Давлатимиз раҳбари жорий йил февраль ойида ҳудудлардаги бунёдкорлик ишлари, йирик лойиҳалар ва аҳоли ҳаёти билан танишиш мақсадида Қорақалпоғистонда бўлди. Ушбу ташрифнинг аввалгиларидан фарқли жиҳати, бу гал барча ҳокимлик, вазирлик, ташкилот, агентлик, қўмита, акциядорлик жамиятлари раҳбарлари келди. Улар зиммасига муайян вазифалар юклатилди.
Оролбўйида хонадонлар тўкинлиги, ҳаёт фаровонлигини янада ошириш мақсад қилинган экан, унга эришишда озиқ-овқат арзонлиги, мўл-кўллиги муҳим ўрин тутади. Шу боис, мамлакатимизнинг ҳар қарич тупроғидан унумли фойдаланишни йўлга қўйиш мақсадида томорқачиларга қатор имтиёз ва енгилликлар яратиб берилаётир.
Ҳозирги кунда Қорақалпоғистонда 342 мингдан ортиқ фуқаро ўз томорқасига эга. Сектор раҳбарлари ва ҳоким ёрдамчилари билан биргаликда жорий йил баҳор ойларида 41,9 минг гектар аҳоли томорқаларида қишлоқ хўжалиги экинлари экиш бўйича “маҳаллабай” дастурлар ишлаб чиқилиб, тасдиқланди. Мазкур майдонларда 615 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш режалаштирилмоқда.
Мутахассислар бу йил сув тақчиллиги юз бериши мумкинлигидан огоҳлантиряпти. Бу омил ҳам ҳисобга олиниб, аҳоли томорқалари билан “маҳаллабай” тизими асосида иш олиб борилмоқда. Ўтган йилларда маҳаллаларнинг муайян экин турига ихтисослашувининг афзалликлари яққол намоён бўлди. Чунки 2022 йил поёнига қадар 298 та маҳалла “Бир маҳалла — бир маҳсулот” тамойили асосида ихтисослаштирилади.
Деҳқончилик қилиш учун шароит оғир бўлган ва томорқачилик ривожланмаган 101 та маҳалла алоҳида назоратга олинган. Уларнинг ҳар бири билан томорқаларга экинларни тўлиқ экиш ва ҳосилдорликни ошириш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Масалан, жорий йилнинг январь, февраль ойларида Кенгаш кўмагида Нукус шаҳридаги Чимбой гузари маҳалласида сув таъминотини яхшилаш учун 3 та кичик ҳажмли қудуқ қазилди. Яна 1 та қудуқ қазиш режалаштирилган.
Шунингдек, 241 та хонадоннинг томорқаси шудгорланди. 351 та хонадонга иссиқхоналар қуриб берилди. Томорқалар соҳибларига салкам 2 тонна пиёз, саримсоқпиёз, картошка, редиска ва кўкат уруғлари етказилди. Ҳовлиларга 950 туп мевали дарахт, 350 туп узум кўчати экилди.
Энг муҳими, бу ерда сув муаммоси ҳам ҳал этиляпти. Қишлоқ хўжалиги ва Сув хўжалиги вазирликлари томонидан 64 та маҳалладаги томорқаларни суғориш учун артезиан қудуқлари қазиб берилади. Бу ишлар экин турлари жойлашувидан келиб чиқган ҳолда бажарилади.
Томорқачиларни молиявий қўллаб-қувватлаш, ихчам иссиқхоналар қуриш, томорқа хизмати корхоналарини ривожлантириш учун Кенгаш ҳузуридаги жамғарма ҳисобидан 67 млрд.сўм йўналтирилади. Хусусан, Амударё, Тўрткўл, Беруний ва Элликқалъа туманларининг ҳар бирида, томорқа хўжаликларида камида 1 мингта ихчам иссиқхоналар қурилиши учун 30 млрд.сўм маблағ ажратилади. Ушбу жамғарма сабзавотчилик ривожланган Беруний ва Элликқалъа туманларида томорқа хизмати кластерлари фаолияти йўлга қўйилишига молиявий мадад беради.
Бугун кафтдек ерда ризқ ундираётганлар “Томорқа хизмати” МЧЖлар фаолиятидан мамнун. Қорақалпоғистон Республикаси бўйича ана шундай корхоналар сони жорий йилда 100 тага етказилди. “Томорқа хизмати” томонидан 240 млн.сўмлик мевали ва манзарали дарахт кўчатлари олиб келиниб, аҳолига хонадонларига тарқатилмоқда.
Бу борада Кенгаш ҳузуридаги жамғарма томорқачилик ривожланмаган ҳудудлардаги томорқа хизмати корхоналарига устуворлик бериб, уларга 300 млн сўмгача имтиёзли кредитларни гаров таъминотисиз ажратмоқда. Имтиёзли кредитлар ҳисобига мазкур корхоналар мини тракторлар, мотокультиваторлар, ташиш техникалари, инкубаторлар, дорипуркагичлар, қуритиш ва қадоқлаш ускуналари харид қиляпти.
Қишлоқ хўжалиги соҳасида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар ижобий натижа бермоқда. Мисол учун, Амударё, Беруний, Элликқалъа туманларида аҳоли томорқаларидан йилига икки, уч маротаба ҳосил олмоқда. Бу ҳудудларда ўртача 8 сотих майдонда 1,5-2 тоннагача сабзавот етиштириляпти.
Ушбу ҳудудлардан юзлаб тажрибали деҳқонлар маҳаллаларда уюштирилувчи семинарларга жалб қилиниб, улар томорқачилик нисбатан ривожланмаган маҳаллалардаги фуқаролар билан ўз билим ва тажрибаларини ўртоқлашяпти. Бу орқали ўтган йили Қорақалпоғистоннинг томорқачилик яхши ривожланмаган маҳаллаларида сезиларли ютуқларга эришилди.
Агар ҳар бир оила ўз томорқа хўжалигидан самарали фойдаланса, экин экиш билан бирга уй ҳайвонларини ҳам парваришласа, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан ўзини-ўзи таъминлайди. Энг муҳими, томорқада сифатли маҳсулотлар етиштириш, кўплаб янги иш ўринлари яратиш имконини ҳам беради.
Бир сўз билан айтганда, республикада томорқачиликнинг ҳали ишга солинмаган улкан салоҳияти мавжуд. Уни юзага чиқаришда халқимизнинг иштиёқи ҳам, хоҳиш-истаги ҳам етарли. Бу йўналишда олиб борилаётган барча саъй-ҳаракатлар аҳолини арзон ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, одамларнинг яшаш шароитларини яхшилашга хизмат қилади.
Актам ҲАИТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Спикери ўринбосари