Ҳозирги кунда радиоэлектроникада ишлатиладиган кўплаб маҳсулотларни ишлаб чиқариш учун нодир металларга бўлган талаб ошиб бормоқда.
Куни кеча эса Нодир металлар ва қаттиқ қотишмалар ишлаб чиқариш бўйича ИИЧБда 99,97% тозаликдаги молибден металлини олинишига эришилди.
Жорий йилнинг май ойида бирлашманинг молибден ва вольфрам ишлаб чиқариш бўйича пиррометаллургия цехи таркибида молибден металлини олиш бўйича янги участка фаолияти йўлга қўйилди. Ушбу участкада олиб борилган самарали тадқиқот ишлари натижасида соф ҳолдаги, яъни 99,97% ли молибден металли олинди ва ишлаб чиқаришга жорий этилди.
Шу кунгача илмий бирлашмада 96,4 % ли молибден ишлаб чиқарилган.
Аҳамиятлиси,унинг софлик даражаси қанча ошиб борса, нархи ҳам кўтарилиб бораверади. Жаҳон бозорида июнь ойида 1кг 99.97%ли молибденнинг нархи 46.85 долларни ташкил этмоқда. Демак, молибден экспортининг ўсиш суръати 2,43 % ошди.
99,97% лик молибден комбинатга 5 млрд. сўмлик фойда келтиради.
Илмий ишлаб чиқариш бирлашмасининг Молибден ва вольфрам ишлаб чиқариш бўйича пиррометаллургия цехи 820 тонна молибден маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватига эга бўлса, бу мўъжазгина участканинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 400 тонна молибден металлини ишлаб чиқаришга мўлжалланган. Шу кунгача участкада 1 тонна 99,97%ли молибден ишлаб чиқарилди. Соф ҳолда олинаётган молибден металлининг 98,5% экспорт қилинмоқда.
Яна бир эътиборли жиҳати шундаки, ушбу участка ташкил этилиши натижасида 16 та янги иш ўрни яратилди.
2021 йилда комбинат мутахассислари ва олимлари томонидан рений металли соф ҳолатда олинган эди. Шунингдек, бугунги кунда бирлашма мутахассислари томонидан молибден таркибли композит маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳам йўлга қўйилган. Бу ҳақида ОКМК Ахборот хизмати хабар бермоқда.