“Қишлоқ жавоҳирлари” — ишчанлик, фаоллик ва фидойилик тимсоли

    БМТ Бош Ассамблеясининг 2007 йил 18 декабрдаги йиғилишида фидойи, меҳнаткаш қишлоқ аёлларини эътироф этиш, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш мақсадида 15 октябрь — Қишлоқ аёллари халқаро куни деб эълон қилинди.

    Жаҳонда гендер тенгликни таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатлар ҳаётимизнинг барча соҳалари, жумладан, қишлоқ хўжалиги тармоқлари ривожида ҳам хотин-қизлар улуши ортишига замин яратмоқда. Аёллар уй-рўзғор юмушлари, бола парвариши билан бир қаторда юрт фаровонлиги ва иқтисодиёти ривожига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

    Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида бу йил хотин-қизлар ва ёшларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар янги босқичга кўтарилишини таъкидлаб, 2020 йилда 5,5 минг нафар хотин-қизнинг кичик бизнес йўналишидаги лойиҳаларига 100 миллиард сўм миқдорида имтиёзли кредит бериш, бунинг учун банкларга давлат бюджетидан ресурс ажратиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож опа-сингилларимизни Хотин-қизлар тадбиркорлик марказларида 5 та муҳим ташаббус доирасида қисқа ўқув курсларида ўқитишни ташкил этиш масалалари илгари сурилган эди. Бугун ана шу ишлар фаоллик билан амалга оширилиб, гендер тенглиги ва аёллар бандлигини таъминлаш кун тартибидаги устувор вазифалардан бирига айланган.

    БМТ Бош Ассамблеясининг 2007 йил 18 декабрдаги йиғилишида фидойи, меҳнаткаш қишлоқ аёлларини эътироф этиш, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш мақсадида 15 октябрь — Қишлоқ аёллари халқаро куни деб эълон қилинди. Ҳозир халқаро миқёсда кенг нишонланадиган ушбу байрам бу йил юртимизда иккинчи бор ўтказилмоқда. Бугунги суҳбатдошимиз — Ўзбекистон «Аграр соҳа аёллари» уюшмаси раиси, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди Адиба АҲМАДЖОНОВА мамлакатимизда Қишлоқ аёллари халқаро куни муносабати билан ташкил этиладиган тадбирларнинг фаол ташаббускорларидан бири ҳисобланади.

    — Юртимизда ўтган йили илк бор нишонланган Қишлоқ аёллари халқаро куни хотин-қизларга бағишланган бошқа саналардан қайси жиҳатлари билан фарқ қилади? Умуман, бу сананинг мақсад-вазифаси қандай?

    — Қишлоқ аёлларининг меҳнати шаҳар аҳолисиникига нисбатан доим машаққатлироқ бўлган. Ҳатто энг ривожланган давлатларда ҳам улар уй ишларидан ортиб дала ёки ўз томорқасида меҳнат қилади, аҳоли учун зарур озиқ-овқат маҳсулотларини етиштиришга ҳисса қўшади. Бундай аёлларнинг аксарияти ўз хизмат вазифаларидан ташқари қишлоқ хўжалиги ишлари билан шуғулланади, фарзандларини меҳнатга ўргатади. Бир сўз билан айтганда, қишлоқ жойларда яшайдиган хотин-қизлар меҳнат фаолияти туридан қатъи назар, аҳоли фаровонлиги, дас­турхон тўкинлигига муносиб ҳисса қўшади. Мана шундай аёлларнинг ўрни ва аҳамиятига жамият эътиборини қаратиш, уларни қадрлаш ва меҳнатларини рағбатлантириш мақсадида Қишлоқ аёллари халқаро куни ташкил этилган.

    Ушбу сананинг кенг нишонланиши дунё халқлари орасида гендер тенглик таъминланаётганидан ҳам далолатдир. БМТ Глобал кун тартибининг 2030 йилгача бўлган давр учун белгилаган Барқарор ривожланиш мақсадларида бу масалага алоҳида эътибор қаратилиб, барча хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш қайд этилган. Бу борада юртимизда амалга оширилиши кўзда тутилган тизимли ишлар Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 20 октябрдаги «2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида ўз ифодасини топган.

    Ўтган йили республикамизда Қишлоқ аёллари халқаро куни биринчи марта кенг нишонланди. Байрам муносабати билан Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда 256 та тадбир ташкил этилиб, унда 38,5 мингдан ортиқ хотин-қиз иштирок этди. Жамият ҳаётида фаол бўлган аёлларнинг 12 мингдан ортиғи моддий, 30 минг нафари маънавий рағбатлантирилди.

    Мазкур санага бағишлаб уюшмамиз томонидан «Қишлоқ жавоҳирлари» ҳужжатли фильми суратга олинди. Навоий вилоятининг Томди туманида от миниб юрган аёлдан тортиб, туяни соғиб, унинг сутидан қимрон тайёрлаётган аёлгача кўрсатилган ушбу фильмни залда ўтирган 500 дан ортиқ томошабин кўзда ёш билан томоша қилди.

    Айтиш жоизки, бу сана фақат аграр соҳада ишлаётган хотин-қизларнинг эмас, балки жамики қишлоқ аёлларининг байрамидир. Ўз юртини қадрлаб, киндик қони тўкилган ер, заминга эҳтиром билан яшаётган, ҳудудини ободонлаштираётган қишлоқ аёлларига ҳурмат кўрсатиш, ўйлайманки, ҳар биримизнинг бурчимиз.

    Тадбиркорлик қилиш истагидаги аёлларнинг ҳаракатини қўллаб-қувватлашга қаратилаётган алоҳида эътибор опа-сингилларимиз иқтидорини изчил рўёбга чиқаришга хизмат қиляпти. Ҳозир иқтисодиётнинг турли тармоқларида банд бўлган хотин-қизлар улуши 62 фоиздан ошгани, тадбиркорлик субъектларининг 120 мингдан зиёдини, жумладан, 4,5 мингдан ортиқ фермер хўжалигини хотин-қизлар бошқараётгани бунинг ёрқин ифодасидир.

    Айни пайтда республикамиз аҳолисининг 49,8 фоизини ташкил этаётган хотин-қизларнинг 49,3 фоизи қишлоқ жойларда яшайди. Давлатимиз томонидан берилаётган катта имтиёз ва имкониятлар туфайли барча соҳаларда уларнинг ўрни мустаҳкамланиб бормоқда. Ижтимоий фаол хотин-қизлар сони кўпайиб, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва санъатдан ташқари, ишлаб чиқаришдаги салмоғи ортяпти. Жамиятда аёллар ўрнини янада мустаҳкамлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган фармон ва қарорлар қабул қилиниши, уларга тегишли халқаро ҳужжатларни ратификация қилиш, муҳим саналарнинг мамлакатимизда ҳам жорий этилиши мавжуд имкониятлар кўламини янада кенгайтирмоқда.

    — Ўттиз йил олдинги қишлоқ аёли билан бугунги қишлоқ аёлининг ўртасида қандай фарқ кўзга ташланади? Ўтган давр мобайнида нималар ўзгарди? Бугун қишлоқ аёли деганда кимни кўз олдимизга келтирамиз?

    — Аввало, қишлоқ аёлига муносабат, эътибор ўзгарди. Қайсидир маънода бир вақтлар қишлоқ аёлига замондан ортда қолган, кўп нарсага ақли етмайдиган ожиза сифатида қаралган бўлса, бугун ҳар жабҳада фаоллик кўрсатаётган, давр билан ҳамнафас яшаётган фермер, тадбиркор ёки оддий меҳнаткаш аёлга кўпчилик ҳавас билан қараяпти.

    Охирги йилларда қишлоқ аҳолисининг гендер тенглиги, аёлларнинг ишлашига бўлган муносабатнинг ижобий томонга ўзгариб бораётгани ҳам меҳнат бозорида хотин-қизлар улуши ортишига хизмат қиляпти. Аёлларнинг ҳам бу борадаги дунёқараши ўзгариб, бирор соҳада меҳнат қилиш орқали оиласи даромадига ҳисса қўшиш, ўз бизнесини йўлга қўйиш истаги, замон билан бирга қадам ташлашга бўлган интилиши ортиб боряпти. Бир неча йиллар олдин йирик фермер хўжаликларини фақат эркаклар бошқарган бўлса, бугунга келиб туманларда фаолият юритаётган фермер, тадбиркор аёллар ҳақида тез-тез ­эшитяпмиз.

    Яна бир қувонарли жиҳати қишлоқ аёлларининг таълим олиш, касб-ҳунар ўрганишга бўлган қизиқиши ортаётганидир. Хусусан, олий таълим муассасаларининг аграр соҳа йўналишида қизлар улуши кенгайиб бормоқда. Тошкент давлат аграр университети ва унинг филиалларида жорий йилда жами 11 914 нафар талаба таҳсил олаётган бўлса, уларнинг 3 318 нафари ёки 27,8 фоизини қизлар ташкил этмоқда. Бунинг учун уларнинг оиласида шароит яратилиб, қўллаб-қувватланаётгани янада қувонарли ҳол. Зеро, қишлоқларда яшайдиган хотин-қизларни таълимга, касб-ҳунар эгаллашга, тадбиркорликка йўналтира олсаккина ҳудудларда ривожланиш бўлади, аҳоли фаровонлиги ошади.

    — Қишлоқ аёлларини қўллаб-қувватлаш — катта бир тизим. Битта ташкилотнинг ўзи унинг барча йўналишларини қамраб олиши қийин. 2019 йилнинг июль ойида ташкил этилган Ўзбекистон «Аграр соҳа аёллари» уюшмасининг бу борада олдига қўйган вазифалари нималардан иборат?

    — Биз аграр соҳада фаолият юритаётган хотин-қизларнинг жамиятдаги мавқеини ошириш ва мустаҳкамлаш, уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, касбий маҳоратини юксалтириш, билим доираларини кенгайтириш, гендер тенг­ликни таъминлаш ва бошқа бир қатор вазифаларни олдимизга қўйган ҳолда иш бошлаганмиз. Шу кунга қадар ҳудудларда ҳуқуқий, иқтисодий ва психологик йўналишдаги ўқув, амалий ҳамда кўргазмали семинар-тренинглар, учрашувлар, давра суҳбатлари, кўрик-танловлар ўтказиб келяпмиз.

    Уюшманинг асосий вазифаси қишлоқ жойлардаги аёлларнинг турли йўналишларда билимлари, касбий маҳоратини оширган ҳолда, ўз қизиқишига кўра, тегишли ташкилотларда мавжуд бўш иш ўринларига йўналтиришдан иборат. Айни пайтда уюшма билан 12 та вазирлик ва идора ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланган бўлиб, бу қишлоқ аёлларига турли масалаларда кўмак бериш имкониятини янада оширади.

    Ҳозир Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон ва Фарғона вилоятларида уюшма филиаллари очилган бўлиб, улардаги мутахассисларимиз ҳудудлардаги аёлларнинг мурожаатларини қабул қилади, ўз маслаҳатларини бериб, қизиқишлари асосида тегишли ташкилотларга йўналтиради. Бу жараёнларда қишлоқ хўжалиги йўналишида катта тажрибага эга олимлар, фан докторларидан иборат волонтёрларимиз ҳам фаол иштирок этади.

    Охирги вақтда аёллар учун бўш иш ўринлари яратишда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, сақлаш, ноанъанавий экинлар етиштириш йўналишларига катта эътибор қаратиляпти. Томорқа ерлардан самарали фойдаланишни йўлга қўйиш, иссиқхоналар ташкил этиш, чорвачиликни ривожлантириш асосида ҳудудларда, асосан, хотин-қизлар учун бўш иш ўринлари яратиляпти. Кўплаб аёллар бундан яхши даромад олиб, ўз бизнесини бошлашга ҳам муваффақ бўлмоқда. Оиласига даромад олиб кириш билан бирга ён-атрофидаги хотин-қизларни иш билан ­таъминлаяпти.

    Ноанъанавий экинлар экиш йўналишида меҳнат қилаётганларнинг ҳам аксариятини аёллар ташкил қилмоқда. Жиззах вилояти Бахмал туманида кластер ташкил этилиб, заъфарон ўсимлигини экиш йўлга қўйилди. Мазкур корхонада ҳам мавжуд 200 та доимий иш ўрнининг 70 фоизида хотин-қизлар ишлаяпти. Айтиш жоизки, асосан хорижга экспорт қилинадиган қимматбаҳо ўсимлик 3 та йўналиш — озиқ-овқат, дори-дармон ва бўёқ саноатида фойдаланилади. У инсон иммунитетини ошириб, жуда кўп касалликларга даво бўлибгина қолмай, жаҳонда талабгир зиравор ­ҳамдир.

    Биз турли семинарлар, учрашувлар орқали, аввало, ишчан, ижтимоий фаол аёллар сафини кенгайтиришни мақсад қилганмиз. Аслида ижтимоий фаол аёллар сафига нафақат ишлаётган ёки ўқиётганлар, балки иш излаётганларни ҳам киритамиз. Чунки улар ҳаракатда ва биз ана шундай изланувчан, ўз устида ишлайдиган, олдига мақсад қўйган аёлларни кўпайтирсак, жамиятда камбағаллик камаяди, фаровонлик ортади.

    — Давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 8 октябрь куни жамиятда аёллар ва ёшларнинг ролини ошириш ҳамда бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан ўтказган видеоселектор йиғилишида ҳар бир маҳалла, туман, шаҳар ва вилоят кесимида «аёллар дафтари»ни шакллантириш бўйича топшириқ берди. Бу айни вақтида айтилган жуда муҳим ташаббус бўлди, шундай эмасми?

    — Ҳақиқатан, бу ҳозирги кундаги энг долзарб, муҳим масалалардан бири. Сабаби, ҳар бир хонадон, ҳар бир инсонга етиб бориш, уларнинг муаммоларига ечим топиш керак, деган ташаббуснинг амалиётга жорий этилиши жуда кўп аёлларнинг ҳаётини яхши томонга ўзгартиради. Бундай «дафтар»нинг юритилиши, аввало, барча аёлларга бўлган эътибор рамзидир. Жамиятимиздаги ҳар бир хотин-қиз бундай ғамхўрлик туфайли ­эътибордан четда эмаслигини ҳис этади. «Менинг ғамимга кимдир шерик экан, кимдир ёрдам бера олар экан», деган мотивация билан яшайди.

    «Аёллар дафтари», деб бекорга айтилмайди. Унда кимнингдир исми қайд этилдими, демак у билан тизимли ишланади. Бундай «дафтар»ни ташкил қилишни 2 та йўналишга ажратиб олиш керак, деб ўйлайман. Яъни унга объектив сабабга кўра — қандайдир муаммолар туфайли ишини ёки соғлиғини йўқотиб қўйган, муаммога дуч келган аёллар ҳамда субъектив сабаб билан тушганларни аниқлаб олиш лозим.

    Субъектив сабабга кўра «аёллар дафтари»га тушган хотин-қизлар билан алоҳида ишлаш, иложи борича тўғри тушунтириш ишларини олиб бориш талаб этилади. Улар бир нарсани анг­лаши лозим: «темир дафтар»га тушди, дегани унга доимий ёрдам берилишини англатмайди. Афсуски, айрим инсонлар ана шундай фикрда боқимандаликка ўрганиб қолмоқда. Ваҳоланки, халқимиз қўлдан берганга қуш тўймас, дейди. Албатта, кам таъминланган, муҳтож оилаларга ёрдам беришимиз керак. Лекин «темир дафтар», жумладан, «аёллар дафтари»ни юритишдан асосий мақсад одамларга мустақил оёққа туришига мотивация бериш, муносиб иш топишига рағбатлантириш, касб-ҳунар эгаллашига кўмаклашишдан иборат. Унга берилган билим ва кўникмаларнинг бари ўша кишининг ўзи билан қолади ва доимий даромад манбаига эга иш топишида катта кўмак бўлади.

    Шу жумладан, ҳаётда аниқ мақсади, истиқбол режалари бўлмаган, «аёллар дафтари»га тушиб қолган хотин-қизлар билан ҳам алоҳида ишлашимиз керак. Уларни иш билан таъминлашдан олдин маънавиятини, дунёқарашини бойитишимиз, интилишини уйғотишимиз зарур. Ҳар бир аёлда интилиш бўлсагина, жамиятда катта ўзгаришлар бўлади. Бугун бирор иш билан шуғулланаман, деган аёлларга кўплаб имтиёз, имкониятлар бериляпти. Ҳатто айрим тижорат банклари қўшимча маблағларининг 30 фоизини айнан аёллар ишбилармонлигини қўллаб-қувватлашга йўналтиряпти. Улардан фақат фойдаланиш керак, ­холос.

    Биз бундан бир неча кун олдин АҚШнинг USAID ташкилоти билан биринчи йирик лойиҳамизни амалга ошириш бўйича келишув имзоладик. Лойиҳанинг мақсади энг чекка қишлоқ жойларда аёлларга бепул юридик хизмат кўрсатишдан иборат. У аҳолининг ҳуқуқий билимларини оширишга қаратилади. Ҳозир Тошкент вилоятининг Оҳангарон ва Паркент туманларидаги чекка тоғли ҳудудларида бепул хизмат кўрсатадиган юридик пунктлар ташкил этилиб, ишларни бошлаб юбордик. Бу пунктлардаги мутахассисларимиз ижтимоий ҳимояга муҳтож аёлларнинг мурожаатларини қабул қилиб, муаммоларининг ечимида уларга кўмак беради.

    Бундан ташқари, янги иш ўринлари яратиш, камбағалликни қисқартиришга қаратилган йирик лойиҳаларда иштирок этиш, хотин-қизлар кооперацияларини ташкил этиш сингари кўплаб мақсадларимиз бор. Келгусида барча ҳудудларда Ўзбекистон «Аграр соҳа аёллари» уюшмаси филиалларини ташкил этиб, фаолиятимизни янада кенгайтириш орқали юзлаб, минглаб хотин-қизларни жамиятнинг фаол қатламига айлантиришга ҳиссамизни қўшиш истагидамиз.

    «Янги Ўзбекистон» мухбири

    Ирода ТОШМАТОВА суҳбатлашди.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates