Қорақалпоғистон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти ташкил этилди

    Таълим 5 май 2021 4207

    Вазирлар Маҳкамасининг “Қорақалпоғистон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

    Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўра:

    Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб Тошкент давлат аграр университетининг Нукус филиали негизида Қорақалпоғистон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланган.

    Институтда таълимнинг кредит-модуль тизими жорий этилади. Бунда, ҳафтада беш кунлик ўқиш ҳамда ҳафтанинг шанба куни мустақил ўзлаштириш куни деб белгиланади.

    Институтнинг фаолияти Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан мувофиқлаштирилади.

    Институтга қабул параметрлари белгиланган тартибда ҳар йили тасдиқланадиган республика олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрларидан келиб чиққан ҳолда аниқланади.

    Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Инновацион ривожланиш вазирлигининг Институтда 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб ташкил этиладиган қўшма таълим дастурларининг ўқув режалари ва фан дастурлари Институт томонидан хорижий олий таълим муассасалари билан келишган ҳолда мустақил тасдиқланиши тўғрисидаги таклифи маъқулланган.

    Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши билан биргаликда:

    – бир ой муддатда олий таълим муассасалари учун белгиланган нормативларга мувофиқ Институтнинг тузилмаси ва устави тасдиқланишини ҳамда белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминлаш;

    – икки ой муддатда Институтда ўқув-методик жараённинг ташкил этиш, штатлар жадвали ва харажатлар сметасини тасдиқлаш, уни ўқув-лаборатория жиҳозлари ва компьютер техникаси билан таъминлаш бўйича аниқ чора- тадбирларни амалга ошириш;

    – ҳар йилнинг 20 августига қадар Институтни олий таълим ва илмий- тадқиқот муассасалари, тегишли йўналишлар бўйича ишлаб чиқариш ташкилотларининг катта амалий тажрибага эга мутахассисларидан иборат бўлган юқори малакали кадрлар билан танлов асосида тўлдириш;

    – Институт профессор-ўқитувчилари, илмий ва техник-муҳандис ходимларининг ҳар йили Ўзбекистон ҳамда хорижий давлатларнинг етакчи таълим муассасаларида, илмий-тадқиқот марказларида, агрокластерларда, кооперацияларда ва йирик ишлаб чиқариш ташкилотларида стажировка ўташи бўйича дастурлар тайёрланишини ҳамда амалга оширилишини таъминлаш;

    – хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда ташкил этиладиган қўшма таълим дастурларининг ўқув режаларини хорижий экспертлар иштирокида ишлаб чиқилишини таъминлаш;

    – 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб Қорақалпоғистон тупроқ иқлим- шароитини ҳисобга олиб, ер деградацияси ва атроф-муҳит мониторингини замонавий технологиялар асосида олиб боришда геоахборот тизимларидан фойдаланиш мақсадида Институт тузилмасида Германия Халқаро ҳамкорлик ташкилоти билан ҳамкорликда “Геоахборот тизимлари” маркази ва лабораториясини ташкил этиш;

    – давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида ёки хусусий сектор иштирокида Институт ҳузурида илмий ишланмаларни амалиётга жорий этиш ва талабаларнинг бевосита ишлаб чиқаришда иштирокини таъминловчи “Кичик инновацион корхоналар”ни ташкил этиш чораларини кўриш;

    – ислоҳотларнинг ҳозирги босқичига ҳамоҳанг тарзда ўзбек ва қорақалпоқ тилларида янги авлод дарсликлари ва ўқув қўлланмалари туркумини хорижий олимлар, олий таълим ва аграр соҳада самарали фаолият юритаётган мутахассисларни жалб этган ҳолда тайёрлаш, шунингдек, ўқув режалари ва дастурларини янгилаш ҳамда қайта кўриб чиқиш бўйича икки ой муддатда чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш;

    Институтнинг ахборот-ресурс марказини маҳаллий ва хорижий ўқув, илмий ва бадиий адабиётлар билан таъминлаш чораларини кўради.

    Қорақалпоғистон Республикасида мойли экинлар селекцияси, уруғчилиги, мойли экинларни етиштириш ва қайта ишлаш соҳаларига илм-фанни татбиқ этиш мақсадида Институт ҳузурида давлат муассасаси шаклидаги “Мойли экинлар селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари” ўқув-илмий маркази ташкил этилади.

    Қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгиланмоқда:

    – мойли экинларни парваришлашнинг био, нано ва ресурстежамкор ҳамда интенсив технологияларини қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришига жорий этиш;

    – Институтнинг “Ахборот-маслаҳат маркази” худудидаги ер майдонларида ички ва ташқи бозор эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда, мойли экинларнинг серҳосил, шўр ва қурғоқчиликка, касаллик ҳамда зараркунандаларга чидамли, маҳсулот сифати ва мойдорлик даражаси юқори бўлган нав ва дурагайлари селекцияси ҳамда уруғчилигини йўлга қўйиш;

    – суғориладиган ва чўл-яйлов худудларининг тупроқ-иқлим шароитлари учун мойли экинларни етиштириш агротехнологияларини ишлаб чиқиш;

    – илмий ходимларнинг илғор инновацион технологияларни яратиш бўйича ташаббускорлигини қўллаб-қувватлаш, жисмоний шахсларнинг новаторлик ғояларини қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришига жорий этишга кўмаклашиш;

    – кластерлар, кооперациялар, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари учун мойли экинларни етиштириш бўйича кўргазмали ўқув-семинарларни ташкил этиш ҳамда тавсиялар ишлаб чиқиш.

    Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, “Эл-юрт умиди” жамғармаси билан биргаликда:

    – нуфузли хорижий илмий ташкилотлар билан ҳамкорликда лойиҳаларни амалга ошириш ва Институтнинг илмий педагогик ходимларини халқаро анжуманларда иштирокини таъминлаш;

    – 2021 йил 15 июлга қадар Институт ва Вьетнам аграр университети билан биргаликда шоличилик йўналишида қўшма факультет ташкил қилиш бўйича ҳамкорлик алоқаларини ўрнатади;

    – 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб дунёнинг Япония, Хитой, Россия, Жанубий Корея ва бошқа ривожланган давлатларнинг шоличиликка ва қишлоқ хўжалиги экинлари етиштиришга ихтисослашган муассасаларида Институтнинг ёш истиқболли кадрлари ва илмий-педагогик ходимларини мақсадли равишда хорижда малакасини ошириш ва стажировкага юбориш бўйича аниқ чора-тадбирларни белгилайди.

    Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши билан биргаликда уч ой муддатда ҳудуднинг тупроқ-иқлим шароитидан келиб чиқиб, мойли экинларнинг серҳосил, касаллик ва зараркунандаларга чидамли, маҳсулот сифати ва мойдорлик даражаси юқори бўлган нав ва дурагайлари селекцияси ҳамда уруғчилигини йўлга қўйиш бўйича мақсадли фундаментал ва амалий лойиҳалар танловини эълон қилади.

    Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Институтга хориждан ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа ҳудудларидан ишга таклиф этилган мутахассисларни турар жой билан таъминлаш мақсадида Нукус шаҳрида қурилаётган арзон уй-жойлардан имтиёзли шартлар асосида эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда ажратилишини таъминлайди.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates