Авваллари исталган жойдаги янгилик ёки бирор ихтиро маълум бир ойлар, йиллар ўтиб бизгача етиб келган бўлса, ҳозир бунинг учун бир неча кун, ҳатто соат ёки дақиқалар кифоя қиляпти. Бу, бир томондан, жаҳонда кузатилаётган воқеа-ҳодисалардан тезда хабардор бўлиш, илм-фан ютуқларидан фойдаланиш имкониятини яратса, бошқа томондан, ҳар бир жабҳада, хусусан ишлаб чиқариш саноатида рақобатни кескин кучайтирмоқда.
Рақобатда ютиш эса ҳар бир ишлаб чиқарувчидан янгича ёндашувлар, шу жумладан, замонга мос равишда инновацион фаолиятни ривожлантириш, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини таъминлаш каби устувор жиҳатларни ўз фаолиятида қўллашни талаб этади.
Келинг, шу ўринда мулоқотимизда фаол қўлланилаётган “инновация” тушунчасига изоҳ бериб ўтсак. Инновация, бу – бозор талабидан келиб чиққан ҳолда жараёнлар ва маҳсулотларнинг сифатли ўсиш самарадорлигини таъминлаш учун жорий этилган янгилик. Инсон интеллектуал фаолияти, унинг фантазияси, ижодий жараёни, кашфиётлари, ихтиролари ва рационализаторлигининг якуний натижаси ҳисобланади.
Манбаларда келтирилишича, “инновация” атамаси лотинча “novatio” сўзидан олинган бўлиб, “янгиланиш” (ёки “ўзгариш”), “in” қўшимчаси эса “йўналишида” деган маънони англатади. Агар бу яхлит “Innovatio” кўринишида таржима қилинса – “ўзгаришлар йўналишида” деб изоҳланади. Яна баъзи манбаларда эса бу сўз асоси инглизча “innovationas”, яъни киритилган янгилик, ихтиро деб ҳам талқин қилинади. Демак, инновация – бу ўзгариш, янгилик яратиш ўлароқ бугунги кучли рақобат бозорида ютиб чиқишнинг асосий шартларидан бири ҳисобланади.
Шу боисдан ҳам бугунги кунда илм-фаннинг илғор ютуқлари ҳамда истиқболли инновацион технологияларни ишлаб чиқаришга кенг жорий этиш, бу орқали иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан бирига айланди. Шу мақсадда республикамизнинг барча ҳудудларида, йирик корхоналарда инновацион марказлар фаолияти йўлга қўйилиб, кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Бу борада айниқса, Президентимизнинг сўнгги йилларда инновацион лойиҳалар ва технологияларни ишлаб чиқаришга татбиқ этишга қаратилган қатор қарор ва фармонлари ҳамда бошқа меъёрий ҳужжатлар қабул қилингани “Навоий кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти учун ҳам жуда катта аҳамиятга эга бўлди.
2018 йил комбинат тасарруфида ташкил этилган Янги технологияларни жорий этиш инновацион маркази қисқа давр мобайнида ижобий натижаларга эришмоқда. Корхонамизда ҳозирги кунда 15 нафар фан номзоди ва 7 нафар фан доктори фаолият юритяпти. Сўнгги ўн йилда юксак илмий салоҳиятга эга комбинат мутахассислари томонидан яратилган 37 та ихтиро патент билан ҳимояланди. Жумладан, 34 таси Ўзбекистон Республикаси, иккитаси Швейцария ва Германиядаги Патент кооперация тўғрисидаги шартнома бўйича халқаро патент талабномасига мувофиқ бажарилди ҳамда яна бири Россиянинг Интеллектуал мулк федерал хизмати томонидан қўлга киритилди.
Комбинатимиз мутахассислари кончилик саноати тарихида илк бор “Олтин-мишьякли, ишланиши қийин бўлган сульфидли рудаларидан олтин ажратиш усули” мавзусидаги ихтироси учун 2017 йилда БМТ ҳузуридаги Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилотининг олтин медали билан тақдирланди.
Илмий ишланмалар ва рационализаторлик таклифлар сони ортмоқда. Хусусан, комбинатимиз илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларига инвестициялар ҳажми, шунингдек, фаолиятга киритилган истиқболли ишланмалар ва рационализаторлик таклифлари сони бўйича республикада етакчи ҳисобланади. Илмий ва илмий-техникавий ишланмаларни тижоратлаштириш бўйича катта тажриба тўпланган.
Бугунги кунда жамият ривожланишнинг янги моделини изламоқда. Бу ниҳоятда мураккаб жараён. Рационализация – бу, корхона ва ташкилотлар фаолиятини такомиллаштириш, унинг самарадорлигини оширишга қаратилган янги техник ечимлар ҳисобланади. Рационализаторлик таклифлари эса мазмуни ва миқёси жиҳатидан хилма хил бўлиб, ходимларнинг индивидуал хусусиятлари, уларнинг лавозими ёки касбий ихтисослигидан қатъи назар, таълим даражасидан келиб чиққан ҳолда ишчи кучининг ташаббускор меҳнат инновацияларига мойиллигини ифодалайди.
Комбинат томонидан Рационализаторлик фаолияти тўғрисидаги низом ишлаб чиқилган бўлиб, жойларда ташкил этилган рационализаторлар ва ихтирочилар клубларида Низом асосида ишлар олиб борилмоқда. Корхона бўлинмаларида ихтирочилик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш тизими, ёшларнинг техник ижодиётини ривожлантириш дастурлари ишлаб чиқилган, ҳар йили 8 та йўналиш бўйича “Энг яхши рационализатор” танлови ўтказиб келинади.
2018–2021 йилларда комбинат мутахассисларининг 582 та рационализаторлик таклифи юзасидан ижобий қарор билан қабул қилиниб, ишлаб чиқаришга жорий этилган. Амалиётга татбиқ этилган ушбу таклифлардан 146,5 миллиард сўм иқтисодий самара олинди. 2022 йилда эса 175 та ана шундай таклифдан 135 миллиард сўмлик иқтисодий самарага эришилди.
Аниқ мисолларга таянадиган бўлсак, Марказий кон бошқармасидан тақдим этилган “Маъданни ювиш майдончасининг юқори қатламларида ҳимоя қатламини жойлаштириш” мавзусидаги таклифдан эришилган иқтисодий самарадорлик 15,7 миллиард сўм, 1-гидрометаллургия заводидан тақдим этилган “Қорақўтон” конининг ишланиши қийин бўлган маъданларини қайта ишлаш технологик схемасини такомиллаштириш” мавзусидаги рационализаторлик таклифидан олинган иқтисодий самарадорлик эса 8,7 миллиард сўмни ташкил этди.
Инновацион марказда янги технологияларни жорий этиш бўйича “Рационализаторлик фаолияти портали” рукни остида ягона маълумотлар базаси яратилди. Комбинатнинг ҳар бир ишчи-ходими хоҳлаган пайтда барча рационализаторлик таклифлар, фаолиятига оид меъёрий ҳужжатлар, “Энг яхши рационализатор” кўрик-танлови натижалари тўғрисидаги маълумотлар билан танишиш имкониятига эга.
Бундан ташқари, марказимизда ҳар чоракда нашр этиб борилаётган “Ўзбекистон кончилик хабарномаси” илмий-техник журналида юртимиз кон-металлургия йўналишига доир илмий мақола ва янгиликлар кенг ёритиб борилади.
Марказда ҳар йили ишлаб чиқаришда ечилиши керак бўлган муаммолар “Навоий кон-металлургия комбинатини инновацион ривожлантириш дастури”га киритилади. Мамлакатимиздаги қатор нуфузли илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасалари – Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети, Ҳабиб Абдуллаев номидаги Геология ва геофизика институти, Минерал ресурслар илмий-текшириш институти, “O’zGEORANGMETLITI” корхонаси ва Россиянинг қатор олий таълим, илмий-текшириш институтлари билан яқин ҳамкорликда дастурга киритилган муаммоларга ечим топиб келинмоқда.
Инновацион марказ таркибидаги техник кутубхона комбинат ишчи-ходимларининг мунтазам соҳага доир билимга бўлган талабини қондирмоқда. Барча китоб ва журналларнинг электрон шакли мавжуд, бу ходимларнинг иш жойларида керакли бўлган адабиётлардан эркин фойдаланиш, билимини бойитиб боришига хизмат қилади.
Инноваторлар жамиятнинг ижтимоий фаол бўғини сифатида иқтисодий жараёнларнинг динамикасини белгилайди. Комбинат уларни янгиликлар яратиш йўлида доим қўллаб-қувватлаб келаётгани эса кон-металлургия соҳасининг йил сайин ривожланиб боришига салмоқли ҳисса қўшяпти.
Қаҳрамон ҒОФУРОВ,
“Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ
Янги технологияларни жорий этиш инновацион маркази бошлиғи