Қайси ҳудудларга саноат жадал кириб келаётгани маълум қилинди

    Ҳукумат 10 январ 2023 1978

    Президент Шавкат Мирзиёев раислигида саноатда ишлаб чиқариш ҳажмининг ўсиш суръатларини таъминлаш, мавжуд имкониятлар ва янги захираларни сафарбар этиш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда.

    Йиғилишда саноатда қўшимча захираларни аниқлаш ва инвестицияларни кўпайтириш бўйича 2023 йил учун режалар муҳокама қилинмоқда.

    Сўнгги йилларда:

    - қўшимча 19 та эркин иқтисодий зона ва 400 дан зиёд кичик саноат зонаси ташкил этилиб, уларнинг инфратузилмасига 10 триллион сўм йўналтирилди;

    - тўқимачилик, кимё, қурилиш материаллари, чарм, фармацевтика, электротехника каби соҳаларни “драйвер”га айлантириш учун 3 миллиард долларлик молиявий ресурслар ажратилди;

    - саноатни зарур хомашё билан таъминлаш мақсадида геология-қидирув ишлари 3 баробарга кўпайтирилиб, 600 тадан зиёд янги кон аниқланди.

    Натижада, охирги беш йилда саноат корхоналари сони 2 баробар кўпайиб, 100 мингтага етди, ишлаб чиқариш ҳажми 1,4 бараварга кўпайди.

    Йиғилишда ҳудудларга саноат жадал кириб келаётгани таъкидланди. Масалан, Жиззахда илгари бўлмаган қурилиш материаллари, автомобилсозлик, озиқ-овқат саноати каби янги тармоқлар пайдо бўлди.

    Ёки, Самарқанд, Сирдарё, Наманган ва бошқа ҳудудларда металлни қайта ишлаш бўйича 19 та йирик лойиҳалар амалга оширилди. Наманганда янги ташкил этилган 54 та кичик саноат зоналари 2022 йилда 3 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарди. Кимё саноатида охирги уч йилда ишлаб чиқариш ҳажми 1,5 бараварга, экспорт эса 2 бараварга ошди.

    Шунга қарамасдан, ҳудуд ва тармоқларнинг ишлатилмаган имконият ва салоҳияти ҳали катталиги кўрсатиб ўтилди.

    Мисол учун, Хоразм ҳудудий саноат ҳажмини 8,7 триллион сўм режа қилган бўлса-да, маҳаллийлаштиришни кенгайтириш ҳисобига буни 10 триллион сўмга етказиш бўйича қўшимча имкониятлар мавжуд. Ёки, Фарғонада паст қувватда ишлаётган 22 та корхонани айланма маблағлар билан таъминлаб, қўшимча 1,1 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш имкони бор.

    Шу каби, Қашқадарёда 8 та йирик лойиҳага инфратузилма масаласи тезроқ ҳал қилиб берилса, 800 миллиард сўмлик қўшимча захира яратилади. Наманганда тўлиқ қувватда ишлаётган ва қўшимча бозори бор 51 та корхонани кенгайтириб, қўшимча 290 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш мумкин.

    Ёки, 2023 йилда 100 та микро-ГЭС қуриш бўйича лойиҳалар бошланади. Бу лойиҳалар учун 10 миллион долларлик ускуна зарур бўлиб, уларни маҳаллий корхоналарда бемалол ишлаб чиқариш имконияти мавжуд.