Қардош халқ билан эзгу мақсадларимиз янги босқичда

    Давлат статистика қўмитаси маълумотига кўра, мамлакатимизда 200 мингдан ортиқ туркман миллатига мансуб фуқаролар истиқомат қилмоқда.

    Тарихдан маълумки, туркманлар Ўзбекистон ҳудудида қадим замонлардан буён яшаб келадилар. Улар ўзларининг кўп асрлик маданияти ва анъаналарини сақлаган ҳолда Ўзбекистоннинг кўпмиллатли ягона оиласига уйғун тарзда қўшилиб кетганлар. Туркманларни ўзбек халқи билан тили, маданият, урф-одат ва тарихий илдизларининг яқинлиги, шунингдек, иккала халқ учун умумий бўлган эпос, афсона ва халқ достонлари бирлаштиради.

    Давлат статистика қўмитаси маълумотига кўра, мамлакатимизда 1990 йилда 123 711 нафар, 2000 йилда 144 601, 2019 йилда 198 797 нафар ва 2022 йил ҳолатида эса 200 мингдан ортиқ туркман миллатига мансуб фуқаролар истиқомат қилмоқда.

    130 дан ортиқ миллат ва элатни “Ўзбекистон — умумий уйимиз” шиори остида бирлаштириб келаётган жонажон юртимизда икки юз мингдан ортиқ туркманлар ўз миллий маданиятлари, тили, анъаналари ва урф-одатларини асраш ҳамда ривожлантириш бўйича конституциявий ҳуқуқларини 2001 йил 7 май куни ташкил қилинган Республика Туркман маданий маркази орқали амалга ошириб келмоқда. Айтиш ўринлики, бугунги кунга келиб ушбу марказнинг таркибий тузилмаси ҳисобланган Қорақалпоғистон Республикаси Туркман маданий маркази, Бухоро, Қашқадарё, Сурхондарё, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳридаги ҳудудий бўлинмалари фаолият юритиб келмоқда.

    Бағрикенг диёримизда миллат ва элат вакиллари сингари туркман миллатига мансуб фуқаролар ҳам юртимизнинг муҳим саналари: Наврўз, Мустақиллик куни, Конституция куни сингари умумхалқ байрамларида фаол қатнашадилар. Ушбу миллатнинг тарихий шахслари, алломалари, жумладан, туркман тилининг асосчиси, ХVIII асрда яшаб ўтган буюк шоир ва аллома Махтумқули, туркман мумтоз шоири Молланапес Қодирберди ўғли каби инсонлар хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилиши анъанага айланган. Шунингдек, туркман халқи буюк шахслари, шоиру арбобларининг ўзбек тилига таржима қилинган китобларининг тақдимоти ўтказилади, туркман санъати ва халқ ҳунармандчилиги намуналари намойиш қилинади. Айтиш керакки, юртимизнинг кўпгина маҳаллалари, кўчалари, истироҳат боғлари, муассасаларига туркман халқининг шаҳар/туманлари, таниқли шахслари, арбоблари, шоирларининг масалан, “Ашхабот” истироҳат боғи, “Махтумқўли” номидаги маҳалла, кўчалари номи берилган. Бу эса, бағрикенг Ўзбекистонда миллатлараро тотувлик ғоясини кенг қулоч очишига, “Инсон қадри учун” умумхалқ ҳаракати миллатидан қатъий назар тенг ва кенг амалда йўлга қўйилганининг ёрқин ифодасидир.

    Ўзаро ҳурмат, ишонч ва манфаатли ҳамкорлик тамойилларига асосланган ўзбек-туркман муносабатларининг ривожланишига кўмаклашиш баробарида марказлар жамоатчилиги томонидан ҳар йили ўзбек-туркман дўстлиги кечалари ташкил қилинади. Бугунги кунда миллий маданият марказлари ўқитиш туркман тилида олиб бориладиган 40 дан ортиқ мактабларга кўмаклашадилар, ушбу мактаблар учун мутахассислар Қорақалпоқ давлат университетининг туркман филологияси факультетида, Беруний шаҳридаги педагогика коллежида тайёрланади. Бундан ташқари, республикада туркман тилида бир қатор газета ва журналлар чоп этилади. Ёшлар билан ишлаш дастурлари доирасида марказлар қошида ҳаваскор бадиий жамоалар ташкил этилган бўлиб, улар орасида энг машҳури Қорақалпоғистон Туркман маданий маркази қошида фаолият юритувчи “Орзу” ансамбли ҳисобланади. Ушбу марказда “Мекан” газетаси ҳам чоп этилади.

    Шунингдек, олий таълим соҳасида туркман миллатига мансуб кўплаб ёшларга юртимизнинг кўпгина ҳудудлари, хусусан, Бухоро вилоятидаги олий таълим муассасаларида ҳам таълим берилади.

    Жорий ўқув йили, 2021/2022-ўқув йилида Бухоро давлат университетида 285 нафар, Бухоро муҳандислик технологиялари институтида 10 нафар, Бухоро тиббиёт институтида 247 нафар, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти Миллий тадқиқот университети Бухоро табиий ресурсларни бошқариш институтида эса 27 нафар ва вилоят миқёсида 569 нафар туркман миллатига мансуб талабаларга олий таълим берилган. Хусусан, Бухоро давлат университетида ўтган йилларда таҳсил олган 259 нафар туркманистонлик талабалар тўрт йиллик бакаларият йўналишини тамомлади ва уларга университет раҳбарияти томонидан куни кеча тантанали равишда дипломлар топширилди.

    — Биз туркман битирувчи ёшлар иштирокида 14 июнь куни университетда “Янги Ўзбекистон — бағрикенг диёр” шиори остида “Ректор ва ёшлар” учрашуви бўлиб ўтди — дейди, университет битирувчиси Огулдонди Жуманазарова. — Учрашувда ректорга мен Ўзбекистонда, Бухоро давлат университетида таълим олганимдан фахрланишимни айтдим. Сабаби, шу олийгоҳда мамлакат Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Инсон қадрини улуғлаб, миллатидан қатъий назар ҳар бир ёшни таълим олиши учун қилаётган ғамхўрлиги ва университет раҳбариятининг талабаларни сифатли таълим олиши, маънавий дунёқарашини юксалтириш, бўш вақтини мақсадли, самарали ташкил этиш, қўшимча касб-ҳунарни эгаллаши, қизиқиш ва интилишларини ривожлантириш учун имкониятлар яратиб бериши туфайли катта натижаларга эришдим. 2021 йил сентябрда “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигига 30 йил” кўкрак нишони соҳиби бўлдим. Бунинг учун барча устозларимга бошим ерга теккунча таъзим қиламан.

    — Бизга 4 йил давомида Бухоро давлат университети жамоаси ҳам ота-она, ҳам яқин инсонлардек бўлишди, — дейди университет битирувчиси Зарина Султанова. — Туркманистон, уйимиздан кўп йил узоқда яшаб, гоҳ-гоҳида айниқса, коронавирус пандемияси даврида қийинчиликлар юзага келди. Аммо, шундай даврда университет жамоаси ҳар томонлама қўллашди, мавжуд камчиликларимизга инсоний мадад бўлдилар. Бунинг учун Ўзбекистон халқи, бухороликлар, жонажон олийгоҳимдаги барча жонкуяр устозларга ўз миннатдорлигимни билдираман.

    Хулоса қилиб айтганда, Президентимизнинг сўнги беш-олти йил давомида мамлакатимизнинг шиддатли тараққиёти, Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида қилинаётган стратегик ҳаракатлар хусусан, миллатлараро тотувлик, қўшни мамлакатлар билан кенг ҳамкорлик сиёсати том маънода ҳар бир инсонни миллатидан, фуқаролигидан қатъий назар бахтиёр қилмоқда.

    Жонажон Ўзбекистонимизда миллатлараро тотувлик, тинчлик-осойишталик абадий бўлсин.

    Азизбек ОМОНОВ,

    Бухоро давлат университети Ёшлар масалалари ва

    маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates