Муфтий тўйлардаги исрофгарчилик ва дабдаба ҳақида фикр билдирди

    Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши раиси, муфтий Шайх Нуриддин ХОЛИҚНАЗАР мурожаат билан чиқди.

    У ўз мурожаатида саховатпеша кишиларни мактаб қуриш ёки таъмирлаш ишларига ҳам катта эътибор қаратишларини тавсия этди.

    Таъкидланишича, маърифат, зиё маскани бўлган таълим даргоҳларини қуриш, обод қилиш ажри улуғ амаллардан. Шунингдек, таълим муассасалари талаба ва ўқувчиларни моддий тарафдан таъминлаш, уларни контракт-шартномаларини тўлаб бериш, ўқув қурол ва дарсликларини олиб бериш савоби доимий ёзилиб турадиган садақаи жория бўлади.

    "Таассуфки, тўйлар, оилавий тантаналар, марҳумлар хотираси, ҳаж ва умрага бориб-келувчиларни кутиб олишга бағишланган йиғинлар, улардаги бир-биридан ўтиб тушадиган, кимўзарга, риёга, исрофга тўла ишлар халқимизнинг жиддий муаммоларидан бири бўлиб келмоқда.
    Шу ўринда, зиёлилар, ёши кекса отахону онахонлар, нуронийларга айтар сўзимиз, келинг, биргаликда юртимиз аҳолисига, айниқса, юқоридаги каби исрофгарчилик ва дабдаба қилаётганларга тушунтириш ишларини кўпайтирайлик, бу каби иллатларга биргаликда барҳам берайлик. Аллоҳ таоло ато этган мол-дунёни исроф қилиш – катта гуноҳ, эканини уқтирайлик! Бунинг ўрнига топганларимизни савобли ишларга сарфлаб, бева-бечора, ночор, муҳтожларга ёрдам берайлик, ана шунда улкан савобга эга бўламиз, иншоааллоҳ", дейди Муфтий ҳазратлари.

    Ижтимоий ҳимоя бўйича давлатимиз раҳбарининг ташаббусини қўллаб-қувватлаган ҳолда, дин пешволари қуйидаги 7 та вазифани амалга оширишни белгилаб олмоқда:

    Биринчи, уламолар ва имом-хатиблар “Хайру саховат – қалбларга қувонч улашади” шиори остида тарғибот-ташвиқот ишларини кенг кўламда амалга ошириш.

    Иккинчи, ҳар бир марказий масжид 5 тадан эҳтиёжманд оилани оталиққа олиб, уларнинг фарзандларини ўқув курсларида ўқитиши, касб-ҳунарга ўргатиши ва доимий даромадга эга бўлишига кўмаклашиш.

    Учинчи, ҳар бир туман-шаҳар бош имом-хатиблари ҳудудидаги камида 1 та мактабни ҳомийларни жалб этган ҳолда таъмирлаш ишларига ёрдам кўрсатиш.

    Тўртинчи, “Вақф” хайрия жамоат фонди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги билан ҳамкорликда мамлакатимиз бўйича кам таъминланган оилалар фарзандлари бўлган 200 нафар ёшни касбга ўргатиш ва иш билан банд қилиш.

    Бешинчи, “Вақф” хайрия жамоат фонди “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази билан ҳамкорликда жисмоний имконияти чекланган болаларга 50 дона спорт аравачаси ва бошқа реабилитация воситалари олиб бериб, уларнинг даволанишларига кўмаклашиш.

    Олтинчи, масжид имом-хатиблари ҳомийларни жалб этган ҳолда “Меҳрибонлик”, “Саховат”, “Мурувват” уйларига ва меҳнат фахрийларига моддий ёрдамлар кўрсатиш ишларини ташкил этиш.

    Еттинчи, имом-хатиблар томонидан тўй-маърака маросимлардаги исрофгарчилик, умра зиёратидан қайтгандан кейин ҳар хил хўжакўрсин маросимлари уюштиришдек иллатларнинг олдини олиш юзасидан тарғибот ишларини амалга ошириш.

    No date selected
    январ, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates