Юридик университетдан бир неча маротаба йиқилиб қишлоққа қайтганман. Ҳар гал университет эшиклари мен учун берк эканлиги нақадар оғирлигини ҳис қилиш учун фақат мен бўлиб яшаб кўриш керак, назаримда. Ахийри яқинларимнинг тавсияси билан «Юрфак»ка эмас «Журфак»ка ҳужжат топширдим. Қаттиқ тайёргарлик кўриб, еттинчи уринишда талаба бўлдим.
Иккинчи курсда ўқиётганимдаёқ ишга кирдим. Ўзбекистон Судьялари Ассоциациясининг раиси Убайдулла Мингбоевнинг суҳбатидан ўтиб Ассоциацияга ишга қабул қилиндим. Қисман бўлсада орзуйим ушалганди. Суд ҳокимияти тизимида адолат посбонлари билан ёнма-ён иш бошлагандим. Бу ердаги хизмат фаолиятим давомида жуда кўплаб таниқли юристларни учратдим, одил судьялар билан ҳамфикр, ҳамқадам бўлдим. Авваламбор Убайдулла Мингбоевдан, сўнгра Ҳалима Муҳитдинова, Ғофур Абдумажидов, Абдулҳафиз Жалолов, Азиз Юнусов, Бўритош Мустафоев, Мирзо-Улуғбек Абдусаломов, Ҳожи-Мурод Исоқов, Холмамат Ҳасанов, Парахат Айтниязов, Исматулла Маманов ҳамда Каримжон Саидовлардан тўғри ва керакли маслаҳатлар олдим. Улар томонидан айтилган ҳар-бир фикр доимо қулоғим остида жаранглаб, сергакликка тортиб туради. Менда уларнинг барчаси тўғрисида ёзиш истаги анча аввал туғилганди. Бугун республика ҳуқуқшунослари орасида «Қорақалпоғистонлик оқсоқол судья» деб ҳурмат қозонган Қорақалпоғистонда хизмат юрист Парахат Айтниязов ҳақида қоғоз қораладим.
Парахат оға ўткан асрнинг эллигинчи йили Нукус шаҳрида таваллуд топган. Бирда бўлиб ўтган суҳбатимизда аммаси судья бўлганлиги сабабли ҳам айнан шу касбни танлагани тўғрисида гапириб берган эди. Мен илк бор у киши билан 2009 йил январь ойида Тошкентда учрашганман. Шунда устоз Олий судда бўлиб ўтган суд ҳокимиятининг 2008 йил якунларига бағишланган расмий йиғилишида иштирок этиб, Судьялар Ассоциациясига ҳам ташриф буюрган эди. Вилоят судларининг раислари Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ишлари бўйича Олий судининг раисини қаттиқ ҳурмат қилар, «оқсоқол, ёшулли» деб эъзозлашар экан. Хизмат сафари билан Тошкентга келганларида пойтахтдаги шогирдлари кутиб олиб, қайтиш чоғларида яна у кишини иззат-икром билан кузатиб қўйишарди. Буларнинг барчаси одил судлов тизимидаги ҳалол ва поклик билан меҳнат қилиш орқали орттирилган ҳурматнинг самараси деб ўйлайман.
Парахат Айтниязов Судьялар Ассоциациясининг ҳар беш йилда бир маротаба ўтказиладиган съездларида делегат, Ўзбекистон суд тизими фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш жамоатчилик Марказининг таъсис қурултойида фахрий меҳмон сифатида қатнашиб келган. Устоз Ассоциациянинг Қорақалпоғистондаги вакили этиб тайинланганида судьялар ва фахрийлар фаолиятига доир кўплаб таклиф ва лойиҳаларини мунтазам равишда Узбекистон судьялар ассоциациясига юбориб турарди. У кишининг имзоси билан юборилган хатлардаги таклифлар ўрганилиб, марказий аппарат томонидан таҳлил қилиниб, аксарияти амалиётга тадбиқ этилганига шахсан гувоҳман. Айрим ҳолатларда Қорақалпоғистон тажрибаси наъмуна тариқасида ҳам ёйилганди.
Мен ушбулар билан «оқсоқол судья»нинг судьялик фаолияти ва у билан боғлиқ воқеликларга эмас, балки ўқувчилар диққатини Парахат оғанинг устозлик, раҳбарлик ва ташкилотчилик қобилиятларига қаратишни мақсад қилдим. У киши қаерда бир янгилик бўлса, соҳа фаолиятига доир маънавий-маърифий тадбир ўтказилса, ўша ерда ҳозиру-нозир бўладилар. Ҳозиргидек ёдимда, Давлатимиз раҳбарининг топшириғи билан 2017 йилда суд ҳокимияти тизимида узоқ йиллар давомида ишлаган фахрийларнинг орттирган бой тажрибаларини ёш судьялар ва соҳа ходимларига ўрнак қилиб кўрсатиш мақсадида Ўзбекистон телеканалида «Судьялар клуби» кўрсатуви эфирга узатила бошлади. Кўрсатувнинг Қорақалпоғистонга бағишланган сонини тасвирга олиш мақсадида Нукус шаҳрига борганимизда Парахат Айтниязов бизни у ерда янгидан очилган Ибройим Юсупов номидаги ижод мактабига бошлаб борган эди. Ижод мактабининг директори билан биргаликда шоирнинг ижодий фаолияти, ёзган шеърлари, Қорақалпоғистон Республикасининг мадҳиясини ёзилиш пайтида бўлиб ўтган суҳбатлари тўғрисидаги хотираларини гапириб бериб, қўл телефонидан Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Ориповнинг Ибройим Юсуповга бағишлаб ёзилган ва ўз овози билан айтилган «Жайҳун ҳангомаси» шеърини қўйиб эшиттирган эди.
У киши билан 2018-2020 йиллар оралиғида Судьялар Ассоциациясида бирга ишлаш насиб бўлди. Бу пайтда Ассоциация раиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист, ҳурматли устозимиз Убайдулла Мингбоев Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг раиси лавозимига сайланган бўлиб, Ассоциацияга бевосита раҳбарлик қилиш Парахат Айтнизовга юкланган эди. Ана шунда Парахат оғанинг талабчан раҳбарлигига яна бир карра амин бўлдим. Ҳар бир ҳужжат ёки лойиҳа устида қайта-қайта ишлар, ходимларга билмаганларини эринмасдан ҳижжалаб ўргатар, ташкилотнинг нуфузини юксалтириш учун нимаики жоиз бўлса, барчасининг бошида ўзи турарди.
Халқаро миқёсда ҳам Парахат Айтниязовнинг обрўси анчайин юқори. Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари, Марказий Осиё республикалари ҳуқуқшунослари бу кишини жуда яхши биладилар ва ҳурмат қиладилар. Халқаро Юристлар Итифоқининг ҳар бир конференциясига шахсан таклиф этилади. Шу сабабли ҳам Россия федерацияси, Қозоғистон ва Қирғиз Республикалари, Германия федератив республикасида ўтказилган суд-ҳуқуқ масалаларига оид халқаро йиғинларда ҳозирга қадар иштирок этиб келади.
Қисқаси кўплаб шогирдларнинг устози бўлган Парахат Айтниязов тўғрисида, у кишининг давлат ва жамият олдидаги хизматлари ҳақида кўп ва хўп гапириш мумкин. Буларнинг барини икки энлик мақолага жойлаш эса анчайин мушкул иш. Сарҳисоб қиладиган бўлсам, ҳозир айтмоқчи бўлганларимнинг ҳам кўпи ёзилмай қолиб кетди. Устоз ҳақида яна тўхталиш ниятим бор.
Шерзод Даминов,
Ўзбекистон Судьялари Ассоциациясининг
«Huquqshunos» журнали бош муҳаррири.