"Ўзметкомбинат": чиқиндидан зарур хомашёгача

    Комбинатда пўлат эритиш жараёнида ҳосил бўладиган шлак қолдиқларини қайта ишлаб, металл ажратиб олиш технологияси йўлга қўйилган.

    Бугунги кунда “Ўзбекистон металлургия комбинати” акциядорлик жамияти ишлаб чиқариш ва ижтимоий инфратузилма жиҳатидан ривожланиб, етакчи саноат корхоналари сафидан мустаҳкам ўрин эгалламоқда.

    Кейинги йилларда Президентимизнинг Бекободга уч марта ташриф буюриб, бу ерда олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишиши, шубҳасиз, кўп минг кишилик комбинат жамоасига янада куч-ғайрат бағишлади.

    Айниқса, 2017 йил 18 август кунги ташриф фаолиятимизда катта тарихий воқеа бўлган эди. Ўшанда давлатимиз раҳбари жамиятимизнинг янги истиқболли лойиҳалари билан яқиндан танишиб, ишлаб чиқариш қуввати ва молиявий-иқтисодий ҳолатини тубдан яхшилаш чора-тадбирларини белгилаб берган эди.

    Шу даврдан эътиборан “Ўзметкомбинат”да улкан бунёдкорлик ишларининг янги даври бошланди. Яъни фаолиятимизда бир қатор устувор вазифалар белгиланиб, комбинатни мамлакатимиз иқтисодиёти ҳамда ижтимоий ҳаёти учун манфаатли бўғинга айлантириш, ишлаб чиқариш қувватларини ошириш ишлари бошланди.

    Бу вазифалар қаторида ишлаб чиқаришнинг экологияга салбий таъсирини камайтириш масаласи ҳам мавжуд. Маълумки, жаҳонда ҳар йили қаттиқ маиший чиқиндилар миқдори аҳоли жон бошига нисбатан 1 фоизга ошиб бормоқда.

    Энергетика, рангли ва қора металлургия, кимё саноати ва қурилиш индустрияси объектлари чиқинди ҳосил қилувчи, атроф-муҳитни ифлослантирувчи асосий манбалар ҳисобланади.

    Табиат муҳофазаси меъёрлари тобора кучайиб бораётган бир даврда саноат чиқиндилари утилизацияси муаммоси ҳар қачонгидан-да долзарб. Шу мақсадда комбинатда пўлат эритиш жараёнида ҳосил бўладиган шлак қолдиқларини қайта ишлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бугунги кунда иссиқ холдаги шлакларни қайта ишлаб, металл ажратиб олиш технологияси йўлга қўйилган.

    Бу ҳам экологик, ҳам иқтисодий жиҳатдан яхши самара беради. Ушбу технология туфайли комбинатда шлак уюмларининг ҳажми камайиб, пўлат эритишдан қўшимча хомашё олиш ортмоқда.

    Ютуқларимиз қаторида “Ўзметкомбинат” АЖ ва “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ ҳамкорлигида ишлаб чиқариш кооперацияси алоқалари доирасида Ўзбекистонда биринчи марта оғирлиги 42 тонна бўлган бутловчи қисм тайёрланмасини ишлаб чиқариш ўзлаштирилгани ҳам бор. 2022 йилдан шу пайтгача “Ўзметкомбинат” АЖ томонидан жами 8 дона шундай бутловчи қисм тайёрланди.

    Бугунги кунда бозор муносабатлари металл прокати маҳсулотининг сифатига юқори талаблар қўймоқда. Комбинатнинг барча маҳсулотлари ҳақиқий сертификат синовларидан ўтган. Навли прокат, пўлат золдирлар, сирланган пўлат идишлар ва бошқа маҳсулотлар сертификати яқин ва узоқ хорижий давлатлар истеъмолчилари томонидан юқори баҳоланмоқда.

    Бунёдкорлик кўлами кенгайгани сари металл прокати маҳсулотларига талаб янада ортиб бораётир. Шу туфайли комбинат йилдан-йилга юқори сифатли металл прокати маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириб, маҳаллий истеъмолчилар ҳамда экспорт буюртмаларини самарали бажариб келмоқда.

    Корхонада 2023 йилда 920,7 минг тонна пўлат эритилиб, 1 миллион 28,1 минг тонна прокат маҳсулотлари тайёрланди. Буларнинг бари юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси сифатида комбинат жамоасини янги меҳнат зафарлари сари руҳлантиради.

    Исмадиёр МАМАТҚУЛОВ,

    “Ўзметкомбинат” АЖ

    матбуот хизмати мутахассиси

    (“Янги Ўзбекистон” газетаси, 2024 йил 12 март, № 51)

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates