“Қоронғу кеча юриб субҳидам томон борди...” ёхуд Ғафур Ғулом абадияти

    Маданият 7 июн 2023 3409

    Машҳур ВВС ахборот агентлигининг “BBC Culture” нашри барча даврлардаги болалар адабиётининг энг яхши юзта намунаси рўйхатини эълон қилди. Бу рўйхатдан миллатимизнинг ардоқли фарзанди, академик Ғафур Ғуломнинг 1936 йилда эълон қилинган “Шум бола” қиссаси ҳам ўрин эгаллаган.

    Мамлакатимизда забардаст ижодкор Ғафур Ғулом таваллудининг 120 йиллиги, дунё бўйлаб эса 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни кенг нишонланаётган бир паллада миллионлар кўнглини кўтарувчи хушхабар тарқалди: машҳур ВВС ахборот агентлигининг “BBC Culture” нашри барча даврлардаги болалар адабиётининг энг яхши юзта намунаси рўйхатини эълон қилди. Бу рўйхатдан миллатимизнинг ардоқли фарзанди, академик Ғафур Ғуломнинг 1936 йилда эълон қилинган “Шум бола” қиссаси ҳам ўрин эгаллаган.

    Биз охирги гапда “муносиб ўрин” деган жумлани онгли тарзда қўлламадик. Гап шундаки, “Шум бола”га бояги рўйхатнинг 72-поғонаси “муносиб кўрилибди”. Албатта, бадиий дид, эстетик дунёқараш, талаб ва таклиф масаласида биров билан тортишиб, обрў орттириб бўлмаслигига ақлимиз етади. Қолаверса, рўйхатнинг юқори ўринларидан жой эгаллаган француз адиби Антуан де Сент Экзюперининг “Кичкина шаҳзода” қиссаси сингари бетимсол намуналарга ҳам эътироз бўлиши мумкин эмас. Бироқ ўша рўйхатда олдинги ўринларда қайд этилган кўплаб китобларнинг ўзбек адиби асаридан ҳар жиҳатдан устунми экани масаласида жиддийроқ ўйлаб кўрилса, зарар қилмас эди. Зеро, ўша асарларнинг аксарияти эртак ёхуд эртакнамо сиёққа эга китобларки, адабий жанрлар табиатидан озгина хабардор кишилар бундай жанрлар муаллифга қанчалар кўп имконият ва эркинликлар беришини яхши тасаввур қилишади. (Бинобарин, ўзбекнинг ўз болаларига илингани – юзлаб ажойиб эртакларини шахсан мен ўша асарлардан ҳеч кам кўрмайман!)

    Қолаверса, ВВС сўров ўтказган 56 давлатдаги 177 нафар экспертнинг аксарияти Оврупа тиллари вакиллари бўлишса, ажаб эмас. Улар “Алиса мўъжизалар мамлакатида”, “Кичкинтой ва томда яшайдиган Карлсон” сингари асарларни улар яратилган тилда мутолаа қилганлари ҳолда, “Шум бола”ни таржимада ўқиганлари аниқ. Энг яхши таржима эса, устоз Эркин Воҳидов топиб айтганларидек, нари борса, Қуёшни Ойга айлантириши бор гап...

    Биз азбаройи миллатдош бўлганимиз туфайлигина Ғафур Ғулом асари хусусида жон тортиб гапираётганимиз йўқ. Бунинг сабаблари, омиллари обдон жиддий, анча чуқур. Айтилганидек, ёзувчи “Шум бола” қиссасининг дастлабки нусхасини ўтган асрнинг 30-йилларида ёзиб битирган. “Узилган бир киприк” номли мақоламизда таъкидлаганимиздек, барча қадриятлар остун-устун қилинган, одамлар бир-бирига ёв синфларга ажратилган, оға инига гиж-гижланган, бунёд этмоқдан кўра бузмоқ-янчмоқ урфга айланган пайтлар. Ғафур Ғуломлар авлоди мисолидаги ёш ақллар, навжувон қалблар эса ўзига йўл излайди, бўлаётган талотўмлардан мантиқ-маъно қидиради. Бир оталарнинг маломат тўла кўзларига, бир дажжол ҳукуматнинг қаҳрли нигоҳига дуч келади. Самимиятига шубҳа, беғараз ниятига таъқиб, ички ижодий талпинишларига тўсиқ кўравергач, чор-ночор умумоқимга қўшилади:

    Нечун тушунтира олдим буни гумон элига,

    Ҳамиша ишқни қилувчи имтиҳон элига,

    Ки бирни икки дейиб бўлмағай замон элига...

    Натижада, аслини юрак қобиғига яшириб, сиртда “кўрсатилган йўлдан шахдам юради”. Лекин ички истеҳзо, ўзининг устидан ҳам аламли мазах бир лаҳза бўлсин тинчлик бермайди:

    Сўйлаб бера бошлайман ҳар хил анекдот,

    Ёлғонлар маржонин ипга тераман.

    Бир вақтлар завқ билан ёд олган қўр-қут,

    Ҳайём шеърларини ўқиб бераман...

    Тилларда “Оҳ уринг, янги турмуш-чун”,

    Зеҳн окуркадай оёқ остида...

    Энди бирров ўзимизга савол берайлик: ўтган асрнинг 30-йиллари бошидаёқ ҳукмрон тузумнинг асл моҳиятини бу қадар аниқ ва лўнда шаклда ифодалаб бера олган ижодкорлар шўро адабиётида кўпчилик эдими? Шу туфайли ҳам, Ғафур Ғуломлар авлоди хусусида мулоҳаза юритилганда, бизнингча, уларнинг таржимаи ҳолини, ўсган муҳитини, бир лаҳза бўлсин, ёддан чиқармаслик лозим. Муҳитки, фақат ижтимоий-сиёсий вазият, мафкура таъсиринигина эмас, балки уларнинг болалиги, шахсий тақдири билан боғлиқ тафсилотларни ҳам.

    Агар эътибор берсак, бу авлод ижодкорларининг аксарияти аср бошидаги хонавайрон мамлакатнинг ночор оилаларида, “томиридан қон олдирган бемор” (Ҳамза) ҳолига солинган юртда кўз очдилар. Бунинг устига уларнинг мурғак бошига етимлик азоблари басма-бас ёғилди. Агар Ойбек (“Болалик”), Абдулла Қаҳҳор (“Ўтмишдан эртаклар”) ўз болалик даврлари хусусида нисбатан кечроқ – умрлари поёнида эсловга берилган ҳамда ҳикоянинг жиддий тарзини ихтиёр этишган бўлса, Ғафур Ғулом ҳали хотиралар янгилигида, таассуротлар совиб улгурмаганидаёқ бу ишга қўл уради. Баён тарзини ҳам шундай (адибнинг ўз тили билан айтганда, “ғафуровский”!) танлайдики, бундан бошқача усулни китобхон тасаввур қилишни ҳам хоҳламай қолади.

    Ғафур Ғулом туғилган оиланинг тақдири ёдингиздами? Ғафуржон тўққиз ёшида отасидан, ўн бешга кириб-кирмай онасидан ажралади. Укалари ва сингиллари билан ғирт етим қолади. Яна қанақа пайтда денг? Айтганимиздек, бутун дунёда урушнинг совуқ нафаси кезиб юрган, ўлкамизда иқтисодий ва маънавий-маърифий таназзул айни чуқурлашган, нима биландир қорин тўйғазиш, устга кийим-бош топиш ҳаёт-мамот масаласига айланган йиллар.

    “Шум бола” қиссасининг бош қаҳрамони – Қоравой ҳам шундай оғир кунларда отасидан айрилган ўн тўрт ёшли ўспирин. Онаси бир этак болани боқиш учун туну кун тиним билмайди. Шум бола бўлса, тенгдошларига қўшилиб, эрта тонгдан то қоронғи кечгача кўчадан кирмайди. У – ерга урса кўкка сапчийдиган, бир жойда узоқроқ туриб қолса юраккинаси ториқиб кетадиган болалар хилидан.

    Ажойиб кунларнинг бирида Қоравой онасини хафа қилиб қўйганидан хижолат бўлиб, қолаверса, бирор ой меҳнат қилиб пул топиб келиш илинжида “этакни турмаклаб, сағрисига бир муштлаб, “ҳайё, ҳу” деб шаҳардан ташқарига қараб йўлга равона” бўлади. Унинг Тошкент атрофидаги қишлоқларда кечадиган саргузаштларига саргузашт уланиб, дарбадарлик ярим йилдан ортиқ давом этади. Шу вақт ичида Шум бола бир-биридан қизиқ воқеалар иштирокчисига, уюштирувчиси ва жабрдийдасига айланади:

    бола кўрмаган поччаси ўзини “сен”лаб, уларни “сиз”лаб боқаётган “зотдор, таги кўрган”, “соҳибчангал” қушларнинг тезаги оқ бўлганидан “мантиқий хулоса чиқариб”, қанотли дўстларга қатиқ ва сузма ичириб, уч кунда ҳаром ўлдиради;

    Турсун пичоқчининг ўғли, ўзидан бир-икки ёш катта ўртоғи Омон билан “молу жонни бир, аҳду паймон” қилишиб, “катта, улуғ сафарни мўлжал олишиб, чўли малик” сари кетар эканлар, охир-оқибат Султон ўғри бошчилигидаги киссавурлар чангалига тушишади;

    ўзини ниҳоятда улуғ шажаранинг давомчиси деб сидқидилдан ишонадиган, аслида бўлса ёлғон қасамни сувдек сесканмай ичаверадиган (“Ҳазрат бўлса, ўзини умр бўйи ўликдан бошқа нарсани ювмаган кишидай қилиб кўрсатишга ҳаракат қилар эди”!) чаласовод кимса бошчилигида кўчманчилар овулида ўлик ювиб шарманда бўлишади;

    масжид имомининг оғилхонасида ўсаллаб қолган ҳўкиз ўрнига соппа-соғ эшакни сўйиб қўйиб (ҳўкиз ҳам ҳаром қотади!), роса калтак ейди ва ҳоказо.

    Шум бола қаерга бормасин, ким билан тўқнашмасин, ҳамма жойда катталарнинг ўзига беписанд қараши, қўпол муомаласига дуч келади. Ўзларини гўё етимнинг бошини силайдиган ҳимматли кишилар қилиб кўрсатадиган турли ноинсоф кимсалар унинг навқирон кучидан сувтекин фойдаланиб қолишга уринишади. Бу ҳам майли, шу ёш болани турли қинғир, нопок йўлларга бошловчилар ҳам топилади. Хусусан, юзлаб қаландарларга йўлбошчи бўлиб олиб, ҳар гапида қайта-қайта Худони тилга оладиган, “Ҳай, ҳай, ҳай, мен пул ушламагайман, дунё ҳаром...” дейдиган иккиюзламачи хаст Эшон Қоравойни тўғридан-тўғри ўғирлик қилишга йўллайди: “Оёқ-қўлинг чаққонгина, эпчил йигитсан. Сен ҳам ахир қараб турмасдан, бошқачароқ йўл билан бўлса ҳам тирикчиликнинг пайидан бўлсанг эди, ўғлим... Ахир кисса-кармон деган гаплар ҳам бўлади. Нақдина пул – ҳам енгил, ҳам қиммат, ҳам яширишга осон бўлади. Нақдина бўлсин, болам, нақдина бўлсин...”

    Шаҳарнинг бир чеккасидаги хароба уйни нашаванд-бангилар йиғиладиган такяхонага айлантирган Ҳожи бобо ҳам ўзича художўйликда бояги Эшондан қолишмайди. Бироқ унинг қилаётган ишлари Яратганнинг айтганларига мутлақо тескарилиги билан ўқувчини ҳайратга солади. Айни шу ҳужрадаги воқеалар тафсилоти асносида улуғ адиб миллий адабиётимизда биринчи бўлиб машъум ҳодиса – ОЛОМОН руҳиятини тасвирлаган, унинг ёвуз кучини, томошаталаблиги-ю масъулиятдан номардларча қочиш табиатини бор бўй-басти билан талқин этган эди!

    Шуниси муҳимки, Ғафур Ғулом мана шу нурсиз, қабоҳат ва жаҳолатга тўла муҳитни ҳам ёш бола нигоҳи орқали ранг-баранг мазмунга тўла ҳолда бизга тақдим этади. Қиссани ўқир эканмиз, ундаги ҳодисалар ва талқиннинг қизиқлиги, қаҳрамонлар характеридаги ёрқин жиҳатлар бизни бутунлай ўзига ром қилиб олади. Гарчи, юқорида айтганимиздек, бош қаҳрамон дуч келадиган одамларнинг кўпчилиги очкўз, хасис, назари паст кимсалар бўлса-да, бизнинг Шум бола бундай кимсаларни бир кўришда танийди, уларнинг чиркин муҳитидан иложи борича тезроқ қутилиш йўлларини қидиради ва, албатта, топади! Мана шу паллаларда Шум боланинг нақадар топқир, зийрак, баъзан эса, яхши маънода чинакам шум бола эканига қайта-қайта амин бўламиз.

    Бадиий асарнинг қиммати фақат унда тасвирланган воқеаларнинг қизиқ ва ўзига тортувчанлиги билан эмас, балки, биринчи навбатда, ижодкор кашф этган изҳор тили, унинг бадиий бетакрорлиги, ширалилиги билан белгиланади. Шу нуқтаи назардан хориж ахборот агентлиги сўровига жавоб берган экспертлар Ғафур Ғулом қиссаси тилида қўлланган биргина ўхшатишларни аслиятда идрок қилганларида эди, уларнинг хулосалари ҳам, юқорида айтганимиздек, бошқачароқ бўлиши тайин эди. Мана ўша – “ғафуровский” тил ва унинг жозибасидан айрим намуналар:

    “Ит қувган тулкидек олазарак Омон менга эргашди”;

    “Сирланган хумчага тушган сичқондай тўрт томонга аланглаб, ўзимга бир нажот йўли қидирар эдим”;

    “Зинадан чиққан итдек тўрт оёқлаб нарвонга тирмашиб томга чиқдим”;

    “Хотин қозоннинг қопқоғини очди – балиқдай бўлиб, оппоқ лаганда мошкичири чиқди, ўртага қўйдилар”;

    “Қўйлар худди сувга тушган сичқондай бошларини кўтариб сузар эдилар”;

    “Ҳар икковимизнинг юрагимиз дард теккан терак япроғидай қалтираб турибди” ва ҳ.к.

    Ғафур Ғуломнинг нафақат бу қиссаси, балки бутун ижоди давомида ёзган кўплаб шеърий ва насрий асарлари ҳам адибнинг болалар ҳамда ёшлар тақдирига қаттиқ қайғургани, жонажон халқининг келгуси насллари ҳар жиҳатдан комил бўлиши ташвишида жон куйдирганидан яққол далолат беради. Унинг қанчалар болажон ота, оилапарвар эркак бўлгани юзлаб сатрларда муҳрланиб қолган:

    Оилада муҳаббат туздан олдин туради,

    Ўсма эккан отаман қошинг қаро бўлсин, деб.

    Чунки қош дегани кўздан баланд туради,

    Бошингга ёққан ёмғир кўзингга тушмасин, деб.

    Таваллудига 120 йил тўлган, ўлмас “Шум бола” қиссаси барча даврлардаги дунё болалар адабиётининг энг сара юз китоби рўйхатидан ўрин олган Ғафур Ғулом ҳам ўзи астойдил ихлос қўйган устозлари – Ҳазрат Навоий, Бобур Мирзо, Мирзо Бедил, мавлоно Муқимийлар сингари чин маънода миллат болаларининг маънавий падари бўлиш ҳуқуқига эгадир, десак, бизни ортиқча муболағада айблашмаса керак.

    Раҳмон ҚЎЧҚОР,

    Тошкент давлат юридик университети доценти в.б.,

    филология фанлари номзоди

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates