“Парад”ни “кўрик” десаям бўлади...

    Бугунги глобаллашув даврида ҳар бир халқ, ҳар қайси мустақил давлат ўз миллий манфаатларини таъминлаш, бу борада, аввало, маданияти, азалий қадриятлари, она тилини асраб-авайлаш ва ривожлантириш масаласига устувор аҳамият қаратишни кун тартибига қўймоқда.

    Шу маънода, мамлакатимизда амалга оширилаётган ишлар ёш авлодни ватанпарварлик, миллий анъана, қадриятларимизга муҳаббат ҳамда садоқат руҳида тарбиялашда ўзбек тилининг аҳамияти тобора ортиб бораётганини кўрсатади. Бу, ўз навбатида, халқимизнинг миллий руҳи ва ғурурини юксалтириш билан бирга, давлат тилини ҳаётимизда тўлақонли жорий этишга хизмат қилади.

    Шу йил 12 январда Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида ўтган Хавфсизлик кенгаши йиғилишида ҳарбий таълим тизимида бошланган ислоҳотларни узвий давом эттириш, олий ҳарбий билим юртлари, лицей ва коллежлар, жумладан, “Темурбеклар мактаби” ҳарбий академик лицейлари фаолиятини такомиллаштириш, уларда таълим олаётган ўқувчилар қалбида асрлар давомида шаклланган миллий руҳ, она Ватанга меҳр ва садоқат, адолат туйғусини ҳар томонлама кучайтириш, буюк аждодлар, жумладан, Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур, Шоҳрух мирзо, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби саркардаларнинг ҳарбий маҳоратидан кенг фойдаланиш муҳимлиги таъкидланди.

    Шундан келиб чиққан ҳолда мудофаа ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятига давлат тилини кенг татбиқ этиш ҳамда ҳарбий терминологияни бойитиш масалалари бўйича қатор вазифалар белгилаб берилди. Қолаверса, “Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетини ташкил этиш тўғрисида”ги фармонда таъкидланганидек, “Энг аввало, она тилимизнинг қўлланиш доирасини кенгайтириш, унинг тарихий илдизларини чуқур ўрганиш ва илмий асосда ҳар томонлама ривожлантириш бугунги кунда ўта долзарб масалага айланмоқда. Бу ҳақда гапирганда, биринчи навбатда, фундаментал фанлар, замонавий ахборот ва коммуникация технологиялари, саноат, банк-молия тизими, юриспруденсия, дипломатия, ҳарбий иш ва шу каби ўта муҳим тармоқларда ўзбек тили ўзининг ҳақиқий ўрнини эгаллашига эришиш, шу мақсадда замонавий дарсликлар, этимологик ва қиёсий луғатлар яратиш, зарур атама ва иборалар, тушунча ва категорияларни ишлаб чиқиш олдимизда муҳим вазифа бўлиб турганини қайд этиш лозим”.

    Яқинда мазкур вазифаларнинг амалий ифодаси ўлароқ, Маънавият ва давлат тилини ривожлантириш масалалари департаменти ҳомийлигида филология фанлари доктори, профессор Ҳамидулла Дадабоев ва филология бўйича фалсафа доктори (PhD) Ҳамид Ёдгоров томонидан “Ўзбек ҳарбий терминологияси” номли ўқув қўлланмаси нашр этилди.

    Китобда ўзбек ҳарбий терминологиясининг шаклланиш ва тараққиёт босқичлари, хусусан, Кўк турк хоқонлиги, қорахонийлар, хоразмшоҳлар, темурийлар, шайбонийлар, Марказий Осиё хонликлари, чоризм, собиқ шўролар ва мустақиллик даври ўзбек тили ҳарбий терминологиясининг ривожланишига туртки бўлган ижтимоий шарт-шароит ва омиллар, ҳарбий терминлар тизимининг тараққий этишида ўзбек тили қатори бошқа тилларнинг ўрни, истиқлол йиллари ўзбек ҳарбий терминологиясида юз берган жараёнлар очиб берилган.

    Ўрхун-Энасой руник битиклари, хитой ва араб муаррихлари қаламига мансуб тарихий асарлар шундан далолат берадики, қадимги туркий қабила ва уруғлар кўпдан-кўп ҳарбий ҳаракатларда бевосита иштирок этган. Ҳарбий иш кўпгина халқларда бўлгани каби кўк турклар учун ҳам умумхалқ характерига эга эди. Улар жуда ёшликдан ҳарбий иш билан шуғуллана бошлаган. Ҳарбий машғулотлар ҳар бир фуқаро учун мажбурий ҳисобланган. Натижада ҳарбий қурилиш, ҳарбий иш ва ҳарбий санъат билан боғлиқ тушунчаларни ифодаловчи атамалар тизими қадимги туркий тилда вужудга келган ва фаол қўлланган. Шу боис, ўқув қўлланмада дастлаб қаған — олий бош қўмондон вазифасини бажарувчи; ябғу бош қўмондон; шад юқори ҳарбий-маъмурий рутбалардан бири; субаши — қўшин қўмондони; айғучи — ҳарбий маслаҳатчи; ёғичи лашкарбоши, саркарда; бегларбеги амир ул-умаро сингари ҳарбий мансаб, лавозим ва унвонларни ифодаловчи атамалар тадқиқига эътибор қаратилган.

    Шунингдек, таҳлиллар жараёнида лавозим эгаларининг фаолияти, жангу-жадаллардаги иштироки, мансаб пағоналаридан илгарилаб бориши каби жиҳатлар ҳам ёритилган. Ҳарбий лавозим ва рутбаларнинг энг чўққисида олий бош қўмондон вазифасини бажарувчи қаған, яъни давлат бошлиғи турган. Аксарият вазиятларда қағаннинг шахсан ўзи су лашкарга сардорлик қилган, ҳарбий юришларда фаол иштирок этган.

    Юриш чоғида таркиб тажрибали жангчилардан танланиши, айғоқчилар келтирган маълумот асосида ғанимга зарба бериш, лашкаргоҳ танлашга алоҳида эътибор қаратиш, ҳушёрликни қўлдан бермаслик, ғафлатда қолмаслик, ёвга нисбатан ҳийла қўллаш, ғаним билан ярашиш имконияти пайдо бўлган кезда ундан фойдаланиш, битимга келишиш сингари масалалар муҳим саналади. Аждодларимизнинг бу борадаги ҳарбий маҳорати тушун (лашкаргоҳ), язак (илғор қисм), тутғақ (айғоқчи гуруҳ), йўртуғ (соқчи отлиқ), ал (ҳийла), ярашғу (сулҳ), яриқ (совут), босғу (ёвни мағлуб этиш), ялавоч (елчи) атамалари таҳлили орқали кўрсатилган.

    Қорахонийлар салтанати қуролли кучлари қурилиши масалалари Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг”, Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғотит турк” асарида ифодасини топган. Муаллифлар қайд этганидек, қорахонийлар давлати қатор улуслардан ташкил топган бўлиб, улар элиг ёки элигхон томонидан бошқарилган.

    Элиг ҳарбий ҳаракатларда ўз улусидан йиғилган лашкарга сардорлик қилган. Қўшин отлиғ ва ядағ (пиёда)дан ташқари, ўқчи — ёй отувчи, яъни камончилардан шакллантирилган. Ҳарбий қисм — тутуғларда ўнлик тизими етакчилик қилган. Ўн кишидан иборат бўлим бир чодир — ўтоққа жойлашган, унга ўтоқбоши бошчилик қилган.

    Аксарият ҳолларда ўнта ўтоқ бирлаштирилиб, хайл, яъни юзлик ташкил этилган. Бундай бўлинма ўн ўтоқбоши раҳбарлигида ҳаракатланган. Асосий кучлардан анча олдинда айғоқчилик ва разведка ишлари билан банд бўлган отлиқлар гуруҳи — тутғоқ юрган. Марказий қисм, яъни ўрту пиёда ўқ-ёйчилар ҳамда оғир қуроллар билан жиҳозланган соқчи гуруҳлар — йўртуғ ёрдамида кучайтирилган.

    Чингизхон бошлиқ мўғул истилочиларининг кучли зарбалари остида Хоразм ва Мовароуннаҳрдан сиқиб чиқарилган Султон Жалолиддин ХIII асрнинг 20-йилларида Шимолий Ҳиндистон, Афғонистон, Эрон, Кавказорти, Ироқ ерларида қисқа муддатга бўлса-да, аждоди Ануштегин асос солган хоразмшоҳлар салтанатини ўрнатишга муваффақ бўлган эди. У тузган қўшинда ранг-баранг ҳарбий мансаб ва унвонлар тизими мавжуд бўлган. Бу ҳақда Шиҳобиддин Муҳаммад Насавийнинг Султон Жалолиддин Мангуберди ҳаёти ва фаолиятига бағишланган асари гувоҳлик беради.

    Хоразмшоҳ қўшинидабош қўмондонлик вазифаси сипоҳсолорга, қўшинлар ҳолатини назорат қилиш нозир ул-жайшга, йирик аскарий қўшилмаларнинг саркардалиги хон ва амирларга, ўн минг отлиқлардан ташкил топган қисмнинг қўмондонлиги маликларга, вилоят ва шаҳарнинг ҳарбий ишлари волий ва шиҳнага топширилган. Қалъа, қўрғон, ҳисор мудофааси кутволга, қурол-яроғ омбори мудирлиги силоҳдорга, ов уюштириш амири шикорга, султон отхонасига бошчилик қилиш амирохурга, беш юз кишилик аскарий бирлашма — бўлукка саркардалик қилиш сарҳангга, султоннинг тан соқчилари раҳбарлиги амир жондорга, қўшиннинг илғор қисмни бошқариш амир ул-язакка ишонилган. Қўшинда бор жанговар байроқларни кўтариб юриш, уларни эҳтиёт қилиш билан амир ул-алам, лашкар сон-саноғини олиш билан муҳтасиб, султон баҳодирлари, яъни тан соқчиларига маош улашиш вазифаси билан жамакдор шуғулланган.

    “Темур тузуклари”да таъкидланишича, ҳарбий санъат сир-асрорини билган, душман сафини пароканда қилиш йўл-йўриғини яхши эгаллаган, мушкул пайтларда дадил ҳаракат қиладиган, ҳеч қандай тўсиқдан тап тортмайдиган, қўшинда юз бериши эҳтимолдан холи бўлмаган тартибсизликни вақтида бартараф эта оладиган ёвқур ва моҳир жангчиларгина лашкарбошиликка қўйилган.

    Амир Темур тузган армия ўта интизомли бўлиб, саркарда муҳораба чоғи қўшин қисмларини санъаткорона бошқаришга, жанг тақдири ҳал бўладиган жойларга ҳарбий кучларни ўз вақтида усталик билан йўллашга, ҳар қандай тўсиқ ва ғовни тадбиркорлик билан ошиб ўтишга, лашкарнинг жанговар руҳини зарур даражада сақлашга муяссар бўлган.

    Ўқув қўлланмада ёзилишича, темурийлар салтанатида маҳаллий сулола вакиллари ёхуд номдор саркардаларга давлат олдидаги хизматлари эвазига доруға лавозими берилган ва улар нафақат қалъа, қўрғон ёки шаҳарнинг ҳарбий коменданти, шунингдек, муайян ҳудуднинг раҳбари сифатида фаолият юритиб, ҳарбий, фуқаролик ва молия масалаларида масъул ҳисобланган.

    Амир Темур, темурийлар ва ўзбек хонлари қўшинида ўн минг аскардан ташкил топган корпус, дивизия қўмондони маъносини ифодалашда туманбеги билан ёнма-ён туман амири, туман ақоси истилоҳлари ҳам қўлланган.

    Соҳибқирон армиясида 50 дан 100 (баъзан 500) нафаргача жангчидан иборат ҳарбий бўлинмалар ҳам мавжуд бўлиб, уларга қўшунбегилар, тез ҳаракат қиладиган отлиқлар гуруҳига илғорбеги раҳбарлик қилган.

    Шу ўринда айтиш керакки, қўшиннинг бўлим, бўлук (полк) ва туман (дивизия)ларга бўлиниши, уларнинг ҳар бири учун муайян бичим ва рангдаги кийим (форма)ларнинг жорий этилиши сингари янгиликлар кейинчалик европалик халқлар томонидан ўзлаштирилган.

    Бобур ва бобурийлар даврида ҳарбий фаолият, жанг усулларининг хос шакллари амал қилган. Бу, ўз навбатида, муайян ҳарбий атамалар тизимини шакллантирган: чериг, лашкар (қўшин), хосса тоби (асосий қисм), бўй (шахсий гвардия), тўлғама (отлиқ аскарлар), тура (одам бўйига баробар келадиган қалқон), отғувчи (ўқчи), сипоҳ (аскар), мўғулча навкар (аскар), арғамчи (қорамол терисидан тайёрланган арқон), яёғ (пиёда).

    Муаллифларнинг таъкидлашича, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг сон жиҳатдан катта бўлмаган черигида ўт сочувчи туфак//туфанг, милтиқ билан қуролланган туфангандоз, милтиқчи ва милтиқ отқувчи деб аталадиган аскарлар ҳам хизмат қилган.

    Бобурнинг Ҳиндистон ҳукмдори Иброҳим султон билан 1526 йили Панипатда кечган жангида туфангандозларга одам бўйи баробар тура ҳамда арқонлар билан бир-бирига боғланган 700 та арава ортида жойлашиб, душманни ва унинг жанговар филларини ўққа тутишдек муҳим тактик вазифа юклатилган. Туфангандозлар шайбонийлар ва уч хонлик қўшинида ҳам фаолият юритган.

    Марказий Осиё хонликларида қуролли кучларни бошқаришнинг ўзига хос тизими шаклланган. Бу даврда карнайчи, сурнайчи, ноғорачи, найчи, довулчилардан иборат ҳарбий мусиқачилар ҳарбий юришнинг бошланиши, қўшиннинг ҳаракати ҳамда эришилган зафарлардан аҳолини хабардор қилиш вазифасини ҳам адо этган.

    Бухоро амирлигида ҳарбий мансаблар пиллапоясидан оталиқ — бош қўмондондан кейин қўшбеги, ундан сўнг ҳарбий маслаҳатчи — иноқ жой олган. Нақиб иноқдан кейинги рутба бўлиб, ўз навбатида парвоначидан юқори турган. Мансаблар пиллапоясининг бешинчи поясидан қаровулбеги, олтинчисидан мирохур, еттинчисидан эса тўқсоба ўрин эгаллаган. Амирликда, шунингдек, тўпчибоши, ясавулбоши, жибачи, қурчибоши, чуҳра ақоси каби истилоҳлар билан аталган ҳарбий амалдорлар фаолият юритган.

    Мамлакатимиз Қуролли Кучлари Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги тизимидаги қисм ва бўлинмалар, Ички ишлар вазирлигининг ички ва қоровул қўшинлари, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардия, Давлат хавфсизлиги хизматининг ҳарбийлаштирилган қисмлари ва чегара қўшинларидан ташкил топган. Қўшинлар қўлланишининг стратегик ва тактик жиҳатидан келиб чиқиб, Қуролли Кучлар тузилиши асоси Ўзбекистон Республикасини ҳимоя қила оладиган қўшинлар ва махсус қўшинларни тузишга қаратилган. Булар қуруқликдаги қўшинлар, ҳарбий ҳаво кучлари, ҳарбий ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари, махсус қўшинлар, муҳандислик-қурувчилик қўшинлари, Ички ишлар вазирлигининг ички ва қоровул қўшинлари, Давлат хавфсизлик хизматининг ҳарбийлаштирилган қисмлари ва чегара қўшинлари сингари бирикма атамалар билан юритилмоқда.

    Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари тизимида мавжуд унвонлар қўшин ва кема таркибидаги унвонларга бўлинади. Шундан келиб чиққан ҳолда ўқув қўлланмада қайд этилган гуруҳлардаги оддий аскар (оддий аскар, матрос, денгизчи), сержантлар (III даражали сержант, II даражали сержант, бош старшина) ҳамда офицерлар (лейтенант, капитан, полковник, генерал, армия генерали) таркиби билан боғлиқ ҳарбий атамалар шарҳи ҳам эътибордан четда қолмаган.

    Ҳозирги ўзбек атамашунослиги таркиби қурол турлари номларини англатувчи истилоҳлар ҳисобига кенгаймоқда. Чунончи, китобда уларнинг номлари қуйидаги тарзда акс этган: ўқотар қурол, мина, торпеда ва ракетали қурол, реактив қурол, ядро қуроли, кимёвий қурол, бактериологик (биологик) қурол, совуқ қурол, талафот етказиш хусусиятларига кўра: оммавий қирғин қуроли; шикаст етказувчи оддий қурол; бажарадиган жанговар вазифаларнинг миқёсига кўра, стратегик; оператив-тактик; тактик қурол; қўлланиш мақсадига кўра: бир мақсадли – самолётга қарши, танкка қарши, сув ости кемасига қарши, кўп мақсадли, мажмуий қурол; хизмат кўрсатадиган инсонлар сонига кўра: шахсий қурол, гуруҳ қуроли; ўт очиш жараёнининг автоматлаштирилганлик даражасига кўра: автомат(ик), ярим автомат(ик), автоматлаштирилмаган; бевосита шикаст етказувчи воситаларнинг нишон томон ҳаракати мобайнидаги траекторияни ўзгартириш имконияти мавжудлигига кўра: бошқариладиган, бошқарилмайдиган сингари терминлар.

    Бундан ташқари, бугун ҳарбий фаолиятда қўлланаётган хорижий ўзлашма терминларнинг ўрнига ўзбекча муқобиллари ҳам тавсия қилинган. Масалан: айғоқ — разведка, кўрик — парад, бўлма — каюта, бўлик — полк, элликбоши — взвод командири, кўлам — масштаб, мингбоши — бригада командири, ўнбоши — бўлим командири, ўқсочар — пулемёт, ўрон — парол, қопқоқ — люк, қумбура — бомба, соқчи — патрул каби.

    Маълумотлардан кўриниб турибдики, ўзбек ҳарбий терминлар тизимининг шаклланиши кўҳна тарихга бориб тақалади. Бунда, биринчидан, ўзбек тилида қадимдан мавжуд бўлган терминларнинг кейинги даврларда қўлланишда давом этгани, иккинчидан, янги терминларнинг юзага келиш жараёнларини ҳисобга олиш мақсадга мувофиқ.

    Қолаверса, Қуролли Кучлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимида, шунингдек, ҳарбий идора ҳамда муассасалардаги меъёрий ҳужжатлар, ички қоида, низомлар, кўргазмали қуроллар, тарғибот материалларини давлат тили талабларига мослаштириш, халқимизнинг ҳарбий мероси, тарихий-ҳарбий терминларни ўрганиш, ҳарбий соҳадаги атамаларнинг ўзбек тилидаги муқобилларини топиш, янги луғатлар ва қомуслар тайёрлаш каби масалалар ҳарбий тузилмалар фаолиятида давлат тили сўз бойлигидан тўлиқ ҳамда тўғри фойдаланиш, унинг ҳарбий тил сифатидаги нуфузини ошириш имконини беради.

    Бахтиёр АБДУШУКУРОВ,

    Алишер Навоий номидаги

    Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети

    ўзбек филологияси факультети декани, филология фанлари доктори, профессор

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates