Қайд этилишича, куз фасли ёмғирсиз ўтаётгани ва яқин кунларда ҳам ёғингарчилик кутилмаётгани сабаб, Мусулмонлар идораси раиси муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ташаббуси билан бутун мамлакат бўйлаб масжидларда ушбу ибодат амалга оширилади.
Ислом таълимотида қурғоқчилик кузатилган даврларда жамоат билан чиқиб ёмғир сўраб дуо қилиш ва истисқо намозини адо этиш амали таъкидланган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам сувсизлик пайтида қиблага юзланиб дуо қилганлари ва миллат билан бирга намоз ўқиганлари ривоят қилинган.
Шунингдек, вилоятлар, туман-шаҳарлар марказий масжидлари ва зиёратгоҳларда жонлиқлар сўйилиб, ёрдамга муҳтож оилалар, етим-есирлар, бева-бечоралар, мискинлар, боқувчисини йўқотган кексаларга тарқатилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Олий ва ўрта махсус ислом таълим муассасалари устоз ва талабалари томонидан Имом Бухорий “Саҳиҳи Бухорий” асари шу йил 28 ноябрь куни жума намозига қадар хатми кутуб қилинади. Зеро, Имом Бухорийнинг “Саҳиҳ”лари қурғоқчиликда ўқилганда, Aллоҳ таолонинг иродаси ила ёмғир ёққани тарих китобларида ёзилган.
Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунавварада умра зиёратида бўлиб турган элликбоши имом-домлаларимиз Ҳарами шарифларда ўз гуруҳлари иштирокида истисқо намозини ўқишлари тавсия этилади.








