Ҳозирда мамлакатимизда қайта тикланувчи энергия манбаларининг электр энергиясини ишлаб чиқариш умумий ҳажмидаги улуши қарийб 10 фоизни ташкил этади.
Бу борада Ўзбекистон 2030 йилга қадар қайта тикланувчи энергия манбалари қувватини 27 гигаваттга етказиб, электр энергияси ишлаб чиқариш умумий ҳажмини камида 40 фоизга олиб чиқиш мақсад қилинган.
Бу ҳар йили 25 миллиард куб метр табиий газни тежаш, атмосферага зарарли ташланмаларни 34 миллион тоннага қисқартириш имконини беради.
Албатта, белгиланган кўрсаткичларга эришиш учун амалдаги қонунларда айрим нормаларни қайта кўриб чиқиш тақозо этилади.
Юқорида келтирилган заруратга асосан “Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонунга “яшил энергия” сертификатларини бериш ва муомалага киритишга, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни давлат томонидан қўллаб-қувватлашга тааллуқли қўшимча ва ўзгартиришлар киритиляпти.
Қуввати 300 кВт ва ундан юқори бўлган қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқариладиган электр энергиясини ягона электр энергетикаси тизимига улаш фақат ушбу манбалар махсус ваколатли давлат органида рўйхатдан ўтказилганидан кейин амалга оширилиши назарда тутиляпти.
Шунингдек, Қонун билан Солиқ кодексига қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишга асосланган генерация объектларининг “яшил энергия” сертификатлари савдосидан тушган даромадларини фойда солиғидан озод қилишга доир ўзгартиш киритиляпти, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.
Сенаторлар мазкур Қонун ижтимоий ва уй-жой коммунал соҳаларда, иқтисодиёт тармоқларида қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этишга, энергия самарадорлигини ошириш орқали республика ҳудудларидаги энергия тақчиллигини бартараф этишга ҳамда инвесторлар учун қулай шароитларни яратишга ва рағбатлантириш механизмларини белгилашга хизмат қилишини таъкидладилар.
Муҳокама якунида Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.