Қурилиш материаллари саноати янги давр, янги имкониятлар

    Саноат 14 сентябр 2021 9172

    Бугунги кунда мамлакатимизнинг барча шаҳар ва туманларида кенг кўламдаги қурилиш-бунёдкорлик, яратувчанлик ишлари олиб борилмоқда.  Буни сўнгги 4 йилда қурилган аҳоли турар жойларининг ўртача сони аввалги даврдаги кўрсаткичдан 4−5 баравар кўплигида ҳам кўриш мумкин.

    Қишлоқ ва шаҳарлар улкан бунёдкорлик ишлари билан қамраб олиниб, сўнгги 3 йилда умумий майдони 41 миллион квадрат метрли 155 мингта уй-жой фойдаланишга топширилди. 2021 йил якунига қадар эса 54 минг оилани уй-жой билан таъминлаш учун давлат дастурлари доирасида 45 мингта уйлар қурилиши тугалланиб, якка тартибда 6,5 мингта уй қурилиб, аҳолига фойдаланишга топширилади. 2021 йилда аҳолини уй-жой билан таъминлаш дастури доирасида 11 триллион 500 миллиард сўм маблағ сарфланиши режалаштирилган. Маълумотлар қурилиш материалларига бўлган талаб янада ошишини кўрсатади.

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 9 июнъдаги “Ҳудудларнинг саноат салоҳиятини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларни юксалтирди. Ҳужжат билан қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни янада ривожлантириш, тармоқ корхоналарини модернизация қилиш, технологик ва техник қай¬та жиҳозлаш учун хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш ҳамда унинг экспорт салоҳиятини ошириш ва уларда корпоратив бошқарув хал¬қаро стандартларини жорий этишга қаратилган мақсадларни амалга оши¬риш йўлга қўйилди.

    Қурилиш соҳасида ишлаб чиқариш корхоналари томонидан аҳолини сифатли қурилиш материллари билан таъминлаш, тармоқ корхоналарини модернизациялаш орқали, импорт ҳажмини камайтириб, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтириш, ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш орқали янги иш ўринларини яратиш, пировардида ички бозорда қурилиш материаллари нархининг ошиб кетишининг олдини олиш ва уларни арзонлаштириш соҳа ривожида муҳим омил бўлмоқда.

    Ўтган йиллар мобайнида Ўзбекистонда янги саноат объектлари, турар-жойлар, таълим ва тиббиёт муассасалари ва бошқа ижтимоий-маиший объектларни таъмирлаш ва реконструкция қилиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилиб, уларда замонавий архитектура ва юқори технологияли қурилиш материаллари қўлланилди.

    Ижтимоий соҳа объектлари, нотурар ва аҳоли турар жойлари учун сифатли, арзон, замонавий қурилиш материаллари зарур бўлмоқда. Замонавий архитектурада эса уларнинг зилзилабардошлиги ҳам аҳамиятга эга. Мана шу эҳтиёж мамлакатимиз саноатида ўсишни талаб қилмоқда. Давлатимиз томонидан бу борадаги юксалиш учун қулай замин яратилдики, 2017 йилга қадар тармоқда 7 минг 995 корхона фаолият юритган бўлса, ҳозирги кунда мамлакатимизда 11 мингдан ортиқ қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолият юритмоқда. Айни даврда 180 турдаги қурилиш материаллари ишлаб чиқарилади. Бу кўрсатгич ўтган 2017 йилда 120 турни ташкил қилар эди.

    Соҳа самарадорлигини ошириш, ишлаб чиқаришни модернизациялаш, техник ва технологик жиҳатдан янгилаш, маҳаллий хом ашёни чуқур қайта ишлаш жараёнига илғор технологияларни жорий этиш, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар турларини диверсификация қилиш ва экспорт ҳажмини кенгайтириш, тармоққа инвестицияларни жалб қилиш мақсадида ҳукуматимиз томонидан тегишли қарорлар қабул қилиниб, зарур чора-тадбирлар амалга оширилди.

    Бунинг натижасида ушбу йўналишдаги корхоналар томонидан 2016 йилда 6,8 триллион сўм миқдорида материаллар ишлаб чиқарилган бўлса, 2020 йилда бу кўрсаткич 3,2 баробарга оширилди.

    Соҳанинг истиқболи ҳақида сўз юритадиган бўлсак, 2021 йил якунига қадар цемент ишлаб чиқариш қувватлари ҳажмини 17 миллион тоннага, архитектура-қурилиш ойнасини 32 миллион квадрат метрга, гулқоғозларни 4,5 миллион рулонга етказиб, маҳаллийлаштириш ҳажми кенгайтирилади.

    Таъкидлаш жоиз, сўнггги йилларда қурилиш материаллари соҳасида зарур бўлган хом-ашё масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, Сирдарё ва Навоий вилоятларида 50 минг куб метрдан, Сурхондарё вилоятида 150 минг куб метр, Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро ва Хоразм вилоятларида жами 50 минг куб метр ёғоч-қипиқ плитаси тўлиқ маҳаллий хом ашёдан ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

    Биргина 2018 йилда қурилиш материалларини ишлаб чиқариш бўйича янги қувватларни ишга тушириш бўйича кўрилган аниқ чора-тадбирлар материаллар нархининг пасайишида асосий омиллардан бири бўлди. Жумладан, Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида йилига 1,5 миллион тонна цемент ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган янги завод ишга туширилди. Жиззах вилоятида йилига 2,5 минг тонна базальт арматураси, Тошкент вилоятининг “Ангрен” эркин иқтисодий зонаси ҳудудида йилига 3,5 миллион квадрат метр керамик плитка ва 180 минг тонна металл арматура, Сурхондарё вилоятида 160 минг квадрат метр табиий тошни қайта ишлаш орқали габбро ва гранит плиталари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Қамиш ва ғўзапоя асосида Сурхондарё ва Сирдарё вилоятларида йилига 30 минг куб метр ёғоч-қипиқ плитаси ишлаб чиқариш заводлари иш бошлади. Соҳа материалларини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш авваламбор аҳолимиз учун катта фойда, боиси маҳсулот нархи арзонлашади, қолаверса бу давлат иқтисодиётига катта фойда келтириши билан ҳам аҳамиятли.

    Бугунги кунда талаб этилаётган сифатли қурилиш материалларини ишлаб чиқариш турларини кенгайтириш, ички бозорни импорт ўрнини босувчи ва рақобатбардош қурилиш материаллари ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарилган буюмлар билан тўлдиришга муҳим вазифа сифатида қаралаётгани ҳам бежиз эмас.

    Қувонарлиси, юртимиз қурилиш корхоналарида ишлаб чиқарилган керамик плиткалар, сантехкерамика маҳсулотлари, қуруқ қурилиш аралашмалари, пишган ғишт, табиий тошдан ясалган қопловчи буюмлар, оҳак, полипропилен қувурлар, фитинглар сингари қурилиш материалларига Россия, Украина, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Афғонистон бозорларида талаб ортиб бормоқда. Таҳлилларни келтирадиган бўлсак, 2016 йилда 55,3 млн доллар миқдорида материаллар экспорт қилинган бўлса, 2020 йилда бу кўрсаткич 257 млн долларга, яъни 4,6 баробар ошди. 2021 йилда эса 270 млн доллар миқдорига экспорт ҳажми ошиши кутилмоқда.

    Сўнгги тўрт йилда мамлакатимизда деворбоп материалларнинг вақт бўйича бардошлилиги, ҳар хил иқлим шароитига чидамлилиги ва мустаҳкамлигини оширишга йўналтирилган илмий-тадқиқот ишлари олиб борилди. Изланишлар натижасида маҳаллий хомашё асосида саноат ва қишлоқ хўжалиги чиқиндиларидан фойдаланиб, самарали деворбоп буюмлар ишлаб чиқаришнинг энергия тежамкор технологияси яратилгани таклиф этилаётган маҳсулот таннархининг арзонлашувига сабаб бўлди.

    Президентимизнинг 2019 йил 23 майдаги “Қурилиш материаллари саноатини жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида ҳам қурилиш тармоғида деворбоп материалларининг янги замонавий турларини ишлаб чиқариш ва кенгайтириш борасидаги мақсадлар қамраб олинган. Мазкур қарор ижроси билан республикамизда 2019-2025 йилларда геология-қидирув ишларини олиб бориш, қазиб олиш ва қайта ишлаш асосида қурилиш индустриясининг хом ашё базаси ҳажми оширилади.

    Яна бир муҳим жиҳат борки, охирги йилларда қурилиш соҳасидаги ишлар ҳолатини ўрганиш орқали ислоҳотларни жадал амалга оширишга ва соғлом рақобат муҳитини ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган муаммолар бартараф этилди. Соҳани техник тартибга солишнинг норматив базасини ислоҳ қилишда геологик, табиий-иқлим, сейсмологик хусусиятларни инобатга олган ҳолда миллий қурилиш нормалари қайта кўриб чиқилиб, хорижий норматив-техник ҳужжатларга мослаштирилишига алоҳида эътибор берилмоқда. Мана шу мослашув амалиётда қўлланилиб, қурилиш соҳасига инновациялар жорий этилди.

    Қурилиш материаллари саноатининг ривожланиши ва унинг истиқболлари сабаб энергия тежамкорлик бўйича халқаро стандартларига жавоб берадиган замонавий қурилиш материалларининг янги турлари, хусусан газ бетон блоклар, гипсли картон плиталар, қуруқ қоришмалар, цемент асосида том ёпқич материаллар, полипропилен қувурлари ва маҳсулотлари, керамик санитар техник буюмлар, мармар ва травертин маҳсулотлари, ёғоч қириндили плиталар, базальтдан тайёрланадиган композит арматура, “сэндвич” панеллари, иссиқлик сақловчи материаллар ўзлаштирилди.

    Шунингдек, маҳаллий хом ашёни чуқур қайта ишлаш йўлга қўйилди, рақобатбардош ва экспортга йўналтирилган қурилиш маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми ва тури кенгайтирилди. Бу ўз навбатида янги турдаги юқори сифатли қурилиш материалларига бўлган ички талабни қондирмоқда.

    Бу каби ютуқларимиз ички ва ташқи бозорларда қурилиш материалларига бўлган талаб конъюнктурасини, шунингдек, чет эл бозорларининг ривожланиш тенденцияларини ўрганиш асосида янги маҳсулот турларини ўзлаштириш, ички бозорни маҳаллий қурилиш материаллари билан тўлдириш ва уларнинг экспорт географиясини кенгайтириш бўйича комплекс чора-тадбирларнинг натижаси десак, муболаға бўлмайди. Ахир илғор хорижий тажриба ва республиканинг хом ашё захирасини инобатга олган ҳолда янги қурилиш материаллари ва улардан фойдаланиш технологияларининг жорий қилиниши катта муваффақият дегани.

    Арзон ва сифатли қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, бу йўналишда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани нафақат ички бозорни таъминлаш, балки хорижий давлатларга экспорт қилишга ҳам имконият яратмоқда. Бунёдкорлик бор жойда тараққиёт бўлади. Соҳа тараққиётига қаратилган ишлар юртимизни янада ривожлантириш баробарида халқимиз фаравонлигига хизмат қилади.

    Равшан НУРИМБЕТОВ,

    Тошкент архитектура-қурилиш институти профессори

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates