Президентликка номзод Мақсуда Ворисова Фарғона вилояти сайловчилари билан учрашди

    Сайлов 7 октябр 2021 1165

    Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Президентликка номзод Мақсуда Ворисова Фарғона вилояти сайловчилари билан учрашди.

    Фарғона шаҳридаги Тадбиркорлар уйида бўлиб ўтган тадбирни Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси Улуғбек Иноятов очди.

    Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Мақсуда Ворисова сайловолди дастури юзасидан маъруза қилиб, ундаги устувор йўналишлар билан сайловчиларни таништирди. Унда олис ва чекка ҳудудларда шифокорлар ҳамда ўқитувчиларга бўлган эҳтиёжни қоплаш учун “Қишлоқ шифокори” ва “Қишлоқ ўқитувчиси” дастурларини амалга ошириш, уларни моддий ва маънавий рағбатлантириш тизимини қонунчилик асосида мустаҳкамлаш, аҳолининг кам таъминланган қатламларига бепул, сифатли ва тўлақонли бирламчи тиббий ёрдам кўрсатиш масалаларига тўхтаб ўтилди.

    Президентликка номзоднинг дастурида ёшлар масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, ёшларнинг касб-ҳунар танлаши, бепул ва сифатли таълим олиши, ўқув муассасаларини тугатгандан сўнг ишга жойлашиш кафолатини мустаҳкамлаш, иш билан таъминлаш самарадорлигини ошириш бўйича муҳим таклифлар илгари сурилган.

    –Биз сайлов жараёнлари учун «Барчага ғамхўрлик – давлатнинг бурчи!» деган шиорни ҳам илгари сурмоқдамиз, – дейди Мақсуда Ворисова. – Қўл билан берганга қуш тўймас, деган нақл бежиз айтилмаган. Аввало, юртдошларимиз учун иш ўрни, муносиб меҳнат шароитини яратиб беришимиз керак. Инсон самарали меҳнат қилса, яхши даромад топади. Биз Фарғонани биламизки, бу ерда дангаса одамнинг ўзи йўқ. Бир қарич ердан катта даромад кўраётган оилалар кўплаб топилади. Ногиронлиги бўлган шахсларнинг талаб ва эҳтиёжлари, қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш ҳам асосий вазифаларимиздан саналади. Фарғона вилоятида бугунги кунда 56 минг 893 нафар ногиронлиги бўлган шахслар истиқомат қилади. 30 та махсус мактаб-интернатлар фаолият кўрсатмоқда, уйда таълим олувчилар бор. Уларни ҳар томонлама ижтимоий ҳимоя қилишимиз керак.

    Қишлоқ хўжалиги – мамлакатимиз иқтисодиётининг асосий тармоқларидан ҳисобланади. Соҳа ривожи озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, республиканинг экспорт салоҳиятини оширишда муҳим аҳамият касб этади. Дастурдан қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни янада жадаллаштириш вазифаси ўрин олган.

    Учрашувда сайловчилар ўзларини қизиқтирган саволлар билан Президентликка номзодга мурожаат қилди, Фарғона вилоятини ҳудуд имкониятларидан келиб чиққан ҳолда ривожлантириш борасида таклифларини билдирди.

    Учрашувда сўзга чиққан фаоллар Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Президентлигига номзод Мақсуда Ворисованинг сайловолди дастурини қўллаб-қувватлаб, барчани сайловда ушбу номзодга овоз беришга даъват қилди.

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates