Қонунчилик ҳужжатларини тизимлаштириш ортиқча оворагарчиликнинг олдини олади

     Президентимизнинг “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармонида давлат ва жамият қурилиши тизимини тубдан такомиллаштириш, ҳаётимизнинг барча соҳаларини эркинлаштириш, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш билан боғлиқ муҳим чора-тадбирлар белгиланган.

    Жумладан, амалдаги қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш,тадбиркорлик фаолияти ривожига тўсиқ бўлаётган ортиқча нормаларнинг қисқартирилишини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

    Бу бежиз эмас. Зеро, ҳаётимизнинг барча жабҳалари қонунчилик ҳужжатлари билан тартибга солинади. Қонунчиликдаги такрорланиш, тафовут ва чалкашликлар эса ҳуқуқни қўллаш амалиётини мураккаблаштиради. Чунки бир масалани тушуниш учун юзлаб ҳужжатларни кўриб чиқишга тўғри келади. Мазкур ҳолат қонунчилик тизимини сифат жиҳатдан мутлақо янги босқичга олиб чиқишни тақозо этмоқда.

    Бугунги кунда Адлия вазирлиги томонидан ушбу йўналишда белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадида барча соҳаларда қонунчиликни тизимлаштириш ишларини самарали йўлга қўйиш, қабул қилинганига кўп вақт бўлган қонун ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш ва уларни бугунги ислоҳотларга уйғунлаштириш юзасидан тизимли иш олиб борилмоқда.

    Соҳадаги ишлар босқичма-босқич давом этмоқда. Бу жараёнда, даставвал, қонунчилик базаси тўлиқ хатловдан ўтказилиб, ўз аҳамиятини йўқотган ҳужжатларни (тартибга солиш гильотинаси усули орқали)бекор қилиш бўйича ишлар амалга оширилди. Бунинг натижасида Президентнинг 500 га яқин фармони ва қарори ҳамда ҳукуматнинг 2 000 га яқинҳужжати бекор қилинди.Бугунги кунда миллий қонунчилик базасида 35 мингдан ортиқ ҳужжат мавжудлигини инобатга оладиган бўлсак, ушбу ислоҳотлар натижасида ҳужжатлар сонини деярли 10 фоиз қисқартиришга эришилди.

    Тартибга солиш гильотинаси тамойилининг асосий ғояси самарасиз, ишламайдиган, қонунчиликка зид бўлган қоидаларни аниқлаш мақсадида меъёрий ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш натижалари асосида қисқа муддатларда ўз аҳамиятини йўқотган ҳужжатларни тўлиқ ёки қисман бекор қилишдир.Ушбу усул Швецияда бизнесни ривожлантириш ва сармояларни жалб қилишга тўсқинлик қиладиган қоидаларни олиб ташлаш учун ишлаб чиқилган бўлиб, кейинчаликИталия, Хорватия, Венгрия, Жанубий Корея, Мексика, Россия ва каби кўплаб мамлакатларда назорат фаолиятини ислоҳ қилишнинг самарали воситаси сифатида қўлланилган.

    Шу билан бирга, Адлия вазирлиги томонидан ҳужжатларни консолидация усулларини қўллаган ҳолда тизимлаштириш ишлари амалга оширилади. Айтиш керакки, консолидациятизимлаштиришнинг турли шаклдаги, аммо мазмун жиҳатдан ўхшаш бўлган қонунчилик ҳужжатларини битта ҳужжатга бирлаштиришни назарда тутувчи усулидир.Адлия вазирлиги ҳамда манфаатдор давлат органлари томонидан ўтказилган таҳлил натижалари қуйидагиларни инобатга олган ҳолда қонун ҳужжатларини комплекс тизимлаштириш зарурати мавжудлигини кўрсатмоқда.

    Биринчидан, давлат органлари фаолиятини тартибга солувчи ҳужжатларнинг кўплиги қонуности ҳужжатлар сонининг сунъий равишда ошишига сабаб бўлмоқда.Таъкидлаш жоизки, ҳозирда юзга яқин давлат органи фаолиятини тартибга солувчи 1600 дан зиёд қонунчилик ҳужжати мавжуд.Мисол учун, биргина Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бўйича 93 та, Халқ таълими вазирлиги бўйича 83 та, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бўйича 82 та ҳужжат қабул қилинган.Эндиликда давлат органлари фаолиятини тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатларини бирлаштириш орқали уларнинг сонини қисқартириш таклиф этилмоқда.

    Иккинчидан,қонунлардаги нормаларнинг қонуности ҳужжатларда такрорланиши ҳуқуқий тартибга солиш юкини кўпайтирмоқда ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини қийинлаштирмоқда. Бу эса фуқаролар ва тадбиркорлар муайян масала бўйича айнан қайси ҳужжатга амал қилиши кераклиги юзасидан саволларни туғдирмоқда. Натижада масалани тушуниш ва унга ҳуқуқий ечим топиш учун юзлаб ҳужжатларни кўриб чиқишга тўғри келмоқда.Дастлабки таҳлил натижаларига кўра, ҳар бир соҳа бўйича ўртача 4-5 та қонун, 40 дан ортиқ қонуности ҳужжат қабул қилинган. Айрим қонуности ҳужжатлар матнларининг аксарият қисми юқори турувчи қонунлар, шунингдек, бир соҳани тартибга солувчи қонуности ҳужжатлардаги нормаларни такрорлайди.

    Учинчидан, бир хил соҳаларни тартибга солувчи бир нечта қонунчилик ҳужжати мавжудлиги ҳуқуқни қўллашда турлича талқин қилиш ва мураккабликлар юзага келишига сабаб бўлмоқда.Жумладан, Фуқаролик кодексидаги суғурта фаолиятига доир нормалар “Cуғурта фаолияти тўғрисида”ги, “Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги, “Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларидан мажбурий давлат ижтимоий суғуртаси тўғрисида”ги, “Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги қонунларда ва бошқа қонуности ҳужжатларда такроран белгиланган.

    Бу борада хорижий давлатлар тажрибаси назар солсак.Қозоғистонда барқарор ижтимоий муносабатларни комплекс тартибга солиш консолидациялашган қонунлар орқали амалга оширилади. Молдовада бир соҳада ҳуқуқий нормаларнинг кўплигини бартараф этиш зарур бўлган ҳолларда консолидациялашган қонун ҳужжати қабул қилинади. Россия Федерациясида бир соҳани тартибга солувчи қонун ҳужжатлари инкорпорация, консолидация ва кодификация қилиш орқали тизимлаштирилади ва тўпламларга бирлаштирилади. Францияда 80 тадан ортиқ соҳадаги қонун ҳужжатлари кодексларда, Германияда қабул қилинган қонун ҳужжатлари тартибга солиш соҳаси бўйича ягона қонунчилик ҳужжатлари тўпламида жамланган.

    Қонунчилик ҳужжатларини тизимлаштиришнинг иккинчи босқичида кенг қамровли ишлар қилиниши лозим. Шу боис, ушбу йўналишдаги ишларни босқичма-босқич равишда 2021–2025 йиллар давомида амалга ошириш режалаштирилмоқда.

    Зеро, қонунчилик ҳужжатларини тизимлаштириш ва камайтириш орқали, аввало, фуқаролар ва тадбиркорлар томонидан айнан қайси ҳужжатдан фойдаланса тўғри бўлади, деган саволга тезкор ва аниқ ечим топилади. Ҳуқуқий ахборотдан фойдаланиш ва ҳуқуқшунос хизматлари билан боғлиқ сарф-харажатлар қисқаришига хизмат қилади. Қонунчиликдаги такрорланиш ва тафовутларнинг бартараф этилишига замин яратилади.

    Аъзамжон ЭРКИНОВ,

    Адлия вазирлигининг қонун ҳужжатларини таҳлил

    қилиш ва туркумлаш бошқармаси бош маслаҳатчи

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates