Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёллари мулоқоти минтақадаги хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ролини ошириш ҳамда барқарор ривожланиш билан боғлиқ қарорларни қабул қилиш жараёнларида иштирок этиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида норасмий минтақавий платформа сифатида ташкил этилган.
Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёллари мулоқоти қисқа вақт ичида гендер тенглиги ва барқарор ривожланишни рағбатлантириш, минтақа аёллари ўртасидаги ҳамжиҳатлик ва амалий ҳамкорликни мустаҳкамлаш тарафдори бўлган аёлларнинг муҳим норасмий коалицияси эканлигини исботлади.
Мулоқот бошланганидан буён қатор учрашувлар ўтказилиб, гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтиришга оид кўплаб долзарб масалалар, бу борадаги минтақавий ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Мулоқотда раислиги доирасида уни минтақадаги аёллар ўртасида ҳар томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган самарали маслаҳатлашувлар майдонига айлантириш учун барча саъй-ҳаракатларини амалга оширди.
Ўтган даврдаги ишларни сарҳисоб қилиш, келгусидаги фаолиятнинг устувор йўналишлари ва институционал ривожланиш истиқболларини кўриб чиқиш, шунингдек, дунёнинг бошқа минтақаларидаги етакчи аёлларнинг шу каби уюшмалари билан Мулоқот алоқаларини ўрнатиш мақсадида 2021 йил 21 декабрь куни Марказий Осиё етакчи аёллари мулоқотининг йиллик йиғилиши бўлиб ўтмоқда.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан БМТ Тараққиёт дастури билан ҳамкорликда БМТнинг Марказий Осиёда превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази ва «БМТ-Аёллар» ташкилоти кўмагида ташкил этилди.
Учрашувда Марказий Осиё етакчи аёллари мулоқоти аъзолари, минтақа парламентлари ва ҳукуматлари вакиллари, БМТ тараққиёт дастури, БМТнинг Марказий Осиёда превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази ва «БМТ Аёллар» ташкилоти раҳбарлари, «Раъедат» Тенглик учун араб аёллари парламентарийлар тармоғи ва Африка етакчи аёллари бирлашмаси вакиллари иштирок этмоқдалар.
Тадбир давомида иштирокчилар Ўзбекистоннинг Мулоқотда раислигининг биринчи йили якунларини муҳокама қилдилар, минтақавий етакчи аёллар бирлашмаларининг аёллар иштироки ва етакчилигини кенгайтириш борасидаги тажрибасини кўриб чиқдилар, 2022 йилда Мулоқотнинг устувор йўналишлари ва унинг институционал ривожланиш истиқболларини белгилаб олдилар.
2021 йил якунида Ўзбекистоннинг Мулоқотда раислигида 10 дан ортиқ тадбир ўтказилиб, 8 та якуний ҳужжат қабул қилинган. Бунинг натижасида Марказий Осиё аёлларининг давлат бошқаруви, превентив дипломатия, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, тадбиркорлик ва бизнес, маданият, таълим, фан, санъат, гендер тенглиги ва умуман барқарор ривожланиш соҳаларида ўзаро ҳамкорлигини кучайтиришга қаратилган чора тадбирлар амалга оширилди.
Халқаро ҳамкорларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари ва амалий кўмаги Мулоқотни гендер тенглигини таъминлаш бўйича илғор тажриба алмашиш учун тўлақонли платформа сифатида ташкил этишга хизмат қилди. 2021 йилда Марказий Осиё етакчи аёллари мулоқоти барқарор ривожланиш, минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш йўлида минтақа аёлларининг сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва маданий-гуманитар жараёнларда янада фаолроқ роль ўйнашга интилишларини юқори даражада эътироф этиш ва қўллаб-қувватлашга муваффақ бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.