Қандай ҳолларда алиментни бобо ёки буви тўлаши мумкин?

    Ижтимоий ҳаёт 18 март 2024 1099

    Алимент борасида тез-тез қулоғимизга чалиниб турадиган гап-сўзлар кишида наҳотки қонунчиликда вояга етмаган фарзандлари учун алимент ундиришни бирор чораси бўлмаса, деган фикр уйғотади.

    “Алимент тўловчи шахснинг даромади йўқмиш...”, “МИБ отанинг номида ҳеч қандай мулк йўқлиги сабаб ундириб бера олмабди...”. Алимент борасида тез-тез қулоғимизга чалиниб турадиган ана шундай гап-сўзлар кишида наҳотки қонунчиликда вояга етмаган фарзандлари учун алимент ундиришни бирор чораси бўлмаса, деган фикр уйғотади. Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексида бундай ҳолларда қандай чора кўришнинг қонуний ечими яққол кўрсатиб ўтилган.

    Хусусан, Кодекснинг 123-моддага кўра, ота-онаси йўқ бўлган ёки улардан таъминот ололмайдиган вояга етмаган невараларига таъминот бериш мажбурияти етарли маблағга эга бўлган бобо ва буви зиммасига юклатилиши мумкин. Вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож невараларнинг ота-онаси, эри ёки хотини (собиқ эри ёки хотини) ва вояга етган меҳнатга лаёқатли болалари бўлмаса ёхуд улардан таъминот учун маблағ ололмаса, уларга нисбатан ҳам бу мажбурият бобо ва бувининг зиммасига юклатилиши мумкин.

    Хўш, бу тартиб қандай ҳолларда татбиқ қилинади? Қонунчиликка асосан, бобо ва бувининг зиммасига вояга етмаган невараларига таъминот бериш мажбуриятини юклаш учун биринчи навбатда вояга етмаган невараларнинг ота-онаси, яъни шу неварага бобо ва буви бўлган шахсларнинг болалари йўқлиги, шунингдек, невараларнинг ота-оналарининг болалари йўқлиги ҳамда бобо ва буви вояга етмаган невараларига таъминот бериш учун етарли маблағга эга бўлиши шарт.

    Улар нафақат вояга етмаган невараларига, балки вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож невараларига ҳам таъминот беришлари лозим бўлади. Бунда меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож невараларнинг ота-онаси, эри ёки хотини (собиқ эри ёки хотини) ва вояга етган меҳнатга лаёқатли болалари бўлмаса ёхуд улардан таъминот учун маблағ ололмаса, бобо ва буви уларга таъминот бериш мажбуриятини зиммасига олади.

    Бунинг акси сифатида невараларнинг ҳам бобо ва бувиларига алимент (таъминот) бериш мажбурияти бор. Жумладан, ўзларининг вояга етган (оила кодекси 124-модда) болаларидан ёхуд эри ёки хотинидан (собиқ эри ёки хотинидан) таъминот ололмайдиган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож бобо ва бувига таъминот бериш мажбурияти етарли маблағга эга бўлган вояга етган меҳнатга лаёқатли неваралар томонидан амалга оширилиши мумкин.

    Содда қилиб айтганда, неваралар ҳам ўзларининг бобо ва бувиларига таъминот беришлари лозим бўлади. Бунда бобо ва буви меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож, ўзларининг вояга етган болаларидан ёхуд эри ёки хотинидан (собиқ эри ёки хотинидан) таъминот ололмаётган бўлиши даркор.

    Умуман олганда, невараларнинг бобо ва бувиларига таъминот беришлари иккиламчи алимент муносабатлари бўлиб, неваралар фақат юқоридаги шартлар мавжуд бўлганда, алимент тўлашлари лозим бўлади.

    Мансур Ҳасанов,
    Самарқанд вилоят адлия бошқармаси
    Ахборот хизмати раҳбари

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates