Мамлакатимизнинг Кувайтдаги элчихонаси томонидан ташкил этилган мазкур ташриф давомида Шоазим Миноваровнинг Қатар миллий кутубхонаси (ҚМК) президенти, давлат вазири Ҳамад Абдулазиз ал-Кавари ва ижрочи директори Тан Хюсим билан учрашувлари бўлиб ўтди.
Томонлар ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш, хусусан, илмий қўлёзмаларни биргаликда ўрганиш, ўзбек олимлари ва мутафаккирлари асарларининг рақамли манбааларини алмашиш, қўлёзмаларни рақамлаштириш ва ўрганишни йўлга қўйиш, малака алмашиш ва мутахассислар ташрифларини амалга ошириш, муштарак илмий-амалий анжуманлар ташкиллаштиришга келишиб олди.
Қатарлик суҳбатдошлар ўзбек уламоларининг ислом тамаддунига қўшган улкан ҳиссаси, улар томонидан яратилган бебаҳо асарлар ҳамда ҳозирги кунда давлатимиз раҳбари ташаббуси ва амалий саъй-ҳаракатлари билан буюк аждодларимизнинг илмий, маърифий ва маданий меросини асраб-авайлаш, қайта тиклаш ва ўрганиш юзасидан олиб борилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Қатар миллий кутубхонаси ўртасида ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги Англашув меморандумини имзолаш маросими бўлиб ўтди. Ҳужжатлар ИЦМ директори Шоазим Миноваров ва Қатар миллий кутубхонаси ижрочи директори Тан Хюсим томонидан имзоланди.
Қатарлик олим ва мутахассислар иштирокида “Ўзбекистан буюк алломалар юрти”, “Янги Ўзбекистон – Учинчи Ренессанс” мавзуларида давра суҳбатлари ўтказилди. Тадбирларда ўзбек алломаларининг дунё ва ислом цивилизациясига, фан ва таълимни ривожлантиришга қўшган салмоқли ҳиссаси, ҳадис илмини ўрганиш, астрономия, математика, тиббиёт ва бошқа йўналишларда олиб борган буюк тадқиқотлари тўғрисида сўз юритилди. Шунингдек, иштирокчиларнинг эътибори Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган “Янги Ўзбекистон – Учинчи Ренессанс” ғояси ва уни амалга ошириш стратегиясига қаратилди, республикада сўнгги йилларда илм ва фанни ривожлантириш борасида олиб борилаётган улкан ишлар ҳамда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан барпо этилаётган Ислом цивилизация маркази фаолияти тўғрисида батафсил маълумот берилди.
Қатар миллий кутубхонасининг нодир қўлёзмалар бўйича бошқармаси директори Стефан Иперт кутубхонада сақланаётган таниқли мутафаккирларимиз Имом Бухорий, Хоразмий, Имом Термизий, Абу Райҳон Беруни, Абу Али Ибн Сино ва Мирзо Улуғбек асарлари ҳамда Темурийлар даврига оид манбалар тақдимотини ўтказиб, улар тўғрисида батафсил маълумот берди.
Ўзбекистон делегацияси аъзолари Қатар миллий кутубхонаси фаолияти, хусусан у ерда сақланаётган илм-фаннинг барча соҳаларига мансуб бўлган тарихий асар ва қўлёзмалар, хариталар ҳамда турли тарихий даврларга оид ноёб манбалар билан танишди.









