Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати қандай мақсадларни кўзлайди?

    Фикр 3 май 2023 2544

    Янги таҳрирдаги Конституциямизга муҳим ғоя ва қоидаларни акс эттирувчи қатор асосий ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсатидаги айрим ўзгаришларни алоҳида таъкидлаш керак.

    Янги таҳрирдаги Контитуцияга киритилган ўзгаришга кўра, Конституциянинг муқаддимасида миллий давлатчиликни такомиллаштиришнинг янги босқичида Ўзбекистон конституциявий ривожланишининг бир қатор устувор йўналишлари белгилаб берилди. Шулардан бири бу Ўзбекистон жаҳон ҳамжамияти, энг аввало, қўшни давлатлар билан ҳамкорлик, ўзаро бир-бирини қўллаб-қувватлаш, тинчлик ва тотувлик асосидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш ҳамда ривожлантиришга интилишидир.

    Бундан ташқари, янги таҳрирдаги Конституциямизда давлатнинг ташқи сиёсат бобида давлатнинг ташқи сиёсати принциплари “давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги” қоидаси билан тўлдирилди ва “тинчликсевар ташқи сиёсат” унинг асосий вектори сифатида белгиланганди. Яъни Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 17-моддасида Ўзбекистон Республикаси халқаро муносабатларнинг тўла ҳуқуқли субъекти экани яъна бир бор таъкидлаб ўтилди.

    Шунингдек, Бош қомусимизда Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати давлатларнинг суверен тенглиги, куч ишлатмаслик ёки куч билан таҳдид қилмаслик, чегараларнинг бузилмаслиги, давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги, низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик принципларига ҳамда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган бошқа принцип ва нормаларига асосланишига алоҳида эътибор қаратилган.

    Шу ўринда таъкидлаб ўтиш керакки, аввалги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ташқи сиёсат боби фақатгина битта моддадан иборат бўлган бўлса, янги таҳрирдаги Конституцияда эса ушбу бобга яна бир модда қўшилди.

    Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг ташқи сиёсат боби 18-модда билан тўлдирилиб, ушбу моддада Ўзбекистон Республикаси давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан икки ва кўп томонлама муносабатларни ҳар тарафлама ривожлантиришга қаратилган тинчликсевар ташқи сиёсатни амалга ошириши белгиланди.

    Маълумки, Ўзбекистонда амалга ошираётган ташқи сиёсат халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган принципларига асосланувчи, дўстона ва тинчликсевар ташқи сиёсатдир.

    Бугунги кунда мамлакатимиз жаҳон сиёсатининг марказларидан бирига ва глобал ташаббуслар муаллифига айланмоқда. Ўзбекистон дунёнинг 130 дан ортиқ мамлакати билан дипломатик алоқалар ўрнатган, хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотларда Ўзбекистоннинг 55 та дипломатик ва консуллик ваколатхоналари мавжуд, мамлакатимиз 100 дан ортиқ халқаро ташкилотларнинг аъзоси бўлиб, турли кўп томонлама ҳамкорлик тузилмалари билан ўзаро шерикчилик алоқаларини ривожлантирмоқда. Бугунги давр мазкур сиёсатни изчиллик билан давом эттиришни ьалаб этмоқда.

    Ҳозирги таҳликали даврда (Айни пайтда) давлатларнинг ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилиш принципига амал қилиш ташқи сиёсатда барқарорликни таъминлашнинг муҳим омилидир.

    Конституциямизда Ўзбекистон амалга ошираётган ташқи сиёсатининг асосий принципи қаторида “давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги” принципини мустаҳкамлаш ҳамда “тинчликсевар ташқи сиёсат” тўғрисидаги алоҳида норманинг акс эттирилиши мамлакатимизнинг халқаро сиёсий майдондаги ўз халқаро мажбуриятларини бажарувчи, ишончли шерик сифатида мавқеини мустаҳкамлаш учун зарурдир.

    Мазкур принципнинг Конституциямизга қўшилиши Ўзбекистоннинг ҳудудий яхлитлигини дунёдаги барча бошқа давлатлар тан олиши ва ҳурмат қилиши, яхши қўшничилик, ўзаро ишонч, дўстона алоқаларни ривожлантириш, сарҳадларимиз осойишталиги, халқимиз хавфсизлиги, тинч-тотув ҳаёт кечириши ва ривожланишимизнинг барқарорлигини таъминлаш учун хизмат қилади.

    Бундан ташқари, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 18-моддаси 2-қисмига назар соладиган бўлсак, унда Ўзбекистон Республикаси давлатнинг, халқнинг олий манфаатларидан, унинг фаровонлиги ва хавфсизлигидан келиб чиққан ҳолда иттифоқлар тузиши, ҳамдўстликлар ва бошқа давлатлараро тузилмаларга кириши ҳамда улардан чиқиши мумкин экани белгилаб ўтилган.

    Мазкур норма мазмун-моҳиятидан келиб чиққан ҳолда айтишимиз мумкинки, Ўзбекистон у ёки бу кўринишдаги халқаро иттифоқчилик кенгашларига фақат ва фақат халқ манфаатларини кўзлаб кириши ёки ундан чиқиши мумкин. Масалан, бир пайтлар Ўзбекистон Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) аъзоси бўлган. Бироқ ушбу ташкилот ўз йўналишини ҳарбийлаштиргач, ундан чиқишга қарор қилган. Бу каби ҳолатларда, албатта, халқнинг манфаатларидан келиб чиқиб йўл тутиш кераклиги Конституцияда мустаҳкамлаб қўйилаётгани эса ташқи сиёсатдаги аниқ стратегияларни амалга оширишга хизмат қилади.

    Бутун дунёга маълумки, Ўзбекистон — тинчликсевар юрт. Бошқа мамлакатлар билан дўстона, илиқ муносабатли алоқаларни ўрнатиш эса халқ фаровонлиги ва мамлакат тинчлиги таъминлашнинг энг муҳим шартларидан биридир. Конституцияга ташқи сиёсат бўйича алоҳида моддаларга қўшимчалар киритишнинг зарурати ҳам ана шунда — таҳликали даврда барча давлатлар билан дўстона ва тинчликсевар муносабатларни ўрнатиш жуда муҳим.

    Бундан ташқари, ўзбек халқи тинчликнинг қадрини биладиган халқ. Бир кун жанжал бўлган хонадонда қирқ кун барака қочади, деган халқ мақоллари бежизга пайдо бўлмаган. Бизнинг халқимиз катта можаролар у ёқда турсин, ён қўшнилари ўртасида кичик айтишувга ҳам муросасиз ёндашади, ҳар доим дуоларида тинчлик бўлсин, деб сўрайди. Эндиликда халқнинг бундай хоҳиш-иродаси эса унинг асосий қонуни — Конституцияда ҳам ўз аксини топди.

    Тарихдан маълумки, урушнинг хеч қачон яхшиси бўлмаган. Дунёда ҳозир ҳам турли кўринишларда урушлар, оммавий тўқнашувлар бўлиб тургани инсониятни ташвишга солмоқда. Айрим давлатларда қонли тўқнашувлар 20-30 йиллардан бери тўхтамаяпти.

    Аммо шунга қарамасдан, Ўзбекистон ташқи сиёсатида бир қатор ижобий ўзгаришларни кузатишимиз мумкин. Чунки Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари билан дўстона, яқин қўшничилик ва ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантирмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувларини ўтказиш йўлга қўйилди. Қўшниларимиз билан чегаралар очилди, узоқ йиллар давомида бир-бирини кўра олмаган қон-қариндошлар яна учрашди.

    Бир сўз билан айтганда, барча давлатлар билан дўстона ва тинчликсевар ташқи сиёсатни олиб боришга доир мазкур янги принципнинг Конституциямизга киритилиши аччиқ хатолардан чиқарилган тўғри хулосадир. Бошқа давлатлар билан халқнинг манфаатларини устун қўйиб, икки ва кўп томонлама фойдали дўстона муносабатларни йўлга қўйиш — ҳозирги замонда энг тўғри қарор ҳисобланади.

    Рустамбеков Исламбек Рустамбекович

    Тошкент давлат юридик университети ректори в.в.б., ю.ф.д., профессор.

    Турдиалиев Муҳаммад Али Пўлатжон ўғли

    Тошкент давлат юридик университети Халқаро хусусий ҳуқуқ кафедраси катта ўқитувчиси

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates