“Озод домла” сабоқлари ёхуд миллат шамчироғига интилган ёш қалблар

    Жасур ва матонатли қалам соҳиби бўлган Озод Шарафиддинов адабиётшунослик майдонида ёрқин фикр ва ғоялари билан ўз ўрнига эга эди.

    Бу ҳақда унинг замондошлари, ҳамкасблари, шогирдлари кўп ва хўп ёзишди. Бу масалада улардан орттириб бир нарса дейиш душвор. Аммо унинг ибрат бўладиган инсонийлик фазилатлари ҳақида бугунги авлодга қанчалик кўп гапирсак ҳар қанча арзийди. Шу ўринда олимнинг камтарлик фазилати хусусида ибрат бўлган бир воқеага тўхталмоқчиман. Ўтган асрнинг 90- йиллари бразилиялик ёзувчи Пауло Коэльонинг “Ал Кимёгар” асари машҳур бўлган эди. Мен ҳам ушбу асарни зўр қизиқиш билан ўқиб чиқдим. Айниқса, унинг ғояси ёшларга кучли мотивация берарди. Шунинг учун ҳам “Ал Кимёгар”ни ўзбек ёшлари мутолаа қилишларини жуда истадим. Суриштирсам, аллақачон асарнинг таржимаси “Жаҳон адабиёти” да чоп этилаётган экан. Таҳририятга телефон қилдим. Гўшакни Озод аканинг ўзлари кўтардилар. Мақсадимни айтганимдан сўнг асар таржима (Озод аканинг ўзи таржимон эканлигидан кейин хабар топдим) қилиниб, журналда чоп этилаётганини ва янги сони чиқиши биланоқ юборишини айтди. Ўша пайтдаёқ овоздаги майинликка йўғрилган салобатлилик, қатъиятлилик, олимона камтаринлик менинг хотирамда бир умрга муҳрланиб қолди.

    Озод Шарафиддиновнинг серқирра ижодий фаолиятини ёшларга намуна қилиб кўрсатиш мақсадида университетимизда 2020-2021 ўқув йилларида илмий семинар ва “Озод Шарафиддинов номидаги стипендия” ни таъсис этдик. Олим ҳаёти ва ижоди ҳақида ҳужжатли видео ва интервьюлар тайёрлаш, “Публицистика” ва “Таҳрир фаолиятини ташкил этиш ва бошқариш” каби фанларни ўтишда домланинг ижодини асос қилиб олдик. Спорт журналистикаси талабалари ўртасида “Озод Шарафиддинов - уста шахматчи” мусобақасини ташкил этиш, университетда “Озод Шарафиддинов музейи”ни ташкил қилиш, устознинг серқирра ижодий фаолияти бўйича илмий лойиҳалар ва танловлар ўтказиш асосий режаларимиздан биридир.

    Талабаларимиз руҳиятини кузатиб шунга амин бўлдимки, Озод Шарафиддиновнинг эссеист, публицист сифатидаги фаолиятини алоҳида ўрганиш ва университет платформасида тарғиб этиш мақсадида олим ҳаёти, ижодига бағишланган илмий-ижодий кечалар ташкил этилаётгани уларга ўзгача ижодий завқ бағишламоқда.

    Озод Шарафиддинов ажойиб ва ҳозиржавоб мунаққид, моҳир таржимон, фидойи муҳаррир, ташкилотчи бўлишдан ташқари, гўзал нотиқ ва эссеист- публицист ижодкор эди. Менимча ўзбек адабий танқидичилиги тарихида Озод Шарафиддиновдек ҳам илми теран, ҳам ҳозиржавоб нотиқ олимни топиш қийин. Нафақат ўзбек олимлари, балки дунё олимлари орасида ҳам Озод Шарафиддинов тезкор ва ҳозиржавоб мунаққидлиги ҳамда таржимонлик фаолияти туфайли “фантастик тарзда яшаб ижод қилган катта ШАХС” сифатида тан олинган.

    Нафақат ўзбек халқининг хотирасида жонкуяр адабиётшунос, таржимон ва жамоат арбоби бўлган Озод Шарафиддинов ўзбек интеллигенциясининг, яъни миллатимизнинг ҳеч қачон ўчиб-сўнмайдиган шамчироғи сифатида абадий қолади.

    Шерзодхон ҚУДРАТХЎЖА,

    Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates