“Mini 8 Plus Real-Time PSR System” Германияда ишлаб чиқарилган бўлиб, функционал жиҳатдан катта — стандарт аппаратлардан фарқ қилмайди. ПЗР (полимер занжир реакцияси) асосида ишловчи мазкур мобил молекуляр ускуна фойдаланувчилар учун қулай бўлган оддий интерфейс билан жиҳозланган.
Бирданига 8 та намунани текшириш қувватига эга бўлиб, аксарият тижорий реагентларга мос келади. Бундан ташқари, тизим автоматик тарзда танланган электрон манзилга маълумотларни юбориш имкониятига эга. Шу боис лаборатория ходимлари иш вақтларидан унумли фойдаланадилар, мижозлар эса зудлик билан касалликка чалинганлари ёки чалинмаганликлари тўғрисида маълумот оладилар.
Ускунанинг созлашга эҳтиёж йўқлиги, енгил ва кичик ҳажмли экани боис уни бемалол лаборатория ичида ёки бошқа жойларга кўчириб юриш мумкин. Олис ҳудудларда диагностика ишларида фойдаланишга мўлжалланган мазкур ускуна автоном режимида ишлашга мўлжалланган бўлиб, розетка орқали ҳам, батареялар орқали ҳам ишлайди.
Мазкур қурилма коронавирус ва бошқа юқумли касалликларни аниқлашдан ташқари генотиплаш, яъни наслдан наслга ўтадиган касалликларни топиш, шунингдек, ҳужайрадаги генларнинг ўзгарганлик даражасини таҳлил қилиш ҳамда озиқ-овқат маҳсулотларининг хавфсизлигини аниқлаш имконини беради. Ҳатто, бу аппарат ёрдамида, масалан, «мол гўшти» деб ёзилган қадоқдаги котлетда товуқ гўштининг бор-йўқлигини ёки зарарли кимёвий моддалар ишлатилган-ишлатилмаганини билиш мумкин.