“Қадр аёлдан бошланса, қадримиз янада баланд бўлади”

    Зумрад қиш иҳоясига етиб, ўз ўрнини фасли навбаҳорга бўшатиб бериш тараддудига тушиб қолган кунлар арафасида ижодий жамоамиз билан ёши улуғ онахонларнинг дуоларини олиб, ўгитлари ва қимматли насиҳатларидан баҳраманд бўлиш учун Бўстонлиқ туманига йўл олдик.

    Мусаффо тоғ ҳавосидан мириқиб нафас олар эканмиз, узоқ умр кўришнинг яна бир сири ғуборсиз ҳаво ва яшилликка бурканган она табиатнинг сўлим гўшалари эканига яна бир бор амин бўлдик.

    Ғазалкентлик онахон 104 ёшга тўлди

    Илк борар манзилимиз Ғазалкентнинг Главасой маҳалласида истиқомат қилувчи Канаим Қулматованинг хонадони бўлди. Шинамгина хонадонга кириб борар эканмиз, димоғимизга кўкламнинг ифорли нафаси уфургандай бўлди. Кафтдеккина жойда баҳордан дарак берувчи исмалоқ, кўкпиёз каби кўкатлар ерни яшнатаётгандек туюлса, оппоқ рўмолини яраштирибгина ўраб, қаршимизга пешвоз чиққан 104 ёшли онахоннинг нурли чеҳраси кўнглимизни қуёшдек ёритди. Суҳбатимиз эса жуда мароқли кечди. К.Қулматова 1920 йилнинг 2 февраль куни таваллуд топган.

    — Баҳор яшартирувчи фасл, аммо ҳар ташрифи ҳаётимнинг бир варағини юлиб кетади. Худога шукр, оёқдан қолмадим, ўзим секин-аста кириб-чиқиб юрибман. Қани энди ҳозир ҳам куч-қувватим бўлса. Афсуски, йиллар ўз ҳукмини ўтказар экан, — дейди онахон биз билан ҳол-аҳвол сўрашиб бўлгач. — Ёшлик давримда эрта баҳордан дала ишларига шўнғиб кетардик. Ғўза чиққач, чопиқ қилардик, кечалари ой ёруғида далани суғорардик, сувчи ҳам, пахтакор ҳам ўзимиз эдик, лекин ҳеч қачон ҳаётдан нолимаганмиз. Меҳнат қилиб, кам бўлмадим. Ҳозирда тинч, фаровон замонда тўкин яшаяпмиз, ҳамма нарса бадастир. Ҳукуматимиздан айланай, пенсияларимизни ҳам ўз вақтида уйимизга келтириб беришади, ойлаб почтачининг йўлига сарғайиб кутмаймиз. Ҳар ойда туман каттаконлари, маҳалла раиси келиб, ҳолимдан хабар олади. Барака топишсин, ҳамширалар соғлиғимни текшириб туради. Кексаликнинг асл фароғати ва ҳузури шунда. Илоҳим, элимизда тўкинлик ва тинчлик бўлсин...

    Болалигидан ғўза чопиб, ипак қурти боқиб, тонг саҳардан кеч оқшомгача бир бурда нон учун тинимсиз меҳнат қилиб вояга етган Канаим буви ёшлигидаёқ серғайрат бўлган. Улғайгач, ота-онаси битта шойи кўйлак ва ўша даврнинг фаранг рўмолига ўраб, турмушга узатган. Халқимиз бошига кўп кулфатларни келтирган Иккинчи жаҳон уруши ёшгина келинчакнинг бахтига ҳам соя солган. Турмуш ўртоғи фронтга кетганидан сўнг етишмовчилик ва оғир меҳнат туфайли нимжонгина туғилган қизи очарчиликдан вафот этган экан.

    У ҳар қандай ҳолатни Яратганнинг ёзуғи дея қабул қилган ва бор дардини ичига ютиб, аламини меҳнатдан олади. Ҳалол меҳнати билан эл ичида ҳурмат қозонади. Узоқ йиллар халқ депутати бўлиб фаолият кўрсатди. Урушдан ярим жонини асраб келган турмуш ўртоғи билан далада меҳнат қилди. Қишнинг аёзли кунларида йўқчиликдан юпун кийиниб, эртадан кечгача оёғидан зах ўтказиб, даладаги қора меҳнатлари боис, ҳар қанча ҳаракат қилмасин, афсуски, оналик бахтига қайта эриша олмади.

    Шундай бўлса-да, бошини хам қилиб, йиғлаб, нолимади. “Қўни-қўшни, қариндош-уруғларнинг болаларига меҳр берсак, ўзимизнинг боламиз бўлади”, дея эрига ҳам тасалли беради. Чиндан ҳам тақдир тақозоси билан яқинларига улашган меҳру муруввати йиллар ўтиб, бугунги кунда онахонга юз карра зиёдаси билан беминнат қайтмоқда.

    Онахоннинг турмуш ўртоғи вафот этгач, унга жияни Одилбек ака, унинг аёли ва фарзандлари ўз онасидай меҳр бериб, ардоқлаб қараб турибди. Юзлари нурли онахон ушбу хонадоннинг кўрки, дастурхонининг файзу баракоти. Унинг дуоси бу уйдагиларнинг йўлларини ёритиб, яхшиликларга йўлдош қилиб, файз беряпти.

    Ғазалкентлик онахоннинг қалбидан чиқиб, қоғозга кўчаётган, шукроналик, сабр-қаноат, ёмонликка яхшилик билан жавоб бериш каби эзгуликка йўғрилган доно сўзлари замирида барчамизга ибрат бўлган ўгит ва доно ҳикматлар бисёр. Эшитганимиз сари кўнглимиз равшанлашиб, ҳаётга бўлган муҳаббатимиз ошиб бораверади.

    Халипа бувининг ҳикоялари

    Навбатдаги манзилимиз Айдарали маҳалласи Бешёғоч кўчаси 90-хонадонда яшовчи Қобилбековлар хонадони бўлди. Ҳамиша осойишталик, оғизбирлик ҳукмрон бўлган бу оилага кўпчилик ҳавас қилади. Хонадон улуғи бўлмиш Халипа Қобилбекова 1923 йилда туғилган, жорий йилнинг 19 март санасида 102 ёшга қадам қўяди.

    8 ўғил-қизни вояга етказиб, 25 невара, 43 чевара ва 8 эварага бош бўлган Халипа буви ҳар бир тонгни шукроналик билан қарши олади. Ўтмишни эслаб, кўзлари ёшланиб, қўллари қалтираб айтиб берган мунгли ҳикоясини тинглар эканман, раҳматли бобомнинг “Етимликнинг юзи қурсин”, деган сўзлари эсимга тушди. Ота-онаси эрта вафот этгач, 6 ёшли қизалоқнинг болдай ширин ­болалик йиллари етимликнинг аччиқ изтиробли кунлари билан аянчли ўтган. Оддийгина қилиб айтадиган бўлсак, тоғаларининг бағрида, янгаларининг қўлида оғир ҳаёт кечирган. 3-синфдан кейин мактабдаги ўқишини ҳам давом эттира олмаган. Аммо тиришқоқлиги боис, хат-саводи яхши бўлган.

    Вояга етиб, олис бир қишлоққа келин бўлиб тушганидан сўнг ҳам етишмовчиликларда яшаса-да, қайнота-қайнонаси, эрининг меҳри унга катта куч ва далда берган. Ўзи ва турмуш ўртоғининг орттириб топган улуши эвазига қора қозони қайнаб турган. Дала иши, рўзғор юмушлари, фарзандлар тарбиясидан ортиб, ўз хонадонида болалар боғчасини очган. Қилган меҳнатлари эвазига депутат бўлиб сайланган. Маҳалланинг маслаҳатгўйи, тўю маъракаларнинг кайвониси, хотин-қизларнинг сирдоши бўлган. Елиб-югуриб қилган меҳнатлари эвазига шўро даврида бир даста медаллар ҳам олган.

    Турмуш ўртоғи Прат бобо ҳам тўқсондан ошиб, бу фоний дунёни тарк этган. Ҳозирда онахонинг катта ўғли 63 ёшда. Қолганлари ҳам олтмишдан, элликдан ошиб, фарзанд ва неваралари бағрида фароғатли умргузаронлик қиляпти. Пиру бадавлат онахон энг кичик ўғли Эшжон Қобилбеков ва келини Донохон билан яшайди.

    — 26 йилдирки ойижоним билан бир том остида яшайман. Биз, келинларга сира қаттиқ гапирмаган. Қайнонамнинг меҳр-оқибати туфайли 5 овсин, 3 қайнопа-қайнсингиллар аҳил-иноқмиз. Бирор ишимиздан камчилик топиб, дакки берганини эслолмайман. Турмушда учраб турадиган оғир вазиятларда ҳам ойижоним ҳар қандай муаммога босиқлик билан ечим топган, — дейди Донохон Қобилбекова. — Қўни-қўшни, қариндош-уруғларга ҳам бирдай меҳрибон. Оиламиздаги осойишталик ва қут-барака қайнонамнинг шарофатидан. Яқин йилларгача рўзғор юмушларида ўзлари бош бўлиб, сира тиним билмас эди. 99 ёшларида ҳам ҳассага таяниб, ҳовлида айланиб юрарди. Сўнгги йилларда бизнинг кўмагимизда ташқарига чиқяпти. Қайнонамга қараб туриб, узоқ умр кўришнинг сири самимиятда, меҳрда ва доимий ҳаракатда деган хулосага келдим. Бахтимизга оиламизнинг фариштаси ва дуогўйимиз бўлмиш ойижоним соғ-омон бўлсин!

    Ҳа, “Қариси бор уйнинг фариштаси бор” деган ҳикматли гап бежиз айтилмаган.

    — Туманимизда ёши улуғлар жуда кўп. Катта тажрибага эга бўлган, узоқ йиллар турли соҳаларда меҳнат қилиб, бугун қарилик гаштини суриб, маҳаллада ўз обрў-эътиборига эга бўлган кайвониларнинг салоҳиятидан фойдаланиш ёшлар ҳаётида алоҳида ўрин эгаллайди, — дейди Бўстонлиқ тумани ҳоким ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Лобар Шодиева. — Қаҳатчилик даврининг уқубатини, уруш йилларининг азобини кўрган, юз ёшдан ошган Канаим Қулматова ва Халипа Қобилбекованинг турмуш тарзи туманимиз ёшлари учун катта ибрат мактаби. Кўпгина тадбирларда иккала онахоннинг бошидан ўтказган қийинчиликлари ёшларга ҳикоя тарзида айтиб берилади. Ёши улуғлар иштирокида уюштириладиган “Уч авлод учрашуви” каби маънавий-маърифий тадбирлар келажак авлодни эзгуликка чорлаб, яхшиликка ундамоқда. Она юртимиз тинчлиги, хонадонлар аҳиллиги уларнинг дуолари ва доно ўгитлари билан янада ободдир.

    Икки аср билан юзлашган, юзларидан нур ёғилиб, ўз хонадонининг фариштаси бўлиб ўтирган онахонлар билан хайрлашаётганимизда уларнинг ҳар бири юртимизда тинчлик ва хотиржамлик ҳукм суришини, ёшларимиз бахтли-саодатли бўлишини ҳамда Президентимиз соғлиғини Яратгандан сўраб, қайта-қайта дуога қўл очди.

    Биз ҳам ўз меҳнатидан барака топиб, юртимизнинг эъзоз ва эҳтиромида бўлган улуғ ёшли онахонларга янгиланиш ва яшариш фаслининг илк кунларида тан-сиҳатлик тилаган ҳолда мақоламизни давлатимиз раҳбарининг “Қадр аёлдан бошланса, қадримиз янада баланд бўлади!”, деган сўзлари билан якунлашни ихтиёр этдик.

    Зеро, қадри баланд аёлнинг қадди ҳамиша тик, бағри ва бахти бутун бўлажак!

    Гуличеҳра ДУРДИЕВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири