Ташриф доирасида олимлар, мутахассислар, қишлоқ хўжалиги корхоналари вакиллари учун «Қишлоқ хўжалиги чорвачилик ва паррандачилигини озиқлантиришнинг инновацион усуллари» мавзусида амалий семинар ташкил этилди.
Шунингдек Жиззах, Сирдарё, Қашқадарё, Сурхондарё ва Наманган вилоятлари инновацион ривожланаётган Дўстлик, Сирдарё, Нишон ва Олтинсой туманларига ташриф буюриб, инновацион технологияларни жорий қилиш ҳамда инвестиция киритиш бўйича ўзаро манфаатли келишув ва битимлар имзоланиши кутилмоқда.
Маълумот учун: «AGROFEED» (Венгрия) паррандачилик, чорвачилик, қуёнчилик ва балиқчилик учун кўп витаминли ва минералли премиксларни ишлаб чиқарувчи таниқли компания ҳисобланади. Компания Европа, Яқин Шарқ ва Шимолий Африканинг 20 дан ортиқ мамлакат бозорларида ўз маҳсулотлари билан қатнашиб келмоқда. Шунингдек, қишлоқ хўжалигининг бошқа соҳаларини ривожлантириш бўйича илғор компаниялардан бири ҳисобланади.
Ахтам Далиев, Инновацион ривожланиш вазирлиги мутахассиси:
— Яқинда республика раҳбари томонидан ўтказилган селектор йиғилишида Ўзбекистонда паррандачиликни ривожлантириш, унинг озуқа базасини кенгайтириш бўйича бир қатор масалалар қўйилди. Шулардан бири — Ўзбекистонда паррандачиликни Венгрия тажрибасида ўрганиш ва Венгриядаги паррандаларни Ўзбекистонга келтириб, иқлимлаштириш ва бу ишларни кенгайтириш бўйича ҳам топшириқ берилди. Унинг ижросини таъминлаш мақсадида бугунги тадбиримиз паррандалар, кроссларни етиштирадиган компаниялар билан биргаликда ўтяпти. «Babolna Tetra Kft» компанияси дунёда парранда етиштириш ва ўзимизда «Венгерка» деган ном билан 50 йилдан буён саноатимизга кириб келган паррандаларни етказадиган компаниядир. Уларнинг вакиллари «Венгерка» тетра кроссини олиб келиш, уларни иқлимлаштириш ва Узбекистонда шу саноатни янада ривожлантириш учун ташриф буюрди. «AGROFEED» компанияси паррандачиликда озуқа базасини кенгайтириш, унинг ветеринариясини кучайтириш, ўзимизда етиштириладиган хомашёдан рацион ишлаб чиқариш, ўзимизнинг маҳсулотдан четдан олиб келинадиган импорт ўрнини босадиган маҳсулот етиштиришга қаратилган.
Мамлакатимизга премикслар тўлиқ хориждан келтирилади. Биз Венгриялик ҳамкорлар билан шуни Ўзбекистонда ишлаб чиқариш бўйича музокаралар олиб бормоқдамиз. Ҳамкорларимиз шу кунларда Тошкент вилоятидаги бир қанча паррандачилик, чорвачилик корхоналарида бўлиб, уларга маслаҳатлар беришди. Келгусида Жиззах, Сирдарё, Қашқадарё, Сурхондарё ва Наманган вилоятларида бўлиб, у ерда ҳам ўша корхоналар билан келгуси ишлашни белгилаб оляпмиз. Тадбирда Россиянинг «Биотроф» компанияси вакиллари ҳам иштирок этмоқда. Улар илмий ишлаб чиқариш компанияси бўлиб, балиқчилик, чорвачилик, паррандачилик, қуёнчилик йўналишларида ветеринария ва озуқа ишлаб чиқариш тажрибаси билан ўртоқлашмоқда.
Тадбир доирасида фермер хўжаликлари, деҳқон хўжаликлари, қишлоқ хўжалик корхоналари ҳамда озуқа ишлаб чиқарувчи тадбиркорлик субъектлари билан келишувлар имзоланди. Шу жумладан, Тошкент вилоятининг Қибрай туманида шу каби ишлаб чиқаришларни ташкил қилиш, Сурхондарё вилоятининг Бойсун, Олтинсой туманлари, Қашқадарё вилоятининг Нишон тумани, Шаҳрисабз шаҳрида, Жиззах вилоятининг Дўстлик, Сирдарё вилоятининг Сирдарё туманларида 1 соатда 1 тонна озуқа ем ишлаб чиқарувчи ускуналарни қўйиш ва уларнинг фаолиятини биргаликда ҳал этишга келишилган.
Тадбир сўнгида бир қатор илмий-тадқиқот институтлари, шу жумладан чорвачилик ва парранлачилик институти, Фанлар академиясининг Зоология институти, Микробиология институтлари билан бу компаниялар ўртасила меморандумлар имзоланди. Шу жумладан, Самарқанд ветеринария илмий-тадқиқот институти ва Россиянинг «Биотроф» компанияси ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум шартномалари имзоланди, деб хабар беради Инновацион ривожланиш вазирлиги ахборот хизмати.
Арухан Ақпанбетова,
«Нурли жол» газетаси мухбири.