Тадқиқотда Жаҳон Банки томонидан ишлаб чиқилган JoGG (Job Generation and Growth Decomposition) декомпозицион таҳлил воситасидан фойдаланилди. Таҳлилнинг ушбу воситаси иқтисодиётнинг асосий тармоқлари бўйича меҳнат унумдорлиги ва бандлик соҳасидаги ўзгаришлар ЯИМ (ЯҲМ)нинг аҳоли жон бошига тўғри келадиган улушига қандай таъсир қилишини баҳолаш имконини беради.
Мазкур услубни мамлакатимиз ҳудудлари учун қўллаш уларни ривожлантиришдаги энг муҳим тармоқлар ҳамда ишсизлик ва камбағаллик даражасини қисқартиришнинг устувор йўналишларини аниқлаш имконини беради. Тадқиқотда дастлабки маълумотлар сифатида меҳнат унумдорлиги, иқтисодиётнинг асосий тармоқларида банд бўлганлар, аҳоли, жумладан, меҳнатга лаёқатли аҳоли сони каби кўрсаткичлар танлаб олинди. Баҳолаш Қорақалпоғистон Республикаси, 12 та вилоят ва Тошкент шаҳри бўйича 2018-2021 йиллар учун амалга оширилди.
Натижаларга кўра, Тошкент, Наманган, Сирдарё, Навоий, Жиззах, Хоразм, Фарғона вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида иқтисодий ўсиш мамлакат ҳудудлари бўйича ўртача кўрсаткичдан (111 фоиз) юқори бўлган. Қолган 6 та ҳудуд мўътадил ривожланиш даражаси билан ажралиб туради (105,9-110,8 фоиз).
Қишлоқ хўжалиги иқтисодиётининг асосий тармоғи бўлган Наманган, Жиззах, Хоразм, Фарғона вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида иқтисодий ўсиш билан бир қаторда меҳнат унумдорлиги ҳамда аҳоли бандлик даражасининг ортиши кузатилган. Бу эса ҳудудларда иқтисодиётни ривожлантириш, янги ишлаб чиқариш қувватларини барпо этиш ва самарали иш ўринларини яратиш орқали амалга оширилганидан далолат беради.
Шунингдек, таҳлил натижалари шуни кўрсатдики, Тошкент ва Навоий вилоятлари каби юқори салоҳиятли ҳудудларда (ЯҲМнинг аҳоли жон боши улуши республика параметридан 1,3-2,8 баравар юқори) иқтисодий ўсиш асосан ҳудудларнинг рақобатбардош устунлигини шакллантирувчи мавжуд базавий ишлаб чиқаришнинг ривожланиши ҳисобига рўй берган. Ушбу ҳудудлар юқори самарали фаолият турлари, асосан хизмат кўрсатиш ва саноат соҳаларига ихтисослашгани билан ажралиб туради.
Иқтисодий ўсишнинг нисбатан паст даражаси аҳоли зич жойлашган Aндижон ва Қашқадарё вилоятларида кузатилган (2018-2021 йилларда ЯҲМнинг аҳоли жон бошига тўғри келадиган улуши ўсиши 7-8 фоиздан паст). Ушбу ҳолат 2019-2021 йилларда бутун дунёда юзага келган беқарор вазият сабабли ишлаб чиқаришнинг бироз пасайиши, масалан, автомобилсозлик ва нефть-кимё саноати, қурилишдаги муаммолар оқибатида юзага келган.
Тадқиқот натижасида институт экспертлари томонидан ҳудудларнинг мутаносиб иқтисодий ривожланишини таъминлашга хизмат қилувчи юқори самарали тармоқлар аниқланди. Булар:
– хизмат кўрсатиш соҳасида - Қорақалпоғистон Республикаси, Aндижон, Бухоро, Қашқадарё, Наманган, Самарқанд вилояти ва Тошкент шаҳри;
– қурилиш соҳасида - Тошкент шаҳри, Наманган вилояти;
– саноат соҳасида - Aндижон, Қашқадарё, Навоий, Тошкент вилоятлари;
– қишлоқ хўжалиги соҳасида - Бухоро, Самарқанд, Сурхондарё, Сирдарё, Фарғона, Хоразм вилоятлари.