Шунингдек, пахта хом-ашёсини қабул қилиш жараёни очиқлик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида ушбу жараёнда ахборот-коммуникация технологияларидан ва электрон тарозилардан фойдаланиш белгиланган.
Одатда фермер хўжаликлари пахтани топширишда тайёрлов масканларига қарашли лабораториялар томонидан аниқланган нави, синфи, намлик кўрсаткичига эътироз билдиришади.
Пахтанинг нави, синфи унинг нархига тўғридан тўғри таъсир қилса, ифлослиги ва намлигининг меъёрдан юқори бўлиши унинг вазнининг чегирмалар ҳисобидан камайишига сабаб бўлади. OʼzDst 615 давлат стандартига мувофиқ ушбу чегирмалар пахтанинг ифлослиги 2 фоиздан, намлиги 9 фоиз меъёрлардан ошганда ҳисобланади.
Пахтани қабул қилиш-топшириш жараёнида пахтанинг сифати бўйича вужудга келган низоли ҳолатларни холис кўриб чиқиш мақсадида, Вазирлар Маҳкамасининг «2020 йил пахта ҳосилини йиғиб-териб олиш ишларини уюшқоқлик билан ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 8 сентябрдаги 545-сонли қарорига асосан, «Ўзагроинспекция» Қишлоқ хўжалик вазирлиги, «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси, «Ўзстандарт» агентлиги, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер кенгаши билан биргаликда Республиканинг ҳар бир ҳудудида, шунингдек ҳар бир пахта етиштирувчи туманда арбитраж гуруҳлари ташкил этилди.
Пахтадан намуналар олиш, унинг сифат кўрсаткичларини аниқлаш тартиби бир нечта давлат стандартларида белгилангани сабабли, мутахассис бўлмаган шахсларга бу стандартлардан керакли маълумотларни олиш қийинчиликлар туғдириши табиий ҳол. Пахтани қабул қилишда лаборатория синовларини ўтказишни шаффофлигини таъминлаш мақсадида, «Ўзагроинспекция» томонидан ушбу стандартларнинг энг асосий талаб ва тартиблари танлаб олиниб, тизимли ҳолатга келтирилди ва «2020 йил пахта ҳосилини қабул қилиш мавсумида пахта хом-ашёсининг сифат кўрсаткичларини аниқлаш бўйича методик қўлланма» ишлаб чиқилди.
Шунингдек, ушбу назорат тадбирини сифатли ўтказиш мақсадида «Ўзагроинспекция» ходимлари учун онлайн кўринишда ўқув семинари ташкил этилиб, тегишли кўрсатмалар берилди, шу билан бирга «Ўзагроинспекция»нинг ҳудудий бошқармалари томонидан арбитраж гуруҳлари ва манфаатдор томонлар иштирокида пахтани қабул қилишда лаборатория синовларини ўтказиш ва низоли ҳолатларни бартараф этиш бўйича ўқув семинарлари ўтказилмоқда.
Пахта хом ашёсини қабул қилишда соф ва кондицион вазнлардаги фарқи нотўғри белгиланганда ёки асоссиз чегирмалар қўлланилганда «Ўзагроинспекция»нинг (71) 202-12-11-рақамли Республикадаги ишонч телефонига ёки Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоят ҳудудий бошқармалари томонидан бир вилоят ҳамда туманларда ташкил этилган ишонч телефонларига мурожаат этишингиз мумкин. Ҳар бир мурожаат арбитраж гуруҳи томонидан холис ва тезкор кўриб чиқилиши таъминланади..
«Ўзагроинспекция» нинг Пахта хом-ашёси ва уни қайта ишлашдан
олинган маҳсулотлардан фойдаланишни назорат қилиш бўлими