Муҳандислар — тараққиёт таянчи

    Йил охиригача барча кафедрада электрон кооперация порталида 10 миллиард сўмликдан зиёд шартнома тузилиши режа қилинган.

    Яқинда давлатимиз раҳбари ректорлар ва профессор-ўқитувчилар билан мулоқот қилиб, муҳандис кадрлар тайёрлаш борасидаги асосий вазифаларни белгилаб берди. Чунки муҳандислик соҳаси ҳаётимизнинг барча жабҳасига чуқур кириб, амалий саъй-ҳаракатларимиз мезонига айланиб бормоқда. Муҳандис кадрларни салоҳиятли ва ватанпарвар этиб тарбиялаш халқимиз оғирини енгил қилиш, ишлаб чиқаришда янги замонавий технологияларни жорий этиш, дунё тамаддунидаги ўрнимизни янада юксалтиришда муҳим.

    Йиғилишда бугунги мураккаб вазиятда барча давлат ички ресурсларга таяниб, инновацияга интилаётгани қайд этилди. Соҳадаги шароит аввалгидан ўзгарган бўлса ҳам шиддатли замон учун етарли бўлмаётгани таъкидланди. Дунёда иқтисодий ва ижтимоий мавқейимиз ўзгариши муҳандислик ва яратувчанлик салоҳиятимизга боғлиқ. Иқтисодиётимизнинг жадал ўсишини таъминлашда юқори малакали муҳандис-технологларга эҳтиёж юқорилигига ҳам урғу берилди.

    Шу билан бирга муҳандисларнинг ҳар бир соҳага чексиз меҳнати синггани ҳам очиқ-ойдин ҳақиқат. Ҳамиша инсониятни тараққиётга олға бошлайдиган, ноёб лойиҳаларга илҳомлантирадиган муҳандислар даврнинг илдам етакчиларидир. Хусусан, миллий муҳандислик тизимимиз ва ўзига хос мактаб шакллантириш вазифаси олдимизда турган энг муҳим мақсадимизга айланиши керак. Жаҳон бозорида инновацион, тежамкор, янги лойиҳаларга талаб юқори бўлаётгани, иқтисодий товар айланмасида ҳам муҳандислик маҳсулотлари салмоғи асосий ўрин эгалламоқда. Бу, ўз навбатида, иқтисодий барқарорликка иқтидорли муҳандисларни тарбиялаш орқали эришиш мумкинлигини англатади. Сабаби энг мураккаб турдаги операцияларни амалга оширадиган аппаратлардан тортиб, миниб юрган машинамиз, яшаётган биноларимиз, юраётган йўлларимизгача, энг мураккабдан содда инструментларгача муҳандислар меҳнатидан баҳраманд бўлмоқдамиз. Бугун дунёнинг энг бой одами ҳам, инсоният тафаккуридан анча илдамлаб кетаётганлар ҳам муҳандислардир.

    Йиғилишда техника олийгоҳларидаги йўналиш ва мутахассисликлар ишлаб чиқарувчилар талабига мос эмаслиги танқид қилинди. Бу ўринда кадрлар тайёрлашда меҳнат бозори талаб ва таклифларини ҳисобга олиш, пухта ўзлаштириш зарурлигини қайд этмоқчимиз. Яқин ва узоқ истиқболдаги ривожланиш нуқтайи назаридан бизга замон талаби, ислоҳотлар шиддатига мос кадрлар керак. Ушбу мақсадни рўёбга чиқариш учун ОТМларда долзарб ва илғор йўналишларни жорий этишимиз заруратдир. Соҳани нафақат жонлантириш, давлатимиз таянчига айлантиришдек вазифани зиммамизга олган эканмиз, ОТМ раҳбарлари ва мутасаддилар тинимсиз изланишда бўлиши, янгиликлардан узилиб қолмаслиги, жаҳон тажрибаси билан боғлиқлик ҳосил қила олиши керак. Бу ватанга ва халқ тараққиётига хизмат қилишнинг гўзал кўринишидир.

    Бухоро муҳандислик-технология институтида ҳозир робототехника ва мехатроника йўналишида кадрлар тайёрлашга алоҳида урғу берилмоқда. Чунки робототехника аста-секин одамларнинг профессионал ва шахсий ҳаётининг бир қисмига айланиб улгурган даврда яшаяпмиз. Ушбу паллада нафақат юқори технологияларни ишлата оладиган кадрларга эҳтиёж сезамиз, балки ушбу технологияларни ярата оладиган ёшларни ҳам тайёрлашимиз муҳим. Албатта, бунга бир ёки икки йилда эришолмаймиз. Бироқ муҳим жараёнлардан муваффақиятли ўта олишимизга ишонаман. Изчиллик, тўхтовсиз ҳаракат ва стратегик йўл харитамиз бўлиши соҳа ривожининг асосий омилидир. Юқори технологияли давлатларда ҳамма жабҳа тобора автоматлаштирилмоқда. Илгари унумдорлик қўл меҳнати асосида ўлчанса, бугун тезлик ва технология самарадорлик калитига айланмоқда. Жамоат транспортларини ҳайдовчисиз бошқариш, коинотни тадқиқ қилиш, океан тубидаги нефть қувурларини таъмирлаш, шифохоналардаги жарроҳлик муолажалари, фабрикалардаги ишлаб чиқариш жараёни робототехнологиялар ёрдамида бажарилмоқда ва бу улар учун оддий ҳолга айланган.

    Бухоро муҳандислик-технология институтида халқаро стандартларни жорий этиш, юқори малакали кадрлар тайёрлаш жараёнини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, модернизация қилиш, илғор таълим технологияларини қўллаш, юқори технологиялар ёрдамида ишлайдиган кадрлар тайёрлаш мақсадида илмий лабораториялар моддий-техник базаси мустаҳкамланмоқда. Жумладан, жорий йилда «Машинасоз» технопарки ташкил этилди. Унда 12 та замонавий ўқув лаборатория жиҳози бўлиб, улар кўмагида 88 та лаборатория иши бажарилади. Ислом тараққиёт банки ҳисобидан 445 минг доллар ажратилган. Шунингдек, 80 минг долларлик «Метрология» илмий-инновацион лабораторияси ташкил этилиб, 25 та замонавий лаборатория қурилмалари билан таъминланди. Бундан ташқари, Ислом тараққиёт банки маблағи ҳисобидан жами 171 минг долларлик 17 та замонавий ўқув лаборатория жиҳозидан иборат «Иссиқлик техникаси. Термодинамика» ўқув ва илмий лабораторияси ташкил этилди. Ушбу лаборатория хонасидаги 17 та замонавий ўқув-лаборатория жиҳозида 138 та лаборатория иши бажариш имкони мавжуд. Жорий йилда ишлаб чиқаришда 9,75 миллиард сўмлик хўжалик шартномаси бажарилди.

    Шунингдек, илмий инновацияларни ишлаб чиқаришни жорий этиш, бу борада илмий лойиҳаларни буюртма билан таъминлаш бўйича маҳаллий ҳокимлик томонидан ёрдам кўрсатилиши белгилаб берилди. Бу, ўз навбатида, олимларнинг янги ҳамкорлик лойиҳаларини яратиши ва саноатнинг барча соҳасига жорий этишини таъминлайди. Институт олимлари илмий ишланма ва янги маҳсулотлар яратишда иқлимга хос ва тупроғимизга чидамли технологиялар яратилаётганига урғу бераётир. Хусусан, 2023-2024 ўқув йилида профессор-ўқитувчи ва илмий ходимлар томчилаб суғориш, Бухоро вилоятида геотермал энергиядан фойдаланишни йўлга қўйиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш технологияларини ишлаб чиқди. Шунингдек, деталлар таркибини аниқлаш, ипак чиқиндиларидан косметик ва антибактериал маҳсулотлар олиш, Фелтинг техникаси ёрдамида барқарор шаклдаги кийимлар тайёрлаш, маҳаллий хомашё ва саноат чиқиндилари асосида махсус пойабзал полимер тагликлари яратиш ва бириктириш, электр тармоғида ноқонуний уланишни аниқлаш технологияси яратилди. Ушбу технологиялар қишлоқ хўжалиги ва саноатда долзарблиги жиҳатидан катта аҳамиятга эга янги лойиҳалардир.

    Йиғилишда берилган топшириқларга биноан олий муҳандислик мактаби ташкил этиш бўйича тайёргарлик ишлари бажарилмоқда. Бундан ташқари, танқидий-таҳлилий руҳда ўтказилган йиғилишда Бухоро муҳандислик-технология институти Cooperation.uz махсус савдо платформасида хизмат кўрсатгани таъкидланди. Жорий йилда институтнинг 2 та кафедраси 28 та хизмат кўрсатиш бўйича 4,5 миллиард сўм даромад олган. Йил охиригача барча кафедрада электрон кооперация порталида 10 миллиард сўмликдан зиёд шартнома тузилиши режа қилинган.

    Таълим тизимидаги ислоҳот ва ташаббуслар, айниқса, ёшлар учун яратилаётган имкониятлардан кенг фойдаланган ҳолда ушбу йиғилишдан сўнг олдимизга катта марралар белгилаб олдик. Янги Ўзбекистонни барпо этишда ватанпарварлиги, илми, иқтидори, салоҳияти ҳамда ташаббускорлиги билан тенгдошлари орасида шахсий намуна кўрсатадиган етакчи ёшларни тарбиялашга бор куч-ғайратимизни сафарбар қиламиз, албатта. Улуғлар айтганидек, асл куч сўздан кейинги амалий ишларда бўй кўрсатади. Ўйлаймизки, хайрли мақсадимизга эриша оламиз!

    Садоқат СИДДИҚОВА,

    Бухоро муҳандислик-технология институти ректори

    No date selected
    июл, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates