Захиралар ўтган ойга нисбатан 2,3 млрд долларга кўпайди. Улар асосан олтин ва хорижий валютадан иборат.
Декабрь ойида иккаласи ҳам кўпайган:
валюта — 1,7 млрд долларга кўпайди (умумий 11,6 млрд доллар);
олтин — 600 млн долларга кўпайди (умумий 22,46 млрд доллар).
Декабрда Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари кетма-кет иккинчи ой кўпайди.
Мамлакат захираларида тахминан 395 тонна олтин бор ва ноябрга нисбатан 3 тоннага камайган. Ўзбекистон 2022 йилнинг ноябрь ойида етти ойдан сўнг илк марта олтин сотди. Мамлакатнинг олтин захиралари камайишига бу ҳолат ҳам ўз таъсирни ўтказган. Йил бошидан бери Ўзбекистоннинг қимматбаҳо металл захиралари 35 тоннага кўпайган.
Ўзбекистон нега олтин сотди?
Глобал олтин нархлари март ойида 2 050 доллар атрофида шаклланган эди. Бироқ геосиёсий вазият оқибатида нархлар йил давомида 1 650 доллардан ҳам тушиб кетди.
Бу ҳолатда Ўзбекистон кўпроқ олтин сотиб ола бошлади ва қимматбаҳо металлни харид қилиш бўйича жаҳонда етакчилардан бирига айланди.
«Биз учун иккита омил бор: жорий нарх ва келажакдаги нарх. Нарх кўтарилмоқдами ёки у ўзининг энг юқори чўққисига етиб, пасайяптими? Бу биз излаётган дақиқа. Агар нарх кўтарилаётган бўлса, кутганимиз маъқул», — деган эди Ўзбекистон Марказий банки раиси ўринбосари Беҳзод Ҳамроев.
Ноябрь ойига келиб вазият бирмунча яхшиланди ва жаҳонда олтин нархлари 1 800 долларгача кўтарилди. Айни шу даврдан бошлаб Ўзбекистон яна олтин сотишни бошлаган.