Бу ҳақда Al Masry Al Youm газетаси Қизил денгиз вилояти губернатори Амр Ҳанафийга таяниб хабар берди.
Аввалроқ Ҳанафий Қизил денгиздаги Марса-Алам қирғоқлари яқинида чўкиб кетган Sea Story яхтасидан йигирма саккиз киши қутқарилгани, 17 нафари бедарак йўқолган деб топилганини маълум қилган эди.
“Қизил денгиз губернатори Амр Ҳанафий яхтанинг чўкиб кетиши оқибатида бедарак йўқолганларни қидириш ва қутқариш ишлари давомида Қизил денгиз соҳиллари яқинида уч кишининг жасади топилганини таъкидлади”, дейилади газета хабарида.
Аввалроқ Қизил денгиз вилояти маъмурияти душанба куни эрталаб Мисрнинг Марса-Алам қирғоқлари яқинидаги Қизил денгизда 31 нафар турист ва 14 нафар экипаждан иборат яхта чўкиб кетгани, баъзилари тирик ҳолда топилгани, қидирув-қутқарув ишлари давом этаётгани ҳақида хабар берган эди.
Миср оммавий ахборот воситаларига кўра, чўкиб кетган яхта бортида 13 давлат – Миср, Германия, Испания, Бельгия, Хитой, АҚШ, Словакия, Швейцария, Буюк Британия, Польша, Норвегия, Ирландия ва Финляндия фуқаролари бўлган. Кема 24 ноябрь куни Марса-Аламдан дайвинг-тур саёҳати учун жўнаб кетган ва 29 ноябрь куни Хургадага етиб бориши керак эди, деб хабар беради ria.ru.