Буларни билмагани, тасаввур қилмагани ҳам яхши. Чунки бугун тадбиркор давлатнинг дўсти, ҳимоясидаги соҳа эгаси сифатида ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётган экан, одамлар ҳеч иккиланмай иш бошлаб, бизнес эгасига айланмоқда.
Сўнгги йилларда юртимизда яратилган қулай ва эркин ишбилармонлик муҳитидан кўзланган мақсад ҳам шу аслида. Айниқса, тадбиркорлар фаолиятида учрайдиган ортиқча оворагарчиликлар, ҳисобот юки ва тўсиқларни камайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу ўзгаришлар уларнинг вақт ва маблағини тежаш, фаолият самарадорлигини ошириш билан бирга статистик ҳисоботлар тўлиқ, тўғри ва ўз вақтида тақдим этилишига ҳам ижобий таъсир кўрсатяпти.
Яъни тадбиркорлар фаолияти қанча эркин бўлса, шаффофлик ва ошкоралик шунча ортади. Ортиқча тазйиқ ва кераксиз оворагарчиликлар бўлмаган жойда бизнес эгаси ҳам тўғри ишлайди, ҳисоботларни ҳалол юритиб, солиқларни ўз вақтида тўлайди. Ҳисоботлар деб айтаётганимиз тадбиркорнинг фаолиятини аввалгидек текшириш, ишига аралашиш мақсадида талаб қилинадиган “қоғозлар” эмас. Гап мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий жараёнларни тизимли таҳлил қилиш, реал вазиятни баҳолаш ва асосли қарорлар қабул қилишда муҳим ахборот манбаи бўлган статистик ҳисоботлар ҳақида боряпти.
— Тадбиркорлардан олинадиган ана шундай ҳисоботлар орқали бизнес муҳитидаги ўзгаришлар, фаолиятининг кўлами ва самарадорлиги ҳақида аниқ хулоса чиқариш имкони пайдо бўлади, — дейди Миллий статистика қўмитаси матбуот хизмати раҳбари Усмон Абдурасулов. — Бундай ҳисоботлар сифатли ва ўз вақтида тақдим этилиши нафақат статистика органлари, балки давлат бошқаруви тизими учун ҳам муҳим аҳамиятга эга. Тадбиркорлик субъектлари ўз фаолиятига доир статистик ҳисоботларни белгиланган шакл ва муддатларда тақдим этиши “Расмий статистика тўғрисида”ги қонун ҳамда бошқа меъёрий- ҳуқуқий ҳужжатларга асосланади. Бугунги кунда тадбиркорлар ойлик, чораклик ва йиллик ҳисобот топширади. Ҳар бир ҳисоботда уларнинг фаолият тури, ходимлар сони, товар айланмаси, молиявий кўрсаткичлари ҳамда бошқа муҳим маълумотлар қамраб олинади.
Аммо бу жараёнлар йилдан йилга соддалаштириб бориляпти. Давлатимиз раҳбарининг ҳар йили август ойида анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган тадбиркорлар билан очиқ мулоқотларида бу йўналишда ҳам кўплаб таклифлар билдирилишига гувоҳ бўламиз. Ана шу таклифлар асосида аниқ чоралар кўрилиб, ҳисоботларни топшириш билан боғлиқ янгиланишлар амалиётга жорий этиб келинмоқда.
— Тадбиркорлар учун статистик ҳисоботларни топшириш жараёнларини соддалаштириш бўйича қатор енгилликлар яратилмоқда, — дейди Миллий статистика қўмитаси бошқарма бошлиғи Маъмур Сатимов. — Жумладан, Президентимизнинг 2025 йил 24 февралдаги фармонига асосан, ходимлари 5 нафардан кам ва айланмаси БҲМнинг 2000 бараваригача бўлган кичик тадбиркорлик субъектлари ҳисоботларни энди ҳар йили эмас, балки 3 йилда бир маротаба тақдим этиши белгиланди. Миллий статистика қўмитаси томонидан ҳам бу борада бир қанча қулайликлар яратилган. Масалан, ҳисобот даврида респондентларга амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида тизимли равишда онлайн мулоқотлар ташкил этиб келинмоқда. Уларни қийнаган саволларга жавоб бериш учун call-марказ ишлаяпти. Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларга барча жараёнларни ўзида акс эттирган видеоқўлланмалар жойлаштирилган. Бу каби имкониятлар ҳисобот юкини камайтириш, маълумотларни аниқ ва ўз вақтида тақдим этишга хизмат қилмоқда.
Бу амалиёт халқаро майдонда ҳам мавжуд. Яъни жаҳоннинг ривожланган мамлакатлари, жумладан, АҚШ, Канада ҳамда Европа Иттифоқига аъзо давлатларда тадбиркорлик субъектлари статистика органларига ҳисобот топшириши қатъий белгиланган. Ушбу тизим реал иқтисодий ҳолатни кузатиш, аниқ статистикани шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади. Бу маълумотлар жаҳон майдонида бирор давлат ҳақидаги умумий тушунча шаклланишига ҳам хизмат қилади. Ўзбекистон бу борада бошқа мамлакатларга нисбатан жадал ривожланаётганини кузатиш мумкин.
— Бугунги кунда расмий статистика нафақат мамлакат ичида, балки халқаро миқёсда ҳам асосий маълумот манбаи сифатида эътироф этилмоқда, — дейди Миллий статистика қўмитаси бошқарма бошлиғи Улуғбек Ноипов. — Тадбиркорлик субъектларидан ҳисоботлар ва кузатувлар орқали олинадиган маълумотлар мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожи, иқтисодиётдаги тенденциялар ҳамда бозордаги ўзгаришлар динамикасини аниқ баҳолашда муҳим ўрин тутади. Халқаро амалиётда ушбу маълумотлар хорижий сармоядорлар учун инвестиция қарорларини қабул қилишда асосий манбадир. Шу билан бирга, ушбу кўрсаткичлар мамлакатнинг халқаро рейтинглардаги ўрнини белгилашда ҳам катта роль ўйнайди.
Ҳаммаси электрон
Ҳозир статистика соҳасига замонавий ахборот технологиялари жорий этилиши натижасида маълумот йиғиш ва таҳлил қилиш анча соддалашган. Айниқса, ҳисобот топшириш жараёнлари янги босқичга кўтарилиб, самарадорлик ва шаффофликни таъминлаш борасида муҳим ютуқларга эришилмоқда.
Аниқроғи, ҳисоботларни тақдим этиш амалиёти тўлиқ рақамлаштирилган бўлиб, тадбиркордан ортиқча қоғозбозлик ва оворагарчилик талаб этилмайди. Бунинг учун Миллий статистика қўмитаси томонидан “eStat” ахборот тизими ишлаб чиқилган. Тизим қатор инновацион қулайликларга эга. Жумладан, ҳисоботлар мавжуд маълумотлар асосида автоматик равишда шакллантирилади, бу эса тадбиркорларнинг меҳнат харажатларини камайтиради. Шунингдек, ҳисоботларни қоғоз шаклида эмас, балки электрон рақамли имзо билан тасдиқлаб, онлайн тарзда юбориш имконияти мавжуд.
Қолаверса, ҳар бир тадбиркор ўз шахсий кабинети орқали ҳисобот юбориши, унинг ҳолатини кузатиши, зарур эслатмаларни олиши мумкин. Респондентлар ҳисоботларни куннинг исталган вақтида ва ҳафтанинг ҳар қайси кунида тақдим этиш имкониятига эга. Яна бир муҳим жиҳат — ҳисобот юборилишидан олдин тизим уни автоматик таҳлил қилади ҳамда мавжуд хатолари юзасидан хабар беради.
Бу қулайликларни тадбиркорлар, корхона эгалари, ҳисобчилар амалда ҳис қиляпти. Биргина ҳисоб-китоб ишлари рақамлашиб, соддалашгани ортидан қанча вақт, маблағ тежалишини тасаввур қилиш қийин эмас. Бу ходимларнинг ойлик маошларини ўз вақтида, тез ва осон олишига ҳам бевосита таъсир кўрсатади.
Валижон ҲАМРОЕВ, “Betlis tekstil” МЧЖ бош ҳисобчиси:
— 2008 йилдан буён “Betlis tekstil” МЧЖ корхонасида бош ҳисобчи бўлиб ишлайман. Илгарилари статистика идораларига қоғоз шаклида ҳисоботларни шахсан олиб боришимизга тўғри келарди. Баъзан арзимаган хатолик туфайли ҳисобот қабул қилинмас, яна иш жойимизга қайтиб, тузатиш киритиб, ҳисоботни қайта топширардик. Бу жараён бир неча кун вақтимизни оларди. Бугунги кунда эса замонавий электрон тизимлар туфайли иш жойимизни тарк этмасдан туриб ҳисоботларни онлайн тарзда юбориш имконияти яратилган. “еStat 4.0” платформаси орқали исталган жойда ва исталган вақтда ҳисоботларни электрон юбориш мумкинлиги катта қулайликдир.
Умуман, ҳар бир бизнес ўз фаолиятини баҳолаш учун рақамларга таянади. Рақамлар аниқ бўлиши эса энг муҳим вазифалардан бири. Қолаверса, рақамларга қараб фаолиятни баҳолаш анча осон. Исталган тадбиркорлик субъекти ҳисоботлардаги маълумотлар орқали даромад ва харажатлар, фойда ва зарар, ишчи кучи самарадорлиги каби кўрсаткичларини кузатиб боради. Бу эса тўғри бошқарув ва стратегик режалаштириш учун асос вазифасини ўтайди.
Мавжуда БАҲРИДДИНОВА, “Halol sut agro” МЧЖ ҳисобчиси:
— Ҳисоботларни қайд этиш доим мураккаб ва узоқ вақт оладиган жараён бўлиб келган. Буни ҳисобчилар яхши билади. Аммо бошқа соҳалар қатори бу йўналишда ҳам рақамлаштириш кенг жорий этилиши нафақат ишни енгиллаштириш, балки аниқликни оширишга хизмат қилмоқда.
Ҳозир “eStat 4.0” тизимида ҳисобот тўлдириш жараёни янада соддалаштирилган. Платформага кирган заҳотиёқ корхонага оид маълумотлар автоматик равишда шаклланади. Тизимнинг аввалги версияларида бу имконият мавжуд эмасди ва ушбу маълумотларни ҳар сафар қўлда киритиш талаб этиларди. Ҳисобот тўлдириш жараёнида бирор хатоликка йўл қўйилса, мантиқий назорат функцияси ишга тушади. Бу функция орқали аниқ қайси сатрда ва қайси рақамда хато мавжудлиги кўрсатилади. Шу тарзда ҳисоботларимизни хатолардан холи қилиш имконига ҳам эгамиз.
Сунъий интеллект маслаҳат беради
Рақамлаштиришнинг қулайликларидан яна бири, яратилган ахборот тизими доимий янгиланиб, қўшимча хизматлар билан бойитиб борилаверади. Гап шундаки, бугунги замонавий технологияларнинг талаби шу — электрон вазифаларни доимий янгилаб бориш керак. Қолаверса, ҳозир сунъий интеллект технологиялари ҳар соҳага кириб бориб, ахборотлаштириш жараёнларида фаол қўлланиляпти.
Ҳисоботларни электрон юритиш жараёнлари ҳам бундан холи эмас. Давлатимиз раҳбарининг тегишли фармонига кўра, ҳисобот жараёнларида юзага келиши мумкин бўлган қийинчилик ва муаммоларнинг олдини олиш мақсадида “Маслаҳатчи” интерактив хизмати йўлга қўйилади.
— Бу хизмат тадбиркорлик субъектларига статистик ҳисоботларни шакллантириш, топшириш тартиби ва талаблари бўйича автоматик тавсиялар бериш имконини яратади, — дейди Миллий статистика қўмитаси матбуот хизмати раҳбари Усмон Абдурасулов. — Тизимда сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланилган ҳолда “Маслаҳатчи” модули жорий этилмоқда. Ушбу модуль ҳисобот топширишдаги мавжуд мураккабликларни енгиллаштиришга хизмат қилади. Хусусан, респондентлар турли йўриқномалар ва ҳужжатлар билан танишиб чиқиш ўрнига савол бериш орқали сунъий интеллектдан тез ва аниқ жавоб олиши, шу орқали зарур маслаҳатлардан фойдаланиши мумкин бўлади. Модуль ҳисоботларни тўлдириш жараёнида ёрдамчи восита сифатида фаолият юритади.
Ана шундай замонавий электрон хизматлар туфайли тадбиркорлик субъектларининг ҳисобот топшириш жараёнлари анча қулай ва самарали ишга айланади. Тақдим этилаётган ҳисоботларнинг аниқлиги ва тўғрилиги даражаси ошади. Келгусида эса ҳисоботларни текшириш жараёнларига ҳам сунъий интеллект имкониятларини жорий этиш режалаштирилмоқда.
Юқорида таъкидланганидек, тадбиркорлик субъектлари томонидан статистик ҳисоботлар белгиланган шакл ва муддатларда тақдим этилиши давлатнинг иқтисодий жараёнларни тўғри бошқариши ва холис баҳолашида муҳим воситадир. Тақдим этилган ҳисоботлар асосида иқтисодиётдаги умумий ҳолат, соҳа ва ҳудудлар кесимидаги ўзгаришлар, товар айланмаси, иш ўринлари динамикаси, инвестиция фаолияти каби кўплаб кўрсаткичлар таҳлил қилинади. Бу, ўз навбатида, тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган янги имтиёзлар, солиқ ва молиявий енгилликлар, инфратузилмавий дастурлар ҳамда бошқа стратегик чора-тадбирларни манзилли ва асосли белгилаш имконини беради. Жамиятдаги реал иқтисодий муҳит, бизнес фаоллиги ва тадбиркорлик секторидаги тенденциялар ҳақида аниқ ва ишончли тасаввур шаклланади. Бу эса мамлакат иқтисодиётининг барқарор ва изчил ривожланишига хизмат қилади.
Асосийси, ҳисоботларни топширишдаги қулайлик, замонавий ечимлар тадбиркорнинг ҳар дақиқаси қадрли бўлган вақтини тежаб, иш самарадорлигини оширади. Ишбилармонлар энди қоғозбозлик билан шуғулланиш ўрнига ўз бизнесини ривожлантиришга кўпроқ эътибор қарата олади.
Ирода ТОШМАТОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири









