Жаҳон оммавий ахборот воситалари орқали берилаётган кундалик ахборотлар худди уруш майдонида юз бераётган талофатларни эслатади. Фақатгина унда қанча самолёт ёки танклар яксон қилинди, дейилмаяпти. Аксинча карантин ҳолатлари таҳлил қилинаяпти, сунъий нафас олдириш аппаратларининг миқдори ҳисобланаяпти. Коронавирус туфайли қурбон бўлганлар сони ҳисоб-китоб рўйхатининг асосий маълумотига айланди.
Атом асрида яшаб битта миттигина вируснинг касофатига қолдик. Унинг кучи шунчалик «зўр» эканки, ҳаммамизни тўрт деворнинг ичига қамаб қўйди. Битта мард йўқки, эй одамлар, техника, тиббиёт, иқтисод шунчалик чўққига чиққан бир даврда заррачадек келадиган вирус билан олишишга ҳолимиз йўқ дейдиган. Ҳатто ўз кучининг салоҳиятига ишониб, кўкрагига мушт урган катта ва улкан давлатлар ҳам вирус билан юзма-юз олиша олмай қолди. Катта майдонга чиқмасдан, уйда қамалиб ўтиришни таклиф қилмоқда. Чунки, бошқа йўли йўқ.
Коронавирус билан олишишнинг чораси фақат карантин бўлиб қолди. Устига-устак ҳали махсус давоси ишлаб чиқилмаган. Профилактикани таъминлаш мақсадида қанчадан-қанча чет эллик ҳамкасбларимиз лабораториялардан чиқмай, куну-тун вакцина устида ишлашмоқда.
Хўш, бу маълумотларнинг ҳаммаси нима учун керак? Аслида касаллик битта, вирус битта. Лекин унга қарши курашиш бўйича фикрлар ҳар хил. Дунёнинг турли бурчакларида турфа фикрларни эшитиш мумкин.
«ҚАРИ ОДАМЛАР» ЭМАС, «ЁШИ УЛУҒЛАР»
Кейинги масала коронавирус «ёши ўтганларни», «қари одамлар»ни оғир жароҳатлайди, уларнинг иммунитети паст, шунинг учун ҳам касаллик ёши ўтганларда асоратли кечмоқда», деган иборалар телекўрсатувларда деярли ҳар куни кўп маротаба такрорланмоқда.
Хўш, биз қачондан бери ўз ота-онамизни «ёши ўтган» ёки «қари одам» дейдиган бўлдик? Ахир ўзбек тилида «ёши катта» ёки «кекса одамлар» деган чиройли иборалар бор-ку. Кейин айтингчи, нечта «кекса» одам коронавирусга чалинди? Ахир касаллик, асосан, чет элдан қайтиб келган ёки қайтариб олиб келинган юртдошларимиз орасидан топилмоқда, деб ҳар куни ўзимиз жар солмоқдамизку. Мигрантлар орасида «ёши ўтганлар» деярли йўқ. Шу жойда айтиб ўтиш керакки, ички ишлар ходимлари карантин туфайли кечаси билан кетидан қувлаб юрганларнинг деярли ҳаммаси 30 ёш атрофидаги навқирон йигит-қизларку. Улар орасида «қари одамлар» йўқ.
Тўғри, биз кекса одамларда коронавирус инфекцияси оғир кечади, ҳатто ўлимга олиб келади деб, олдиндан профилактик ишларни эслатиб ўтмоқдамиз. Лекин ҳадеб «ёши ўтган» одамларни эҳтиёт қилишимиз керак, деган маънода уларнинг хаёлини, тинчлигини, қолаверса, эркинлигини бузмаяпмизми? Яратганга минг шукрки, бизнинг шароитимизда бирорта ёши улуғ ва кекса инсонлар давлатимиз томонидан белгиланган карантинни ҳар қандай вазиятда ҳеч қачон бузмайдилар. Бунга ҳаммамизнинг ишончимиз комил. Лекин қўлида газли ичимлик кўтариб, қоронғу тушиши билан изғиб юрган навқирон йигит-қизларимизни тиббиёт илмига ўргатишимиз керак.
ТИББИЙ МАДАНИЯТ БАРЧАГА КЕРАК
Республикамизда радио ва телеканаллар сони шунчалик кўпайиб кетдики, унинг қайси бирини эшитишни ёки кўришни ҳам билмайсан киши. Уларни санаб ўтиришнинг ҳожати ҳам йўқ. Лекин битта нарсага хайронман – деярли ҳамма радио ва телеканаллар тиббиётга бағишланган оз-оз материалларни бериб боришади. Эшиттиришни ташкил қилганлар эса аксарият ҳолларда ўзининг ёшига мос равишда ёш шифокорларни студияга таклиф қилади ёки улардан интервью олади. Тайёрланган эшиттириш ёки телекўрсатув ҳам шунга яраша чиқади. Зўр бўлса интернетдан олинган маълумотларни ёки биронта журнал ёки газета саҳифаларида аввал чиққан ва ёзилган сўзларни қайтариб айтишади. Янгича талқин ёки мушоҳада йўқ. Ҳаттоки, илгари халқлар бошига тушган юқумли касалликлар тарихини ҳам гапириб беролмайди. Тўғрироғи, уни билишмайди.
Мен ўзимнинг салкам қирқ йиллик тиббий, илмий фаолиятимда жуда кўп бор қўлимга қалам олдим, дарсликлар, мақолалар ёздим. Бир фикр кўп йиллардан буён тинчлик бермайди. Ўзимизда, ватанимизда тиббиёт илмига ўз ҳиссасини қўшган забардаст олимлар ижоди тўғрисида, тиббиёт илми, тиббиёт маданияти ҳақидаги давлат телеканали бўлишини орзу қилганман. Ахир ўйланг, илонлар, шерлар, хуллас, жамики ҳайвонот олами тўғрисида ҳар куни бериладиган кўрсатувларнинг саноғи йўқ. Эртадан кечгача ашула ва рақсларни тинглаб, томоша қиламиз. Аммо тиббиёт ҳақида мукаммал лойиҳа йўқ.
Тиббиёт канали, назаримда бугун ҳаводек зарур. Ахир миттидек келадиган вируслар кўзимизни очмадими? Ҳали ватанимиз бағрида тиббиётнинг миллионлаб «ёши улуғ» вафодор шифокорлари бор. Улар шундай қараб туришмайди. Тиббиёт каналининг равнақ топишида ўзларининг катта ҳиссаларини қўшадилар. Тиббиётни, унинг тарихини, тиббиёт маданияти ва гигиенасини билмас эканмиз, тўрт девор ичидан чиқиб кета олмаймиз. Ўйлаймизки, «Тиббиёт» телеканали иш бошласа, халқимизга тиббиёт илми сирларини ўргатиб бориш имконияти ошади.
Эгамберди ЭШБОЕВ,
тиббиёт фанлари доктори, профессор.