Қорамолларнинг генетик паспорти яратилади

    “Янги Ўзбекистон” газетасининг шу йил 28 июнь сонида журналист Севара Абдуллаеванинг “Қорамолларнинг генетик паспорти яратилади” номли мақоласи чоп этилди. Қуйида уни ўқишингиз мумкин.

    Шу йилнинг 6-10 июнь кунлари Инновацион ривожланиш вазирлигида “Аграр соҳада инновацион технологиялар” ҳафталиги бўлиб ўтди. Унинг доирасида ўтказилган илмий-амалий семинарларда қишлоқ хўжалиги соҳасида яратилаётган инновацион ишланмалар ва технологиялар, улар ёрдамида етиштирилаётган сифатли ва рақобатбардош янги маҳсулотлар намойиш этилди.

    Семинарнинг иккинчи куни чорвачилик соҳасидаги инновацион технологияларга бағишланди. Тақдимот давомида биотехнология йўналишидаги бир лойиҳа эътиборимизни тортди. Бу “Ноёб зотли ҳайвонларни генетик жиҳатдан паспортлаштириш учун молекуляр панеллар ишлаб чиқиш” мавзусидаги илмий-амалий лойиҳа эди. Лойиҳа раҳбари — Чорвачилик ва паррандачилик илмий-тадқиқот институти бўлим мудири, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди Ҳусанжон Ғиёсовдан лойиҳанинг долзарблиги, мақсади, вазифалари ва кутилаётган натижалар ҳақида сўрадик.

    — Бугун аҳолини сифатли ва хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашда аграр соҳанинг, жумладан, чорвачиликнинг ўрни беқиёс. Кунлик озуқа рационимизни сут, гўшт, парранда гўшти, тухум ва шифобахш асалсиз тасаввур қилолмаймиз. Бу маҳсулотлар асосида турли таом ва егуликлар тайёрлаш мумкин, — дейди Ҳусанжон Ғиёсов. — Чорвачилик амалиётида аксарият ҳолларда зотдор, самарадор жониворни танлаш, унинг насл ва маҳсулдорлик кўрсаткичини баҳолашда анъанавий усуллардан фойдаланиб келинади.

    Бунинг учун камида 3-4 йил, айрим ҳолларда 5-10 йил керак. Агар уларнинг насли ҳақида ҳужжат бўлса, авлодлари шажараси сифатига қараб баҳоланади. Ҳужжати бўлмаса, онасининг ташқи кўриниши, саломатлиги ва маҳсулдорлигига қараб хулоса қилинади. Агар онаси кўп сут берадиган бўлса, харидор унинг боласи ҳам серсут бўлади, деган фикрда бузоқни харид қилади.

    Унинг ўсиши ва ривожланиши учун маблағ сарфлайди. Лекин 3-4 йилдан кейин ундан кутилган маҳсулотни олиб бўлмаслиги мумкин. Чунки баъзи ҳолларда юқори маҳсулдор сигирнинг авлодида хўжалик учун фойдали белгилар намоён бўлмайди. Сабаби, жуфтлашиш натижасида ҳосил бўлган гаметтада муҳим генларнинг қулай комбинацияси бузилиб кетади.

    Шунинг учун бу усулни бутунлай тўғри деб бўлмайди. Бундан ташқари, айрим ҳайвонлар ирсий касалликлар, масалан, гемофилия, яъни лейкоз, адгезия ва бошқа оғир касалликлар ташувчиси бўлиши мумкин. Уларни эрта аниқлаш ва зарур чоралар кўриш муҳим аҳамиятга эга. Чорва молларни танлашда молекуляр-генетик усуллардан фойдаланиш энг тўғри йўл. Селекция-наслчилик ишларини олиб боришда замонавий геном селекциясидан фойдаланиш ҳам жуда муҳим.

    у илғор технология ҳайвонларнинг насл ва маҳсулдорлик кўрсаткичини эрта аниқлаш ва прогнозлаш, жониворларни қисқа муддатда ишончли генотиплаш, идентификация қилиш, урчитиш учун муносиб жуфтларини танлаш ҳамда селекция ишларини жадаллаштириш имконини беради.

    Уй ҳайвонига паспорт нега керак?

    — Лойиҳамизнинг асосий мақсади Ўзбекистонда генетик хилма-хилликни асраш, жумладан, йўқолиб кетиш даражасига келиб қолган миллий Бушуев зотли қорамолларнинг қимматли генофондини молекуляр-генетик тадқиқотлар ўтказиш орқали сақлаш, зотнинг генетик паспортини яратишга қаратилган, — дея фикрини давом эттиради олим. — Шунингдек, лойиҳа Президентимизнинг ўтган йил 1 апрелдаги “Илмий ва инновацион фаолиятни ривожлантириш бўйича давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони ҳамда 2020 йил 25 ноябрдаги “Биотехнологияларни ривожлантириш ва мамлакатнинг биологик хавфсизлигини таъминлаш тизимини такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгиланган топшириқлар ижросига йўналтирилган.

    Ҳар бир ҳайвоннинг ДНКси ва генотипи ҳар хил бўлади. Четдан наслли мол келтирилганда унинг қайси зотга мансублиги ва ҳақиқий насл кўрсаткичларини ушбу усул орқали аниқ билиш мумкин. Четдан келтирилган молларни иссиқ иқлим шароитимиз ҳамда хўжаликларнинг озиқлантириш ва сақлаш шароитларига мослаштириш, замонавий усуллардан фойдаланиб, уларнинг маҳсулдорлигини ошириб бориш ҳам асосий вазифаларимиздан.

    Чорвачилик илмий-тадқиқот институти лабораторияларида биотехнология ютуқларидан илгари ҳам фойдаланилган. Масалан, эмбрион транплантацияси амалга оширилган. Лекин лаборатория жиҳозлари эскиргани ва уларни янгилаш учун институтда етарли маблағ бўлмагани учун бу ишлар тўхтаб қолган эди. Тўғри, ушбу йўналишда олиб бориладиган текширувлар қиммат туради. Кўп янги замонавий генетик тадқиқотлар услубиятини ёшларимиз ҳали мукаммал билмайди.

    Шу сабабли ёш олимларни стажировкага жўнатишга киришганмиз. Бу борада Инновацион ривожланиш вазирлигининг махсус дастури орқали кўплаб ёш олимларимиз ривожланган давлатларда бўлиб, илғор технологиялардан фойдаланишни ўрганиб келмоқда.

    Ишнинг амалий аҳамияти нимада?

    — Лойиҳа доирасидаги тадқиқотлар Тошкент ва Сирдарё вилоятлари хўжаликларида Бушуев зотли ва бошқа наслли қорамолларда ўтказилади. Молекуляр-генетик тадқиқотлар Фанлар академиясининг Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институтининг замонавий лабораториясида олиб борилади, — дейди Ҳусанжон Ғиёсов. — Ўзбекистонда яратилган Бушуев зотли молларнинг қони биринчи марта инновацион технология асосида генетик таҳлил қилинади ва уларнинг генотипи аниқланади. Тоза зотли ва дурагай ҳайвонлар идентификация қилинади.

    Ҳар бир мол ДНКси ажратиб олинади, хромосомалардаги насл ва маҳсулдорликка бевосита таъсир этувчи муҳим генларнинг ҳолати ва ўзгариши ўрганилади. Илмий-амалий лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида қатор натижаларга эришилади. Жумладан, Бушуев зотли қорамоллар генофондини сақлаш мақсадида уларнинг ДНК маркерлари аниқланади ва қимматли хўжалик хусусиятига эга генлар полиморфизми баҳоланади.

    Ҳайвонларнинг хўжалик учун фойдали белгилари генетик жиҳатдан ўрганилиб, мазкур ноёб зотли ҳайвонларни генетик жиҳатдан паспортлаштириш учун молекуляр панеллар ишлаб чиқилади. Иккинчидан, ушбу зотли қорамолларнинг генетик паспорти ишлаб чиқилади. Генетик паспорт ҳайвонларнинг насл ва маҳсулдорлик кўрсаткичини олдиндан прогнозлаш имконини беради.

    Насли паст ҳайвонларни эрта аниқлаш ва уларни подадан чиқариш ҳисобига маҳсулдор моллар подасини шакллантириш улар билан олиб бориладиган селекция-наслчилик ишларини жадаллаштиради. Ноёб зотли ҳайвонлар генофондини сақлаб қолиш, маҳсулдорлиги ва бош сонини кўпайтириш имкониятини кенгайтиради.

    Учинчидан, юртимизнинг иссиқ иқлимига яхши мослашган Бушуев зотли моллар бош сони ва популяциясини кўпайтириш, уларнинг кўпайтирилишини генетик назорат қилиш имконияти пайдо бўлади.

    Тўртинчидан, ноёб зотли ҳайвонларнинг биоматериаллари банки яратилади. ДНК маркерида аниқланади ва қимматли хўжалик кўрсаткичларига эга генлар учун полиморф баҳоланади. Кейинчалик халқаро генетик маълумотлар базасига интеграция қилинадиган маълумотлар банки яратилади. Лойиҳамиз молиялаштирилгач, институтнинг биотехнология лабораторияси замонавий аппаратлар билан жиҳозланади. Уларда ишловчи кадрларни ҳозирдан тайёрлаяпмиз.

    Молиялаштириш бошлангач, янги йўналишдаги молекуляр-генетик тадқиқотларга киришамиз. Миллий қорамол зотининг генетик паспортини яратиш ишлари аллақачон бошланган. Бу чорвачилик соҳасида молекуляр-генетик тадқиқотларга асосланган ва миллий Бушуев қорамол зотининг генетик паспортини яратиш билан якунланадиган истиқболли илмий-амалий лойиҳадир.

    Олдимизда бундан-да улкан вазифалар турибди. Юртимизда кўпайтирилаётган бошқа қорамол зотларини, машҳур қорабайир от наслини, қоракўл, жайдари ва ҳисори қўйларни, ангор эчкиларни ҳамда куланги зотли жанговар даканг хўрозларнинг генетик паспортини яратиш шулар жумласидан.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates