Қаю миллатда мактаб ўлмаса, бешак хароб ўлгай...

     “Янги Ўзбекистон” газетасининг шу йил 4 март 44-сонида Фарғона политехника институти катта ўқитувчиси Шавкатжон Хонқуловнинг “Қаю миллатда мактаб ўлмаса, бешак хароб ўлгай... ёхуд Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий ҳаётининг ҳали ўрганилмаган саҳифалари” номли мақоласи чоп этилди. Қуйида уни ўқишингиз мумкин.

    Туркистон истиқболини ўйловчи тараққийпарвар кучлар халқнинг деярли барча табақаларида мавжуд бўлган. Зиёлилар дастлаб чоризмга қарши курашни халқни асрий қолоқликдан уйғотиш, сиёсий-маърифий жабҳадан бошлашга қарор қилдилар. Жадидчилик ҳаракати ана шундай тарихий бир шароитда шакллана бошлади. Улар орасидан етук олимлар, маданият арбоблари етишиб чиқиб, юртни обод ва Ватанни мустақил кўришни орзу қилдилар ва шу йўлда фидойиларча курашдилар.

    Янги усул мактаблари тармоғини кенгайтириш, қобилиятли ёшларни чет элга ўқишга юбориш, турли маърифий жамиятлар ва театр труппалари тузиш, газета ва журналлар чоп қилиш ҳаракатига бош бўлишди.

    Фарғона водийсида Ибрат, Ашурали Зоҳирий, Обиджон Маҳмудов, Ҳамза Ҳакимзода, Чўлпон, Ибодий сингари маърифатпарварлар бу ҳаракатнинг асосчилари сифатида эътироф этилади.

    Водийда жадидчилик ҳаракати ўзига хос жиҳатлари билан ажралиб турган. Айниқса, мактаблар ва ўқувчилар сони кўплиги, илк босмахона Фарғонада очилиши, сиёсий мақсадлар ранг-баранглиги жадидчилик ҳаракати чуқур маҳаллий илдизларга эга бўлганидан далолат беради. “Садойи Фарғона”, “Садойи Туркистон” газеталарининг маҳаллий халқ миллий-сиёсий онги ривожланишида муҳим ўрин тутиши Фарғона жадидчилик ҳаракатининг ўзига хос жиҳатларини намоён этади.

    Кейинги йилларда яқин ўтмиш асарларини бугунги кунда шаклланган таҳлил тамойиллари асосида баҳолаш борасида талай хайрли ишлар амалга оширилмоқда.

    Президентимизнинг “Биз диний жаҳолатга, зарарли оқимларга қарши маърифат билан курашиш кераклиги ҳақида кўп гапирамиз. Бу тўғри, албатта. Лекин маърифат, маърифий билимлар қаерда – аввало, ота-боболаримиз бизга қолдириб кетган мўътабар китобларда эмасми?”, деган сўзлари XIX аср охири ва XX аср бошларида Туркистонда миллат болалари учун мактаблар очиб, таълим-тарбия тизимида мутлақо янги йўналиш тарғиботчиси бўлган Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий шахсига ҳам тааллуқлидир.

    Шоирнинг ҳаёти ва ижодий мероси коммунистик мафкура шароитида холис ва тўлақонли тадқиқ этилмаганидек, мустақиллик даврида ҳам жиддий қайта ўрганилган эмас. Шу боисдан ҳам шоирнинг қўлёзмаларини қиёсий ўрганиш ва унинг асарларини тарих ва адабиётшуносликда эришилган бугунги кун ютуқлари асосида қайта тадқиқ қилиш зарурати мавжуд. Шоир театр, драматургия ривожи ва илғор маърифий-ҳуқуқий фикрлар ривожланиши тарихида муҳим ўрин тутган шахслардан биридир. Чунки у маърифатпарвар ва демократларнинг сиёсий ғояларини ривожлантириб, ўзининг турли жанрдаги асарларида маҳаллий аҳолининг онгига сиёсий ғояларни олиб киришга, тарғиб қилишга ва уларнинг ривожланишига катта ҳисса қўшди. У мураккаб, бироқ мазмундор ҳаёт йўлини босиб ўтди.

    Ёш Ҳамза адабиётга ҳавас қўяр экан, аввало, Лутфий, Алишер Навоий, Фузулий каби классик шоирлар, айниқса, Муқимий ва Фурқат асарларидан баҳраманд бўлди, уларга эргашиб шеърлар ёзди. Ҳамзанинг шахсий архивида 1905-1914 йиллар мобайнида “Ниҳон” тахаллуси билан ёзган 214 та ғазал ва мухаммас рўйхати бор. Шулардан 4 таси 1905 йилда битилгани айтилган. Шоирнинг 1948 йилда топилган “Девон”и буни тасдиқлайди. Ҳамза 10-11 ёшида шеър ёза бошлаган, 25 ёшида “Девони Ниҳоний” тўплами нашр қилинди. Девонга унинг 15 йил ичида ёзган 177 та шеъри киритилган. Улардан 150 таси ғазал, қолгани турли жанрларга оид. Девондаги 165 та ғазал ўзбек тилида, 10 таси тожик тилида, 2 та шеър эса ўзбекча ва русча сўзлар аралаштириб ёзилган. Шакл ва мазмундаги бундай янгиланишлар, шубҳасиз, шоирнинг чиндан ҳам XX аср ўзбек маърифатпарварлик тараққиётига катта ҳисса қўшганини кўрсатади.

    Халқ оммасини маърифатли қилиш Ҳамза фаолиятида асосий ўрин тутади. У эҳтиёжмандларни болалар ўқув қўлланмалари, овқат ва кийим-кечак билан таъминлаш мақсадида “Жамияти хайрия” ташкил қилди. Бу мактабнинг довруғи Қўқон шаҳридан ташқарига ҳам тарқала бошлади. Маҳаллий маъмурлар бундан ҳайиқиб, 1913 йилда мактаб ва жамиятни ёпадилар. Аммо маърифатпарвар ижодкор тўхтаб қолмади. У 1914 йил 8 декабрда Қўқондаги Муҳаммад Шариф маҳалласида Миразиз элликбоши ўғлининг боғида “Дорул айтом” (Етимлар уйи) очади. У бундай деб ёзган эди: “Биз йўқсилларнинг болаларини ва етимларни ўқитишни ҳоҳлаймиз, уларнинг мияларини фойдали иш билан машғул қилмоқчимиз, шунинг учун ҳам ўзимизнинг “Дорул айтом”имизни очдик. Бу мактабда ўқитиш текин бўлиши билан бирга болаларга дафтарлар, ёзув ашёлари ва китоблар ҳам текин берилади”.

    У ўз мактаби учун “Енгил адабиёт”, “Ўқиш китоби”, “Қироат китоби” каби дарсликлар яратди. Бу дарсликларда ҳар бир дарс сўзларнинг келиб чиқишини изоҳлашдан бошланади, сўнгра бу тушунчанинг фалсафий мазмуни берилади. Мустамлакачи маъмурият маҳаллий халқ таълими ривожланишига асло тоқат қила олмас эди. Шу сабаб турли йўллар билан тўсқинлик қилар эдилар. Буни англаган Ҳамза таълимнинг тушунарли ва кўргазмалилиги сингари аниқ таълим-тарбия қоидаларини қаттиқ туриб ҳимоя қилди. Бунга қуйидаги мисолни келтириш мумкин. Мактабда геометрия дарсларидан бирида кўргазмали қурол йўқ эди. Натижада дарс унчалик ишончли чиқмаган. Ҳамза зарур кўргазмали қуролларнинг эскизларини ясаб, Шоҳимардондаги дурадгор устага тайёрлашга буюртма қилди. Сўнгра асбоблардан фойдалана бошлади. Шундай қилишни бошқа ўқитувчиларга ҳам маслаҳат берди.

    Машҳур маърифатпарвар Мунавварқори Абдурашидхонов Ҳамза асарлари нашрига оид мактубида бундай ёзади: “Енгил адабиёт”ингизға келонча намуналаридан маълум ўлдиғина кўра вазн жиҳатидан шогирдлар учун кўп яхши тартиб этилган кўринадур. Фақат тил, маъно ва мазмун жиҳатидан бир оз соддароқ ўлса эди, даҳо мувофиқроқ ўлурди”.

    Шоир 1914-1915 йилларда ёзилган “Ўқи!”, “Илм иста”, “Олим бўлайлик”, “Китоб”, “Қалам”, “Мактаб”, “Ҳикоя”, “Тўғри сўз бола”, “Тошбақа билан Чаён”, “Қиморнинг боши”, “Боланинг ёмон бўлмоғига сабаб бўлган онанинг жазоси” каби ижод намуналарида илм-маърифат, аҳлоқ-одоб, тўғрилик, ҳалоллик, чин дўстликни тарғиб қилди. Шоир ўз даврида содир бўлаётган воқеа ва ҳодисаларни синчиклаб кузатиб борди. “Садои Туркистон”, “Садои Фарғона”, “Улуғ Туркистон” газеталарида, “Ал-Ислоҳ” журналида публицистик мақолалари мунтазам босилиб турган эди. Унинг мақолаларида маҳаллий халқининг ижтимоий, маънавий ва руҳий хаёти манзаралари ниҳоятда ёрқин тасвирланган. Жумладан, “Бидъатми? мажусиятми?” номли мақоласида диний бидъатлар қатори қиморбозлик, ичкиликка муккасидан кетиш ҳолатларини танқид қилиб, ислом динининг софлиги ва тараққиёти илм-маърифат билан боғлиқлигини очиб берган. “Мактаби дор ул-айтом” мақоласида эса Қўқон шаҳридаги Бекбачча маҳалласида таъсис этилган янги типдаги мактабнинг аҳамиятини қаламга олган.

    Ҳамза ўз даврининг илғор маърифатпарвар жадидлари билан яқин алоқа ўрнатган, улар билан ҳамкорлик қилган. Ижодида Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг маърифатпарварлик йўлидаги ҳаракатларига алоҳида ҳурмат билан қаради. Тошкентда Туркистон жадидчилик ҳаракатининг раҳбари Мунавварқори Абдурашидхонов ва унинг атрофидаги шогирдлари, усули жадид муаллимлари ака-ука Шокиржон ва Собиржон Раҳимийлар билан яқин алоқа ўрнатди. Ҳамза ижодига жадидчилик ғоялари кириб келиши, юқорида айтилганидек, Мунавварқорининг муборак исми билан боғлиқ. Бу ҳақда сўзни давом эттиришдан аввал бир фактни қайта мушоҳада этиш лозим кўринади.

    Гап шундаки, ҳамзашунослар “Миллий ашулалар”нинг нашр этилиши ҳақида сўзлаб, унинг 1915 йилда тузилгани ва ўша йилнинг сентябрь – октябрь ойларида Қўқонда тошбосмада чоп этилгани ҳақида маълумот бериб келганлар. Аммо Мунавварқорининг Ҳамза архивида сақланиб қолган хатларидан мажмуанинг нашр этилиш тарихига доир янги маълумот юзага чиқади.

    Мунавварқорининг 1916 йил 1 январь санали хатидан маълум бўлишича, Ҳамза унга “Ферузахоним” асари, “Енгил адабиёт” рисоласи ва бир шеърий китобини юбориб, устознинг шу асарлар ҳақидаги фикрини билмоқчи ва, иложи бўлса, “Туркистон” кутубхонаси ёрдамида чоп эттирмоқчи бўлган. Афтидан Ҳамза Мунавварқорига зикр этилган асарлари билан бирга “Миллий ашулалар”ни ҳам юборган. Устознинг 1916 йил 17 февралда битилган хати бу ҳақда маълумот берибгина қолмай, “Миллий ашулалар”нинг Қўқонда Ҳамза томонидан чоп этилгани хусусидаги фикрга ҳам аниқлик киритади. Хатда: “Биродари азизим! Мактубларингиза вақтида жавоб ёза олмағонлиғим хусусинда афвингизни истирҳом қилурман. Китобларингизни кўрдим. “Миллий ашулалар”ингизни ўз исмингиздан табъ этдирдим. Яхши қағозда 12 бет бўлиб, минг донаси 28 сўмларға тушди. Ҳозирда тахловчида. Баҳосини 6 тийин, почта ила 8 тийин қўйдим. Ҳаммаси бўлиб 895 нусха китоб бўлса керак. Қағоз ва бошқа масорифлари ширкат (“Туркистон” ширкати назарда тутилмоқда) тарафиндан тутулди. Эмдиликда ширкатга хизмат ҳақи учун неча нусха марҳамат қилсангиз, маал ташаккур, ортиб қолғонини ўзингизға юборурмиз. Фақат 28 сўмни кутубхонага тезроқ перевод қилувингиз рижо ўлинур. Аввалги шеър китобингиз қағоз қаҳатлиги сабабли босилмай турубдур... “Миллий ашулалар”ингиз оз ва кичкина бўлғон сабабли бостурилди. Бошқа асарларингиз тўғрисида иншоолло билзот кўрушуб сўйлашурмиз”, дея баён этилган. Абдурашидхоновнинг бу ва бошқа хатларига асосланган ҳолда шуни қайд этиш лозимки, Ҳамза Тошкентдан кетганидан кейин ҳам пир деб эътироф этган сиймо билан мунтазам алоқада бўлиб, унга ёзган асарларини юборган ва унинг фикрини олиб турган. У Мунавварқори ихтиёридаги “Туркистон” кутубхонаси нашр имкониятларидан фойдаланиш ниятида бўлган. Ҳамза “Ферузахоним”, “Енгил адабиёт” ва “Миллий ашулалар”ни устоздан олган “миллий сабоқлар”нинг амалий самараси сифатида, гўё ижодий ҳисобот тарзида унга юборган. Аммо совет даврида Ҳамза каби жадидлар фаолияти хусусидаги маълумотлар сохталаштирилиб, бу борада кўплаб мақолалар чоп этилган. Масалан, С.Ражабовнинг “Ҳакимзода Ниёзийнинг педогогик мероси” мақоласида “Ҳамза Ҳакимзода эски ва жадид мактаблари муаллимлари кўпчилиги ўз тилидан бошқа тилни билмас, чаласавод, маданиятсиз, баъзан ахлоқсиз кишилар эканини, улар болаларга ҳеч нарса ўргата олмаслигини тушунар ва шунинг учун уларни аёвсиз фош қиларди”, деган маълумотни учратамиз.

    Мақолада шоирнинг ижодий фаолияти сунъий равишда сохталаштирилганини кўришимиз мумкин. Чунончи, 1914 йилда “Садойи Фарғона” газетасида жадид мактабларида ишлаш учун 2 ўқитувчи кераклиги ҳақида мана бундай эълон босилади: “Намоз ўқийдиган, ичкилик ичмайдиган, айш-ишратдан йироқ икки муаллим керак… яхши вазифа берилур. Адрес идорада”. Ушбу маълумотлар Ҳамзанинг жадид маърифатпарварларидан бири бўлгани, унинг педагогик диди ва маънавияти нақадар нозиклигидан далолат беради.

    Ўзбек жадид драмалари ҳақида сўз юритиш унинг муаллифлари ёки ўша давр тушунчаси билан айтганда, мусанниф ёки муҳаррирлари хусусида ҳамда саҳналаштирилиши, чоп этилишидан қатъи назар, яратилган пьесаларнинг миқдор-салмоғи хусусидаги айрим тафсилотларни тақозо этади. Чунки, аввал айтганимиздек, бу давр драматургиясига беписанд қараш ёки совет даврида олқишлаб, кейин фақат Ҳамза ижодини ажратиб олиб, қолганидан кўз юмиш ёки эътиборсиз қолдириш адабиётшунослик ва театршуносликнинг катта камчилигидир.

    Ҳ.Ҳ.Ниёзийнинг ижодий фаолиятининг иккинчи босқичи 1918 йилдан бошланди. Шоирнинг 1917 йил октябрь тўнтаришигача бўлган ижодидаги асосий ғоя маърифатпарварликдир, у бу даврда жадид адабиётининг йирик намояндаси сифатида бадиий ижоднинг ҳамма имкониятларидан, адабий тур ва жанрларидан фойдаланди. Барча жадид мутафаккирлари сингари у ҳам 1917 йил февраль воқеаларидан сўнг ҳаммаси тугади, Туркистон халқлари мустамлака қуллигидан озод бўлди, деб ўйлади. “Шўрои Исломия” жамиятининг дастлабки фаол аъзоларидан бири бўлди. У ушбу жамият билан илиқ муносабати, қолаверса, Туркистон Мухторияти ҳукумати фаолиятида асосий ўрин тутган Обиджон Маҳмудов, Саидносир Миржалиловлар билан яқин алоқада бўлгани шахсий архив ҳужжатларида ҳам қайд қилинган.

    Ҳамза 1918 йилда Фарғонага қайтди ва бутун кучини театр соҳасига биғишлади, театр труппалари билан ҳамкорликда саҳна асарлари қўйди. Қўқонда муаллимликни давом эттирди, ундан Фарғонага келиб, маданий-маърифий ташкилотга кириб театр тузди. Айнан шу йилларда советлар томонига ўтиб, ўз қобилиятини бадиий ижодга эмас, совет ҳукуматининг тарғибот-ташвиқот ишларига сафарбар этди. Совет ҳокимиятининг янги шаклдаги мустамлакачилик сиёсатини кўра олмади.

    1920 йилдан сўнг шуҳрати сўниб, ижодкорлик шижоати сустлашди, ўзи ҳам қашшоқлашиб қолди. 1921-1922 йилларда Фарғона Обкоми топшириғи билан Бухоро ва Хоразмга илк халқ республикалари тажрибаларини ўрганиш мақсадида юборилди. Лойиҳани тугатгач, Хўжайли мактабида директор бўлиб Хоразмда яна икки йил ишлади. Ҳамзанинг шахсий кундаликлари ўрганилганда у бажараётган иши, ёлғизлик ва қоғозбозликдан нафратлангани, лекин маошни деб ишлашга мажбур бўлганини сезиш мумкин. 1924 йили Хоразмдан қайтди – бу гал ҳам ишсиз, қарзга ботиб ва соғлиги ёмонлашиб кун кечирди. Фарғонанинг Аввал қишлоғида икки-уч йил шундай яшади. Ўша пайтдаги Ўзбекистон ҳукумати раҳбари Йўлдош Охунбобоевга боғланиб, бир неча саҳна кўринишларига буюрма олди ва жамоатчилик ҳаётига қайтди.

    1928 йил август ойида советлар ўз сиёсатини амалга ошириш, жамоа хўжаликларини ташкил қилиш, ислом диний хурофотига қарши курашиш учун шоирни Шоҳимардонга юборади. Аммо у ерда шоир қаттиқ қаршиликка учради. Совет ҳукумати бўлган воқеаларни билса-да, амалда шоирни қўллаб-қувватламади. Ҳамза ўзининг ижодида ўзбек хотин-қизларининг ҳуқуқий тенглиги ва уларнинг илмли бўлишига алоҳида эътибор қаратган. Аёлларни озодликка чиқаришни жадидлар ҳам ҳоҳлаган, лекин улар бу ишда советлар қўллаётган усуллардан норози эди. Гарчи Ҳамза “Ҳужум” ҳаракатининг энг шижоатли тарафдори бўлса-да, матбуотда унга қарши чиқиши кузатилмаган. 1927 йиллар “Ўзбек хотини тилидан”, “Ўзбек хотин-қизларига”, “Озод хотин-қизлар қўшиғи”, “Бу кун – 8 март”, “Хотин қизлар овози”, 1928 йилда эса “Ҳужум”, “Муборак”, “Узилган чечаклар”, “Турсуной марсияси” каби шеърлар ёзди. Уларнинг барчаси аёлларни маърифатга чорловчи ғоялар билан суғорилган эди.

    1927 йил июль ойди Ҳамза Қўқон темир йўл ишчилар кулубида ҳаваскорлар тўдасини тузди ва режиссёрлик қилди. Шоирнинг Қўқон ёшлари орасида таъсири кучли бўлган. У қандай янги шеър ёзган ва куй яратган бўлса, мактаблардаги адабиёт ва санъат тўгаракларида ёд олинар ва шаҳарга ёйилар эди. Муҳим ижтимоий, сиёсий масалалар борасидаги ҳур фикрлари “Йиғла, Туркистон”, “Жонларнинг жанони Ватан”, “Дардига дармон истамас” шеърларида, “Лошмон фожиаси”, “Мухторият ёки автономия”, “Бурунги қозилар”, “Эл қузғунлари”, “Жаҳон сармоясининг охирги кунлари” каби асарларида ўз ифодасини топган. Миллатнинг зиёли фарзандлари жонига хатар солган мураккаб ва зиддиятли даврларда Ҳамза ижодида муросага мойиллик, комфирқа мафкураси таъсирига ён бериши сезилиб туради.

    Хулоса қилиб айтганда, Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий халқини, шунингдек, ёш авлодни ўқитиш, маърифатли қилиш, тарбиялаш ишига ўзининг бутун иқтидорини, умрини бағишлади. Лирик шоир, демократ-маърифатпарвар куйчи сифатида ижод қилди. Афсуски, у яратган ижод намуналаридан бир қўлланма китоб, бир роман, тўрт драматик асар матни ёки улардан бирор қисм шу вақтгача топилган эмас. Демак, Туркистон халқлари тарихида чуқур из қолдирган улкан ижтимоий-сиёсий ҳаракат – жадидчилик янгидан, холисона ўрганилиши лозим бўлган тарихий жараёнлар жумласидандир.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates