Маълум қилинишича, агар пластик картадан асоссиз пул ечилган ҳолат кузатилса, дарҳол пластик карта берилган тижорат банкига мурожаат қилиш керак. Чунки биринчи навбатда пул қаерда, қандай ечилган деган саволга жавоб топиш керак.
Мисол учун бир мурожатчининг пластик картасидан 110 000 сўм ечиб олинган. Маълум бўлишича, мурожаатчи таниши кредит олаётганда ўз хоҳиши билан кафил бўлган. Асосий қарздор тўловни ўз вақтида амалга оширмагандан кейин мурожаатчининг пластик картасидан кредит суммаси график асосида ечиб олинган. Бироқ пластик картадан асоссиз пул ечилган тақдирда, агар сиз умуман кредит олмаган бўлсангиз, ва ҳеч кимга кафил турмаган бўлсангиз ана ундан кейин тегишли ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотларга мурожаат этиш керак.
Афсуски пластик карталаридан асоссиз пул ечиб олиш ҳолати ҳозирда кўп учрамоқда. Шу ўринда юртдошларимизга эслатиб ўтмоқчи эдик. Аввало ўз пластик картангизнинг паролини, шунингдек пластик картангизнинг 16 рақамли ҳисоб рақамини ҳеч кимга айтманг ва берманг. Чунки баъзан ўзимиз билмаган ҳолда пластик картасидан асоссиз равишда пул ечиб олишга сабабчи бўлиб қоламиз.
Мисол учун бир фуқаро томонидан келган мурожаатга тўхталсак, унинг телефонига СМС келган. “Сиз палончи фонддан пул ютуғига эга бўлдингиз. Табриклаймиз. Пластик картангиз рақамини айтсангиз, пулни ташлаб берамиз,” дейишганда. Мурожаатчи хурсанд бўлганидан ўйламай пластик карта рақамини берган. Ва табиийки, унинг пластигидаги сумма ечиб олинган.
Бунақа мисоллар афсуски жуда кўп. Шундай экан, яна бир бор таъкидлаймиз бу каби ҳолатларга тушмаслик учун пластик карта рақамини ҳеч кимга бермаслик ва озгина хушёрлик талаб этилади.









