Аввалроқ, Сурхондарё вилояти Бойсун туманидаги Гуматак қишлоғида яшовчи Рамазон Абдуллаевнинг муқаддас Ҳаж сафарига жамғарган маблағи эвазига тоғли ҳудуддаги сой устида кўприк барпо этгани ҳақида хабар берилган эди.
Туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Юнус Холиёровнинг маълум қилишича, хушманзара Омонхона қишлоғида яшайдиган саховатпеша инсон — Раҳмат Эшбоев бу ташаббусни қўллаб-қувватлаб, Ҳаж зиёрати учун тўплаган маблағини қишлоқни иккига ажратиб турган чуқур сой устига кўприк қурилиши учун сарфлади, деб ёзмоқда ЎзА.
Фақат кўприкни бунёд этиш учун зарур бўлган мустаҳкам темир-бетон материалига туман ҳокимлиги ҳомийлик қилди. Қолган ишлар Раҳмат Эшбоев жамғармасидан амалга оширилди. Эндиликда қишлоқнинг Камари азиз кўчасидаги 20 га яқин хонадонда истиқомат қилаётган ёшу кекса ёғин-сочинли кунларда ҳам бехавотир ва бемалол Омонхона марказига келиб кетиши ва транспорт қатнови учун қулай шароит яратилди.
Узоқ йиллардан буён сойдан қишлоқ марказига ўтишда кўпроқ азият чекиб келаётган кексалар, хотин-қизлар ва болалар қалби бир олам қувончга тўлди. Омонхона ўзининг мўъжизакор шифобахш булоқ суви билан дунёга танилган тоғлар қўйнидаги қишлоқ. Муқаддас бу замин буюк саркарда Амир Темур ва Ҳазрати Султон Валий Балогардон учрашган макон сифатида ҳам машҳур.
–Ўтмишдан йўл ва кўприк қуриб, одамларнинг узоғини яқин, мушкулини осон қилиш энг савобли амаллардан бири саналган, – дейди меҳнат фахрийси Норбой Бобоқулов. – Бундай эзгу ишни беками-кўст бажарган ҳамқишлоғимиз Раҳмат Эшбоев ва унинг оила аъзоларига халқимиз номидан ташаккур билдирамиз.
Тантанали тадбир якунида иштирокчилар Ватанимизга тинчлик, юртимизга ободлик, қурилиш ташаббускорига узоқ умр ва янги барпо этилган кўприкнинг халқ манфаати йўлида хизмат қилишига тилак билдириб, дуога қўл очди.