Ўзбекистонга ўрта масофага парвоз қилиш учун мўлжалланган янги самолёт олиб келинди

    Навбатдаги «Airbus A320neo» «Uzbekistan Airways» авиакомпанияси паркини тўлдирди.

    «Uzbekistan Airways» маълумотига кўра, ўрта масофага парвоз қилиш учун мўлжалланган авиалайнер узоқ муддатли лизинг асосида «China Aircraft Leasing Group Holdings Limited» (CALC) компаниясидан сотиб олинган.

    168 ўринга мўлжалланган «Airbus A320neo» Куала-Лумпурдан Тошкентга «Uzbekistan Airways»нинг анъанавий ливреясида етиб келди. Ҳаво кемаси миллий авиаташувчи ва CALC лизинг компанияси ўртасидаги узоқ муддатли ҳамкорликнинг бошланиши ҳисобланади.

    Бугунги кунга келиб, «Airbus A320neo» турдаги ҳаво кемалари ўрта масофали лайнерлар орасида энг машҳур ва яхшиларидан биридир. Таъкидлаш жоизки, олдинги авлод авиалайнерларига нисбатан карбонат ангидрид чиқариш даражаси 50 фоизга камайтирилганлиги туфайли самолёт рақобатчилари орасида энг экологик тоза саналади.

    «Uzbekistan Airways» авиакомпаниясига илк «Airbus A320neo» самолётини Марказий Осиё минтақасидаги биринчи ҳамкоримиз сифатида тақдим этишдан мамнунмиз. «Uzbekistan Airways»нинг ишончи ва қўллаб-қувватлаши туфайли CALC Ўзбекистон миллий авиаташувчиси билан ҳамкорликни йўлга қўйиб, Осиё минтақасида янги имкониятларга эга бўлмоқда» – деди CALC бош ижрочи директори Майк Пун.

    Миллий авиакомпания янги ҳаво кемасидан Тошкент шаҳри ва вилоятлардан амалга ошириладиган авиақатновларда фойдаланишни режалаштирмоқда.