Дунёда тобора кенг тарақалаётган патологиялар бири — Озиқ-овқат аллергияси саналади. Мутахассилар фикрига кўра, бундай ҳолат асосан болалар, айниқса, эмизикли гўдаклар орасида кўп кузатилади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги тақдим этган маълумотларга кўра, болаларда бу турдаги касаллик ривожланишига кўп ҳолларда онанинг ҳомиладорлик ёки эмизикли даврида нотўғри овқатланиши сабаб бўлади.
Агарда гўдак сунъий аралашмалар билан озиқлантирилса, чала туғилса ёки ошқозон-ичак, ўт, жигар хасталикларидан азият чекса ҳам, озиқ-овқат аллергияси юзага келиши мумкин.
Қуйида қандай озиқ-овқатлар кучли аллергияга сабаб бўлиши ҳақида маълумот бериб ўтамиз.
Таркибида кўплаб аллергенлар мавжуд бўлган маҳсулот бу сигир сути бўлиб, 5-6 ёшгача бўлган ўғил-қизларда аллергия кузатилишига сабаб бўлади. Шунингдек, товуқ тухуми ҳам кенг тарқалган аллергенлар сирасига киради. Балиқ ҳам кучли аллерген саналиб, унинг гўштида турли оқсил гуруҳлари мавжуд.
Маълумотларга кўра, буғдой ва соя ҳам баъзида аллергик реакцияларни келтириб чиқаради. Гўшт маҳсулотлари орасида эса парранда ва от гўшти бошқаларига нисбатан кўпроқ аллерген хусусиятга эга.
Ерёнғоқ катталарда аллергия ривожланишига сабаб бўлувчи озиқ-овқат маҳсулотларидан биринчиси ва бу маҳсулот кўп ҳолларда анафилактик реакцияни келтириб чиқаради. Шунингдек, турли хил ёнғоқлар, кунжут, асал, шафтоли, узум, малина, сабзи, шоколад, кофе ва какао аллергия чиқарувчи маҳсулотлар рўйхатидан жой олган. Ёнғоққа аллергияси бўлганларнинг аксарияти эса ушбу мева дарахти чангига ҳам таъсирчан бўлади.
Интернет материаллари асосида тайёрланди