мавжуд. Қолаверса, озиқ-овқат махсулотлари таркибидаги оқсил, ёғ ва углеводлар, шунингдек, аминокислоталар, минерал ва кўплаб витаминлар 10 кГр доза билан нурлантирилганда ҳам ўз хусусиятини йўқотмайди.

    Ушбу усулнинг яна бир афзаллиги, “газсизлантириш” жараёнининг йўқлигидир. Бу маҳсулотларнинг қайта ишлашдан сўнг дарҳол фойдаланишга тайёрлигини англатади. Технологиянинг барча сақлаш шартларига амал қилинган холатда, маҳсулот экспорт жараёни бошидан то белгиланган манзилга етказилиб, дўкон расталарига қўйилгунига қадар ўз яроқлилигини йўқотмайди. Мутахассислар буни бирор маҳсулот мисолида янада аниқроқ тушунтиради: агар қайта ишланмаган помидор 0 дан 4 градусгача бўлган хароратда кўпи билан 10 кунгача сақланса, уларни ионли нурлантиргандан сўнг сақлаш муддати 10 баробаргача узаяди. Шу усулда қайта ишланган қулупнайнинг сақлаш муддати икки баравар, қизил гўштники ўн, балиқники эса уч бараварга ортади ва ҳоказо.

    Лойиҳа доирасида мазкур замонавий усул тиббиёт соҳасига ҳам жадал кириб боради. Ядро физикаси институти маълумотларига кўра, бугунги кунда республикада 150 дан ортиқ корхона 2 мингга яқин тиббий буюмлар ва дори воситалари ишлаб чиқаради. Мазкур фармацевтика ускуналарининг аксарияти юқори сифатли ва саноат миқёсида стерилизация қилишни талаб этади. Кўп тармоқли Нурлантириш маркази эса ана шу эҳтиёжни қоплайди.

    ИОН НУРЛАРИ ЗАРАРСИЗ(МИ)?

    БМТнинг дунёда очарчиликка барҳам бериш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва сифатини яхшилаш, қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга кўмаклашиш каби барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда атом технологияларидан фойдаланиш ёрдам бериши айтилмоқда. Ионлаштирувчи нурлантириш орқали маҳсулотларни узоқ вақтгача сақлаш ва инсон саломатлигини тиклашда радиацион нурланишдан фойдаланиш самарали экани яхши албатта. Аммо масаланинг бошқа томони ҳам бор. Яъни, бизни ўйлантираётгани, атом нурларининг инсон саломатлигига таъсири қандай бўлади? Бундай нурларнинг зарарли таъсири борасидаги инсонларнинг фикри қанчалик ўринли?

    — Ҳамма гап белгиланган меъёр ва талабларга риоя этишда, — дейди Нормамат Исматов. — Масалан, турли касалликларни радиоактив нурланиш билан даволаш ядровий тиббиёт дейилиб, бу замонавий тиббиётнинг энг инновацион ва ривожланиб бораётган тури ҳисобланади. Яъни, олимлар радиациядан инсонлар манфаати учун фойдаланишни ўрганган ва бу барча хавфсизлик қоидалари ҳамда протоколлари асосида амалга оширилувчи зарарли бўлмаган усулдир. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва тиббиёт буюмларини ионлаштирувчи нурланиш билан қайта ишлашнинг афзалликлари ва хавфсизлигига келсак, бу БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ҳамда Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (МАГАТЭ) томонидан тасдиқланган. Дунё олимлари бу бўйича халқаро лойиҳа доирасида 24 давлатнинг етакчи илмий марказларида ўтказилган 10 йиллик кенг кўламли тадқиқотлар натижалари асосида ижобий хулосага келган. Қолаверса, маҳсулотларни радиациявий қайта ишлаш технологияси инсон организми ва табиат учун зарарсиз экани жаҳоннинг етакчи эксперт ташкилотларининг мустақил тадқиқотларида ҳам ўз исботини топиб келяпти.

    Атом энергияси бўйича халқаро агентлик маълумотларига кўра, дунёда 220 дан ортиқ Нурлантириш марказлари фаолият юритади. Бугунги кунда 60 дан зиёд мамлакатда умумий миқдори 800 000 тоннадан юқори бўлган 90 турдаги озиқ-овқат махсулотлари радиацион нурлантириш усули орқали қайта ишланади. Биргина қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини радиациявий қайта ишлаш учун 500 дан ортиқ ускуналардан фойдаланилмоқда.

    Кўп тармоқли Нурлантириш маркази ишга тушгач, мамлакатимизда йилига 70 минг тоннадан ортиқ мева-сабзавот ва 7 минг тонна тиббий маҳсулотларни қайта ишлаш мўлжалланган. Бу марказ “Росатом” компаниясининг хориждаги ушбу соҳа бўйича биринчи лойиҳасидир. Шундай марказларнинг энг биринчиси Россиядаги Обнинск шаҳрида қурилган бўлса, иккинчиси 2016 йилда Литкарино шаҳрида бунёд этилган.

    Ҳозирги кунда томонлар имзолаган ҳамкорлик келишуви асосида комплекс учун ер майдони танланиб, технологик ускуналар тайёрланмоқда. Ядро физикаси институти олимлари радиациявий қайта ишлаш учун меъёрий-ҳуқуқий базани ишлаб чиқяпти. Маҳсулот ва асбобларни стерилизация қилиш учун радиация дозаси ва нурланишдан ҳимоя қилишнинг самарали қалинлигини таъминлаш бўйича махсус ҳисоб-китоблар олиб борилмоқда. Олдинда янги технология бўйича стандартларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш, кадрлар тайёрлаш бўйича кенг кўламдаги ишлар турибди.

    Барча жараёнлар якунига етгач, юртимизда илк кўп тармоқли Нурлантириш маркази иш бошлайди. Мажмуа озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг янги усуллари бўйича илмий тадқиқотлар олиб боришда ҳам муҳим марказга айланиши кутилмоқда.

    Ирода ТОШМАТОВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates