Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда республикамиз шаҳарларида чанг кўтарилиши ҳолатлари тез-тез учраб (бир йилда ўртача 50–80 кун), атмосфера ва фуқароларнинг соғлиғига салбий таъсир кўрсатмоқда. Бунга эса қурилиш объектлари сони ортиши оқибатида уларнинг майдонларидан чанг ва қум заррачаларининг шамол орқали ҳавога кўтарилиши ҳам сабаб бўлмоқда.
Ҳисоб-китобларга кўра, 500 кв.м.лик очиқ қурилиш майдонидан йилига ўртача 50 тонна чанг ва қум ҳавога кўтарилади.
Аслида, қурилиш ҳудудлари, унга кириб-чиқиш йўлларида чанг ва қум заррачаларининг ҳавога кўтарилишини бартараф этиш бўйича мажбурий талаблар (чангни бостириш учун осма ёмғирлатгич ва сув пуркагичлардан фойдаланиш) шаҳарсозлик қоидаларига киритилган. Бироқ миллий қонунчиликда атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш талаблари ва шаҳарсозлик қоидалари доирасида айнан қурилишда чангнинг ҳавога кўтарилишига йўл қўйганлик учун аниқ жавобгарлик назарда тутилмаган. Шу сабабли қурилиш майдонларида атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш талабларини бузганлик учун қурилиш ташкилотларининг мансабдор шахсларига нисбатан жавобгарлик белгилаш, уларнинг бу борадаги масъулиятини ошириш зарурати юзага келмоқда.
Янги Қонун лойиҳаси Давлат дастурида белгиланган топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида, қурилишда атмосфера ҳавосини ифлослантирганлик учун жавобгарликни киритиш бўйича экспертлар иштирокида ва етакчи хорижий давлатларнинг халқаро тажрибасини ўрганиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилди.
Маълумот учун, Қозоғистонда мазкур ҳуқуқбузарлик учун тадбиркорларга 8 200 долларгача, Беларусьда юридик шахсларга 2 440 долларгача жарима белгиланган. Россияда эса 208 долларгача жарима ёки 90 кунгача фаолиятни тўхтатиб қўйиш жазоси назарда тутилган (2007 йилда киритилган ўзгартиришга мувофиқ).
Қонунга кўра, МЖтКга янги 85(1)-модда орқали «Қурилиш майдонларида атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш талабларига риоя қилмаслик» ҳуқуқбузарлиги киритилиб, мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари миқдорида (3,750 млн сўм) жарима белгиланмоқда. Шунингдек, агар ҳуқуқбузарлик жазо қўлланилганидан кейин 1 йил давомида такрор содир этилса, мансабдор шахслар БҲМнинг 50 баравари (18,750 млн сўм) миқдорида жаримага тортилади.
Ушбу Қонун бинолар, иншоотлар ва уларнинг мажмуаларини қуриш, реконструкция қилиш ҳамда мукаммал таъмирлаш даврида атмосфера ҳавоси ифлосланишининг олдини олади. Шунингдек, атроф-муҳитнинг экологик мусаффолигини сақлаш, фуқароларнинг ўз ҳаёти ва соғлиғи учун қулай атмосфера ҳавосидан фойдаланиш ҳуқуқларини таъминлайди.
Муҳокама якунида Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.