Қопда картошка етиштирганмисиз?

    Агросектор 19 июн 2020 4251

    Мелиқўзи Ибрагимов Паркент тумани марказида истиқомат қилади. Ихчамгина ҳовлиси бор. У анча илгари кредит олиб, икки сотихга яқин ерга лимон ва мандарин кўчатларини экди. Кейинчалик ҳовлисида бир сотиздан зиёд мўъжазгина иссиқхона ҳам қурди. Помидор, бодринг, булғор қалапири етиштиришни бошлади.

    – Томорқамиз кичкина, бор-йўғи уч сотих, аммо ундан беш мартагача ҳосил оламиз, – дейди Мелиқўзи ака. – Даромад ҳам шунга яраша. Аслида бир сотих ери бор одам, бой одам. Бир сотихдаги иссиқхона ҳам яхши фойда беради. Масалан, биз май ойигача 8 млн. сўм даромад олдик. Помидор, бодринг ва саримсоқ пиёз сотдик.

    Мелиқўзи аканиниг ҳовлисида қопларга экилган картошкаларга кўзимиз тушиб, бунинг сири билан қизиқдик. У кишининг айтишича, қоп остига 20-25 см.да табиий ўғитлар билан аралаштирилган тупроқ солиниб, 2-3 дона картошка уруғи экилади. Ёз ойларида тез-тез сув сочиб, суғориб турилади. Картошка униб чиққан сари, қоп ўғит билан тўлиб боради. Қоп тўлгач, картошка табиий ҳолатда пишади. Натижада бир қоп ўғит ичидан 20-25 килограммгача ҳосил олинади.

    Мелиқўзи ака “Излаган имкон топади”деган мақолни кўп ишлатади. Сабаби буни ҳаётда кўп бор синаб кўрди. Суҳбат давомида қорамоллари борлигини, 6 бош соғин сигирнинг ҳар биридан 20 - 30 литргача сут олаётганлигини эшитиб, тўғриси, у кишига ҳавасимиз янада ортди.

    Дарвоқе, Мелиқўзи Ибрагимов Паркент туман архивида узоқ йиллардан бери ишлаб келади. Хонадондан қайтар эканмиз, билганга томорқа ҳақиқий хазина эканлигига яна бир бор ишонч ҳосил қилдик.

    Дониёр ҚУРБОНХЎЖАЕВ

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates