Қишлоқ аҳлининг 15 йиллик орзуси рўёбга чиқди

    283 миллион сўмлик лойиҳа бажарилиб, 210 метр чуқурликдан чучук сув чиқарилди.

    Республикамизнинг ҳар бир ҳудудида бўлгани сингари жорий йилда Пискент туманида ҳам кенг кўламдаги бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Деярли барча маҳаллаларда энг носоз ички йўлларни таъмирлаш ишлари бошланди, аҳолини тоза ва сифатли ичимлик сув билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди.

    Туманимизнинг энг олис қишлоқлари ҳам эътибор марказида. Одамларнинг тинч ва фаровон, бугунги кунидан рози бўлиб яшаши учун амалий ҳаракат қизғин олиб бориляпти. Хусусан, “Зоминовул” маҳалласи Пискент тумани марказидан 15 километр узоқликда жойлашган. “Маҳаллабай” ишлаш тизимида маҳалла аҳлининг эҳтиёжлари, узоқ йиллардан буён қийнаб келаётган муаммолари аниқланди.

    — Маҳалламиз туманнинг олис маҳалласи ҳисобланади. Бу йил жудаям хурсанд бўлдик. Сабаби маҳалламиздаги Истиқлол кўчаси асфальт қилинди. 2 та хусусий боғча очилди. Мана, 90 ўринли давлат боғчаси қурилиши кетяпти. Маҳалла аҳли бундан жуда миннатдор, — дейди маҳалла раиси ўринбосари Шаҳло Ортиқулова.

    Дарҳақиқат, бир ярим минг нафардан зиёд аҳоли яшаб келаётган маҳаллада болаларни мактабгача таълимга қамраб олиш мақсадида 2 та оилавий боғча ташкил этилди. Айни вақтда Инвестиция дастури асосида 3 миллиард 700 миллион сўм маблағ эвазига 90 ўринли давлат муассаси қурилиши ҳам жадаллик билан олиб борилмоқда.

    Маҳалланинг Сатторобод қишлоғида 60 та хонадонда 420 нафар аҳоли истиқомат қилади. Қарийб 15 йилдан буён аҳолини ичимлик сув муаммоси қийнаб келади. Бугун қишлоққа тоза сув чиқарилди.

    — Сатторободга келин бўлиб тушганимга 30 йил бўлди. 1,5 километрдан болаларим билан қийналиб доим сув ташир эдик, — дейди Анор Укубаева. — Мана бугун 15 йиллик орзуларимиз рўёбга чиқди, қишлоғимизга сув келди. Туман ҳокимига, секторимиз раҳбарига миннатдорчилик билдираман. Илоҳим, дунё тургунча туришсин.

    3-сектор раҳбари ташаббуси билан қишлоқ аҳолисининг мурожаати ижобий ҳал этилди. 283 миллион сўмлик лойиҳа бажарилиб, 210 метр чуқурликдан чучук сув чиқарилди. Келгусида маҳалланинг 7 километр ички йўлларини асфальтлаш режалаштирилган.

    Зоминовулликларни ҳурсанд қиладиган лойиҳалар ҳали бисёр. Зеро, одамлар бугунги кунидан рози бўлиб яшашсин.

    Манзура РУСТАМОВА,

    Пискент туман ҳокимлиги матбуот котиби