Қашқадарёда мобил поликлиника иш бошлади

    “Қашқадарё тажрибаси” сифатида эътироф этилаётган мобил поликлиниканинг тақдимоти ўтказилди.

    Қашқадарё вилоятининг олис ҳудудларидан бири – Миришкор туманидаги “Гулшанбоғ” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Тожикистон” оилавий шифокорлик пунктида дастлабки ишини бошлаган мобил поликлиника самарадорлигига бағишлаб оммавий ахборот воситалари ходимлари учун медиа-тур ташкил этилди.

    Медиа-тур давомида махсус жиҳозланган мобил поликлиникадаги замонавий тиббий ускуналар орқали чекка ҳудуд аҳолиси тиббий кўрикдан ўтказилди.

    Мобил поликлиника Қашқадарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси масъулларининг тавсиялари асосида Турин политехника университети мутахассислари кўмагида Самарқанддаги автомобиль заводида тайёрланган. Унга антропометрия (бўй ва вазн ўлчаш) жиҳозларидан тортиб, энг замонавий, аниқлик даражаси жуда юқори бўлган лаборатория таҳлил ускуналари, мобил диагностика ультратовуш аппарати, 3 каналли, сенсорли электрокардиограф, гинекологик текширувларга мўлжалланган рақамли видеокальпоскоп сингари ноёб техникалар ўрнатилган.

    – Асосан вилоятнинг олис ҳудудларида истиқомат қилувчи аҳоли вакилларига хизмат кўрсатишга мўлжалланган мобил поликлиникамиз бугун илк бор иш бошлади, – дейди Қашқадарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Равшан Тулаков. – Эндиликда тажрибали шифокорлардан иборат ишчи гуруҳимиз мобил поликлиникада мунтазам равишда олис манзилларда иш олиб боради.

    Ўзига хос қулайликларга эга “Исизу НПР 82Л” русумли мобил диагностика автобусини харид қилиш учун 348 миллион сўм, уни тиббий хизматга мослаштириш учун 245 миллион сўм, тиббий ускунлар (ЭКГ, УЗД, биохимик анализатор, глюкометр ва бошқа ускуналар) билан жиҳозлаш учун 300 миллион сўм сарфланган.

    Энг асосийси, халқ саломатлиги учун ташкил этилган ушбу мобил поликлиника келгусида ўз тажрибасини оқласа бошқа вилоятларда ҳам иш бошлаши мумкин.

    Акбар РАҲМОНОВ

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates