Бундан атиги олти-етти йил аввал ҳаж квотаси 5200 тани ташкил этган бўлса, 2019 йилда бу рақам 7200 та, 2022 йилда эса 12000 тага етди. Жорий йилда мамлакатимиз фуқаролари учун умумий ҳаж квотаси 15000 этиб белгиланди. Албатта, ҳаж квотасининг йилдан йилга ошиб бориши ҳам юртимизда диний-маърифий йўналишда амалга оширилаётган ишлар кўлами нақадар кенглигидан дарак беради. Энг муҳими, халқимиз бу каби ўзгаришларни катта хурсандлик ва қувонч билан қабул қилмоқда.
Ҳар бир мўмин-мусулмон борки, Аллоҳнинг байтини умрида бир бор бўлса-да тавоф қилишни, Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак Равзаи шарифларини зиёрат этишни орзу қилади. Чунки бу муқаддас заминларда Қуръони карим оятлари нозил бўлган, ислом тарихига оид кўплаб воқеа-ҳодисалар юз берган ва савобли амалларнинг ажру мукофоти бир неча баравар кўпайтириб берилади.
Шу билан бирга, Каъбатуллоҳда ибодат қилишнинг, Набий алаҳиссаломнинг масжидларида намоз ўқишнинг савоби жуда улуғ. Масжидул Ҳарамда бир ракат намозга юз минг ракат, Масжиди Набавийда эса минг ракат намознинг савоби берилади. Бундай улкан имкониятга эришишга барчанинг талпиниши табиий ҳол.
Юртимиз зиёратчилари шу йилнинг 4 июнидан 19 июнь кунига қадар юртимиздаги 10 та халқаро аэропорт (Тошкент, Наманган, Фарғона, Қарши, Термиз, Самарқанд, Бухоро, Навоий, Урганч, Нукус шаҳарлари) орқали Мадина шаҳрига парвоз қиладилар.
Бир умр Каъбаи муаззама, Равзаи шарифни соғиниб яшаб ўтиб кетган аждодларимизнинг орзулари бу йил 15 минг ҳожи тимсолида рўёбга чиқмоқда. Бундай буюк шарафга ва бахтга ноил бўлиб турган ҳамюртларимиз одамнинг ҳавасини келтирадиган шароитларда ҳаж сафарини адо этиш учун айни кунларда Мадинаи мунаввара ва Маккаи мукаррама шаҳарларида бўлиб туришибди.
Мунаввар шаҳар оғушида
Ҳожиларимиз азалий анъанага мувофиқ дастлаб Мадина шаҳрига келиб, Равзаи шарифни зиёрат қилишяпти. Зиёратчиларимиз айни пайтда Мадина шаҳридаги Масжиди Набавийдан 100 метр узоқликда жойлашган 5 юлдузли “Зам-зам Пуллман” меҳмонхонасида истиқомат қилишмоқда.
Аввалги номи Ясриб бўлган бу шаҳар Расул алайҳиссаломнинг ташрифлари билан нурли ва мунаввар шаҳарга айланган. Масжиди Набавийга кирган одам бу муаззам маскандан чиққиси келмайди: тўйиб-тўйиб ибодат қилишни хоҳлайди. Набий алайҳиссаломнинг бу масжидларида намоз ўқиётган, дуолар, зикрлар қилаётган ҳожиларимиз чинакам бахту саодатга эришмоқдалар.
Масжиди Набавий ҳовлисида туриб бу гўзал манзарани кузатишнинг завқи бўлакча: эгниларига Ўзбекистон байроғи рамзи туширилган нимчаларни кийиб олганча ибодатларга шошаётган бўлғуси ҳожи ота, ҳожи оналаримиз юз-кўзларидаги қувонч уларнинг нақадар бахтиёр эканидан нишона. Айниқса, Равзаи шарифга кирган киши ўзини ўзгача ҳис этади. Чунончи, Набий алайҳиссалом муборак ҳадисларида: “Уйим ва минбарим ўртасида жаннат боғларидан бир боғ бор”, деганлар.
Юртдошларимиз мунаввар шаҳардаги уч кунлик сафарлари давомида Пайғамбар алайҳиссалом равзаларини зиёрат қилиб, Уҳуд тоғи, ислом оламида биринчи қурилган масжид – Қубода бўляптилар. Асосий вақтларини Масжиди Набавийда тоат-ибодат билан ўтказмоқдалар.
Бўлғуси ҳожиларимиз ибодатлардан сўнг жаннатмонанд юртимиз тинч-осуда, халқимиз турмуши бундан-да фаровон бўлишини, бу каби хайрли ишларнинг бошида турганларнинг тани жони соғ бўлишини Яратгандан чин дилдан сўраб илтижо қилмоқдалар.
Аллоҳнинг меҳмонларига хизмат қилиш — катта шараф
Ҳаж қилувчи киши Аллоҳ таолонинг меҳмонидир. Ҳаж амалини бажараётган кишига кўмак берган, унинг оғирини енгил қилган инсон улуғ савобларга ноил бўлиши ҳақида кўплаб далиллар бор. Шу маънода, “Ҳаж–2023” ташкилотчилари ва ишчи гуруҳ аъзолари ана шундай улуғ даражаларни мақсад қилиб, Раҳмоннинг меҳмонларига сидқидилдан хизмат кўрсатмоқдалар. Хусусан, “Ҳаж–2023” делегацияси, ишчи гуруҳлар, элликбошилар доимо ҳожиларнинг ёнида, шифокорлар соғлиқларидан хабардор бўлиб туришибди. Ошпазлар эса ибодатга қувват бўладиган миллий таомлардан тайёрлаб беряптилар.
Уламоларимиз, аҳли илмларимиз ва элликбошилар зиёратчилар билан доимий суҳбатлар ўтказиб, ибодатларини чиройли адо этишларига яқиндан кўмакчи бўлдилар. Ҳожиларга сифатли транспорт хизматлари кўрсатиш, уларни белгиланган манзилга кечиктирмасдан етказиб қўйиш мақсадида автобуслар ҳам жалб этилди.
Хулоса қилиб айтганда, ушбу муборак заминда зиёратчиларимиз юксак эътибор ва давлатимиз кўмагини ҳар қадамда ҳис этмоқдалар. Улардан ҳар бирининг юз-кўзию сўзларида бу имконият-шароитлардан мамнунлик, шукроналикни яққол кўриш мумкин. Бўлғуси ҳожиларимиз муқаддас заминдаги ибодатлар чоғида жонажон юртимизга тинчлик-хотиржамлик, халқимизга фаровонлик ва дастурхонимизга тўкинлик тилаб дуолар қилишмоқда.
Муқаддас заминга келиш ҳар кимга ҳам насиб этавермайди. Аллоҳ чақирган бандагина Раҳмоннинг меҳмони бўлади. Шундай экан, ҳар бир зиёратчи ҳаж мавсумини ғанимат билиб, ҳар сониядан унумли фойдаланиш ҳаракатида бўлиши керак.
Аллоҳ таоло ибодатларимизни қабул, ҳажларимизни мабрур айласин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати